Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жорий йилнинг апрель ойи учун автомобил бозори таҳлили натижаларини тақдим этди.
Фаолликнинг икки ойлик пасайишидан сўнг Ўзбекистон автомобил бозори ижобий динамикани кўрсатди. Апрель ойида савдо ҳажми ўтган ойга нисбатан 17%га ошиб, деярли 90 минг донани ташкил этди.
Енгил автомобил сегментидаги вазият
Апрель ойида енгил автомобиллар савдоси 20%га ўсиб, 77 мингтадан ошди.
Аксарият ҳудудларда фаолликнинг ўсиши кузатилди
Ҳудудлар кесимида Сирдарё вилоятида – 34%га, Тошкент шаҳрида – 32%га ва Қорақалпоғистон Республикасида – 29%га савдо ҳажми сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Бирламчи автомобил бозоридаги вазият
Енгил автомобилларнинг бирламчи бозорида сотувлар ўтган ойга нисбатан 15%га ошиб, 26 мингта автомобилни ташкил этди.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар сотуви 20,5 мингтани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 4%га ўсди.
Янги хорижий енгил автомобиллар сегменти ижобий динамикани намойиш этишда давом этмоқда, сотувлар икки баравар ўсди ва умумий савдо ҳажми ойига 5,3 минг донани ташкил этди.
Енгил автомобилларнинг иккиламчи бозори сезиларли фаоллик кўрсатди
2025 йилнинг март ойида сотувлар ҳажми 2%га қисқарган фойдаланилган енгил автомобиллар бозоридаги фаолликнинг бироз секинлашувидан сўнг, бозор апрель ойида кучли тикланишни кўрсатди. Савдолар 22%га ошиб, сотилган автомобиллар сони 52 минг донага етди.
Электромобиллар бозоридаги вазият
Апрель ойида электромобиллар сотуви бироз пасайганига қарамай - ўтган ойга нисбатан 10%га - йиллик ҳисобда автомобил бозорининг ушбу сегменти барқарор ўсишни кўрсатмоқда.
Шундай қилиб, 2024 йилнинг апрелига нисбатан электромобиллар савдоси 37%га ошган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш