АҚШ, Германия, Франция, Япония, Испания каби бошқа ривожланган мамлакатларда таълим олишни истаганлар учун очиқ стипендия танловлари эълон қилинади

АҚШ, Германия, Франция, Япония, Испания каби бошқа ривожланган мамлакатларда таълим олишни истаганлар учун очиқ стипендия танловлари эълон қилинади

Космик технологиялардан вирусологиягача — 350 ўринга мўлжалланган очиқ стипендия танловлари эълон қилинади. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Бош инспектори Абдураҳмон Умаров маълум қилди.

«Эл-юрт умиди» жамғармаси Ўзбекистон учун энг устивор соҳалар, жумладан:

  • космик технологиялар, нанотехнологиялар, IT ва рақамлаштириш, сунъий интелект соҳаларида;
  • атом ва қуёш энергетикаси ҳамда энергиянинг тикланадиган манбаларидан фойдаланишнинг бошқа йўналишларида;
  • соғлиқни сақлаш, фармацевтика, телемедицина, вирусология, микробиология, иммунология ва бошқа соҳаларда;
  • электроэнергетика, нефть-газ, нефть-кимё, кимё, металлургия соҳасининг устувор тармоқларида;
  • машинасозлик, автомобиль, электротехника, тўқимачилик ва маҳсулотларни стандартлаштириш йўналишларида;
  • табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик каби аграр соҳанинг муҳим тармоқларида

350 ўринга мўлжалланган очиқ стипендия танловларини эълон қилади.

“Аввал жамғарма томонидан танловлар йилига бир ёки икки марта ўтказилган, 2021 йилдан танловлар йил давомида ўтказилади. Номзодлар жамғармага ҳужжатларни онлайн топшириши ҳам мумкин. Ҳужжатлар қабул қилинганидан кейинги танловлар ҳам соддалаштирилди. Илгари танлов 4 босқичда малга оширилган бўлса, янги тартибга мувофиқ танловлар 2 босқичга камайтирилди”, дейди Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси директори ўринбосари Одилбек Сатторов.

  • Бакалавриатга ҳужжат топширмоқчи бўлган номзодлар учун ёш чегараси 25 ёш;
  • Магистратурага топширмоқчи бўлганлар учун 20-45 ёшгача;
  • докторантура таълим дастурига эса 22 ёшдан 45 ёшгача

бўлган фуқаролар номзодлик қилишлари мумкин.

ОТМ бакалавриат ва магистартурасини тамомлаган номзодлардан икки йиллик меҳнат стажи талаб этилмайди. Бироқ вазирлик ва идоралардан ҳужжат топширмоқчи бўлган номзодлар икки йиллик меҳнат стажига эга бўлишлари лозим.

«Эл-юрт умиди» жамғармаси 2021-2022 ўқув йили учун энг нуфузли хорижий давлатларда:

  • бакалавриат таълим дастури учун 100 нафар;
  • магистратура таълим дастури учун 150 нафар;
  • докторантура таълим дастури учун 100 нафар

стипендиялар ажратишини маълум қилади.

АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Япония, Испания, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг энг нуфузли таълим ва тадқиқот, инновация ва амалиёт масканларида таълим олишни истаган, юқори интеллектуал салоҳиятга эга, замонавий ва креатив фикрлайдиган, мамлакат илм-фанига инновацион ғоялар ва технологиялар олиб кириш ҳамда уни рақамли асосда қайта шакллантириш асносида ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлар учун бу катта имконият.

Номзодларнинг ҳужжатлари 2021 йил 1 апрелдан — 1 майга қадар, республиканинг барча ҳудудлари вакиллари учун ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ва электрон тарзда қабул қилинади.

Саралаш босқичлари 2021 йил 1 майдан — 20 майга қадар давом этади. Саралаш танловига оид барча маълумотлар «Эл-юрт умиди» жамғармасининг www.eyuf.uz сайти орқали батафсил эълон қилиб борилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар