Инвестиция ва генерация қувватларининг ўсиши энергетика тизимини янги босқичга олиб чиқди
Сўнгги ўн йилда ёқилғи-энергетика соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, аввало, тармоқнинг инвестиция ва ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришга қаратилди. Қонунчилик базасининг янгиланиши, хусусий сектор ва хорижий инвесторлар учун бозорга кириш имкониятларининг очилиши энергетикада давлатнинг бевосита операторлик ролидан инвестицияларни жалб қилувчи ва тартибга солувчи моделга ўтишини тезлаштирди.
Инвесторларга ҳуқуқий кафолатлар берилиши ва йирик лойиҳаларни алоҳида қўллаб-қувватлаш натижасида соҳага 23 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилди. Ҳудудларда умумий қуввати 9,5 гигаватт бўлган янги электр станциялари ишга туширилди. Натижада мамлакатда электр энергияси генерацияси бўйича ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконини берадиган ишлаб чиқариш қувватлари яратилди.
Инвестиция сиёсатининг иккинчи йўналиши мавжуд инфратузилмани янгилашдан иборат бўлди. Электр ва газ тармоқлари, подстанциялар, трансформаторлар ҳамда газ тақсимлаш қурилмаларини модернизация қилиш учун сўнгги йилларда 30 триллион сўм ажратилди. Мазкур маблағ аввалги 25 йилда энергетика инфратузилмасига йўналтирилган ресурслардан 6 карра кўп. Бу тармоқни молиялаштириш масаласи стратегик даражада ҳал этилганини кўрсатади.
Шу билан бирга, йиғилишда тақдим этилган таҳлил инвестициялар ва янги генерация қувватларининг ўзи аҳоли ва бизнесни барқарор энергия билан таъминлаш учун етарли эмаслигини кўрсатди. Янги қувватлар ишга туширилган бўлса-да, энергияни ишлаб чиқаришдан якуний истеъмолчига етказиб беришгача бўлган занжирда бошқарув, ҳисоб, техник хизмат кўрсатиш ва талабни прогноз қилиш тизими зарур даражада ўзгармаган.
Шу нуқтаи назардан, энергетикадаги ислоҳотларнинг биринчи босқичи генерация қувватларини кенгайтириш ва инвестиция танқислигини бартараф этишга хизмат қилди. Навбатдаги босқичнинг устувор масаласи эса мавжуд активлардан самарали фойдаланиш, тармоқларнинг ишончлилигини ошириш ва истеъмолчиларга етказиб бериш сифатини яхшилашдан иборат.
Тармоққа катта миқдорда сармоя киритилгани ва генерация бўйича етарли қувватлар яратилгани энергетикадаги асосий чеклов молиявий ресурслар эмаслигини кўрсатмоқда. Асосий муаммо бошқарув сифати, ижро интизоми, маҳаллий даражадаги режалаштириш ва масъулият тизимининг инвестиция суръатларига мос равишда ривожланмаганида намоён бўлмоқда.
Асосий камчиликлар бошқарув, ҳисоб ва инфратузилмани режалаштиришда жамланган
Тармоқларнинг ўсиб бораётган талабга мослашмагани
Ҳудудларда электр ва газ тармоқларининг техник ҳолати ўхшаш бўлса-да, авариялар сони ва таъминот сифати кескин фарқ қилмоқда. Бу фарқ инфратузилманинг ўзи билан эмас, маҳаллий раҳбарларнинг назорат, режалаштириш ва ижро интизоми билан боғлиқ.
Фақат июнь–июль ойларида электр тармоқларида 4 мингга яқин авария содир бўлган. Айрим ҳолатларда аҳоли ва тадбиркорлар 8–10 соатгача электр энергиясисиз қолган. Ҳар йили ёз ва қиш мавсумида ўнлаб подстанцияларда авариялар юз бериши ва юзлаб трансформаторларнинг ишдан чиқиши мавсумий юкламага тайёргарлик ҳали ҳам реактив тарзда ташкил этилаётганини кўрсатади.
Сўнгги 5 йилда Ширин шаҳри, Янгиҳаёт, Яккасарой ва Оҳангарон туманларида электр истеъмоли 2 каррадан зиёд ошган. Бироқ тармоқларнинг бундай юкламани кўтариш имконияти олдиндан баҳоланмаган. Янги уй-жойлар, ишлаб чиқариш объектлари ва хизмат кўрсатиш қувватлари ишга туширилаётганда уларнинг энергияга бўлган эҳтиёжи ҳудудий инфратузилма режалари билан мувофиқлаштирилмаган.
Натижада иқтисодий ўсиш ва урбанизация суръатлари билан электр ва газ тақсимлаш инфратузилмасини ривожлантириш ўртасида тафовут пайдо бўлган. Энергия истеъмоли баланси тузилмагани сабабли маблағлар талаб энг юқори бўлган нуқталарга эмас, жорий муаммоларни вақтинча бартараф этишга сарфланган.
Электр узилишларининг тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш ҳажми ва ҳудудий иқтисодиётга етказган зарари ҳам тизимли ҳисоблаб борилмаган. Шу сабабли аварияларнинг иқтисодий қиймати раҳбарлар фаолиятини баҳолаш мезонига айланмаган.
Электр энергияси йўқотишлари юқори даражада сақланиб қолмоқда
Республика бўйича электр тармоқларидаги йўқотишлар 17,2%ни ташкил этмоқда. Ўтган 6 ойда 4,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси йўқотилган. Бу ҳажм йирик ҳудудларни узоқ вақт электр билан таъминлаш имконини берадиган ресурсга тенг.
Андижон шаҳри, Асака, Янгиобод, Косон, Кўкдала, Бойсун, Олтинсой, Қўштепа, Тошлоқ, Қўшработ ва Самарқанд туманларида йўқотишлар 25%дан юқори. Ҳудудлар ўртасидаги катта фарқ техник йўқотишлардан ташқари, ноқонуний уланишлар, ҳисоблагичлар ишидаги узилишлар ва назоратнинг етарли эмаслигини ҳам кўрсатади.
ASKUE ва ASKUG тизимлари жорий этилганига 4 йилдан ошган бўлса-да, аҳоли хонадонларидаги 300 мингта газ ҳисоблагич ва 234 мингта электр ҳисоблагич тармоққа маълумот узатмаяпти. Рақамли ҳисоб тизими тўлиқ ишламагани туфайли истеъмол, тўлов ва қарздорлик тўғрисидаги маълумотлар ўртасида тафовут сақланиб қолмоқда.
Натижада айрим ҳудудларда дебитор қарздорлик камайиш ўрнига ўсмоқда. Демак, ҳисоблагичларни ўрнатишнинг ўзи рақамлаштириш ҳисобланмайди. Қурилманинг ягона ахборот тизимига уланиши, маълумотларнинг доимий қабул қилиниши ва шубҳали истеъмол ҳолатларининг автоматик таҳлили таъминланиши лозим.
Энергия самарадорлиги комплекс ёндашувга айланмаган
Кўплаб раҳбарлар энергия самарадорлигини асосан қуёш панелларини ўрнатиш билан боғламоқда. Бироқ биноларнинг иссиқлик йўқотиши, изоляцияси, иситиш ва совитиш тизимлари самарадорлиги таҳлил қилинмаса, муқобил энергия манбаларини ўрнатишга сарфланган маблағнинг таъсири чекланган бўлади.
Шу боис энергия самарадорлиги генерация манбасини алмаштириш эмас, балки бино, ускуна ва ишлаб чиқариш жараёнларининг умумий энергия сарфини камайтириш сифатида кўрилиши зарур. Акс ҳолда янги қувватлар ишга туширилса ҳам, самарасиз истеъмол ўсиши тармоққа қўшимча босимни сақлаб қолади.
Инвестиция лойиҳаларини танлашда техник ва иқтисодий экспертиза етарли эмас
Сурхондарёда буғ-газ электр станцияси қурилиши учун жой нотўғри танлангани сабабли газни станцияга етказиб бериш учун қўшимча 300 миллион доллар сарфлаш зарурати пайдо бўлган.
Ташаббускор билан тузилган шартнома шартларининг етарлича ўрганилмагани қўшимча молиявий мажбуриятлар хавфини оширган. Мазкур ҳолат йирик энергетика лойиҳаларини баҳолашда фақат инвестиция ҳажми ёки генерация қуввати эмас, балки ёқилғи логистикаси, тармоққа уланиш харажатлари, узоқ муддатли тариф мажбуриятлари ва давлатнинг шартли мажбуриятлари ҳам ҳисобга олиниши лозимлигини кўрсатади.
Янгиюл тумани мисолида тизимли муаммоларнинг маҳаллий кўриниши
Янгийўл туманида 1 минг 400 километр электр тармоғи ва 422 та трансформатор мавжуд. Сўнгги 5 йилда аҳолининг электр энергияси истеъмоли 68 миллион киловатт-соатдан 102 миллион киловатт-соатга, яъни 1,5 карра ошган.
Шу даврда фақат 60 та трансформатор ва 240 километр тармоқ янгиланган. Инфратузилма ўсиши истеъмол динамикасидан ортда қолгани натижасида йил бошидан электр энергияси йўқотишлари 30 миллион киловатт-соатга етган ва тармоқларда 37 та авария содир бўлган.
Тўлов интизоми етарли таъминланмагани сабабли дебитор қарздорлик 43 миллиард сўмга етган. Шундан 9,4 миллиард сўми реал истеъмол ёки амалдаги мажбурият билан тасдиқланмаган нореал қарздорлик ҳисобланади.
Тумандаги 829 та истеъмолчи ҳисоблагичи ASKUE тизимига мос келмайди, яна 2 мингта ҳисоблагич маълумот юбормайди. Солиқ органларига «нол» ҳисобот тақдим этган 48 та корхона эса 6 ойда 871 минг киловатт-соат электр энергияси ишлатган.
Газ таъминотида ҳам 5 мингдан ортиқ ҳисоблагич маълумот узатмаётгани сабабли қарздорлик 188 миллиард сўмга етган. Ушбу рақамлар энергия ҳисоби, солиқ ҳисоботи ва корхоналар фаолияти ҳақидаги маълумотлар ўртасида автоматик солиштириш механизми ишламаётганини кўрсатади.
Меҳнат ресурсларини бошқариш самарадорлиги паст
«Ҳудудий электр тармоқлари» тизимида 25 минг нафар, «Ҳудудгаз» тизимида 16 минг нафар ходим ишлайди. Бироқ ходимларнинг кунлик вазифалари, ҳаракат йўналишлари ва бажарган ишлари рақамли назорат қилинмайди.
Натижада меҳнат унумдорлиги бошқа давлатларга нисбатан 1,5–2 баробар паст, аварияларни бартараф этиш муддати эса 3–4 баробар узоқ. Демак, ходимлар сонининг кўплиги хизмат сифати юқори бўлишини кафолатламаяпти. Муаммо иш жараёнларининг стандартлашмагани, ресурсларни автоматик тақсимлаш ва натижага асосланган баҳолаш тизими мавжуд эмаслиги билан боғлиқ.
Суюлтирилган газ таъминотида ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ўртасида узилиш мавжуд
Ҳозир 3 миллион 700 минг хонадон суюлтирилган газдан фойдаланмоқда. Тизим рақамлаштирилган бўлса-да, газни ўз вақтида етказиб бериш масаласи тўлиқ ҳал этилмаган.
Андижон вилоятида 6 ойда режалаштирилган 48 минг тонна ўрнига 41 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилган. 318 та маҳаллада таъминот тасдиқланган графикдан ортда қолмоқда. Шу билан бир вақтда йил бошидан хусусий сектор томонидан 157 минг тонна суюлтирилган газ импорт қилинган.
Бу ҳолат мамлакатда қўшимча газ ресурси мавжуд бўлса-да, уни аҳолига етказиб бериш занжири етарли даражада очиқ ва рақобатли эмаслигини кўрсатади.
Газнинг барча хонадонларга бир хил 20 килограммли баллонларда етказилиши ҳам истеъмолчилар эҳтиёжини ҳисобга олмайди. Айрим хонадонларнинг бир ойлик эҳтиёжи 5–6 килограмм бўлса, бошқа истеъмолчиларга 30–40 килограммли баллонлар зарур. Ягона стандарт логистика харажатларини ошириши ва ресурсларнинг самарасиз тақсимланишига олиб келиши мумкин.
Кадрлар тайёрлаш тизими технологик ўзгаришлардан ортда қолмоқда
Ҳозир 25 та техника олийгоҳи ёқилғи-энергетика йўналишларида йилига 5,5 минг нафар мутахассис тайёрламоқда. Бироқ таълим амалиёт билан етарли боғланмагани сабабли битирувчиларнинг иш жараёнига тўлиқ мослашиши учун 2–3 йил талаб этилмоқда.
Бу олий таълим муассасаларидаги ўқув дастурлари, лаборатория базаси ва корхоналарда қўлланилаётган технологиялар ўртасида фарқ мавжудлигини кўрсатади. Яқин 2–3 йилда қуёш ва шамол генераторлари, электр қувватлаш ускуналари ва бошқа янги йўналишларда минглаб мутахассисларга эҳтиёж пайдо бўлиши кадрлар тайёрлаш тизимини тезкор қайта кўриб чиқишни талаб қилади.
Янги вазифалар бошқарувни ҳудудий баланс, рақамли назорат ва натижа учун шахсий жавобгарлик асосида қайта қуришга қаратилган
Раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш
Тизимдаги камчиликлар учун энергетика вазири ва «Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари лавозимидан озод этилди. «Миллий электр тармоқлари», «Иссиқлик электр станциялари», «Трансгаз» ва «Ҳудудгаз» раҳбарларига йил якунигача синов муддати белгиланди.
Янги энергетика вазири Шерзод Ходжаев, «Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари Сардор Исақулов ва Энергия инспекцияси бошлиғи Аҳад Исоқжонов олдига янги иш усулини жорий этиш вазифаси қўйилди.
Мазкур қарор энергетика корхоналарини баҳолашда сарфланган маблағлар ёки бажарилган қурилиш ишларидан кўра, авариялар сони, узилишлар давомийлиги, йўқотишлар, қарздорлик ва истеъмолчилар қониқиши асосий натижа сифатида қабул қилинишини англатади.
Ҳокимларнинг ҳам энергетика инфратузилмасидан четда турувчи кузатувчи эмас, ҳудуддаги энергия истеъмоли ва тармоқларни ривожлантириш учун жавобгар раҳбар сифатидаги роли кучайтирилади.
Янгийўлда ҳудудий энергия бошқарувининг намунавий модели жорий этилади
Янгийўл туманида аҳоли ва тадбиркорларни электр ҳамда газ билан барқарор таъминлаш бўйича махсус штаб ташкил этилади. Штабга энергетика вазири Шерзод Ходжаев раҳбарлик қилади, туман ҳокими Санъат Жуманиёзов унинг ўринбосари бўлади.
Масъуллар 2 ҳафтада тумандаги 51 та маҳалла кесимида аҳоли ва тадбиркорларнинг ойлик, чораклик ва йиллик энергия талаби бўйича таҳлил ўтказади. Ушбу маълумотлар асосида туманнинг ягона энергия истеъмоли баланси ишлаб чиқилади.
Баланс ҳар бир маҳалладаги реал талабни мавжуд трансформатор, электр тармоғи ва газ тақсимлаш қурилмалари қуввати билан таққослаш имконини беради. Шу орқали қайси маҳаллада трансформаторни алмаштириш, қаерда янги тармоқ қуриш ёки газ тақсимлаш қурилмасини янгилаш зарурлиги аниқ белгиланади.
ASKUE ва ASKUG тизимига мос келмайдиган ҳисоблагичлар алмаштирилади, маълумот юбормайдиган қурилмаларнинг узлуксиз алоқаси таъминланади. Бу истеъмол, ҳисоб-китоб ва тўлов маълумотларини ягона рақамли занжирга бирлаштиради.
Электр ва газ йўқотишларини 2 карра камайтириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади. Молиялаштиришда тизим корхоналарининг маблағлари ва маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромадлари улуши олдиндан белгиланади. Бу маблағ манбаларининг ноаниқлиги сабаб лойиҳалар кечикишининг олдини олади.
Йирик энергия истеъмол қилувчи корхоналар энергия аудитидан ўтказилади. Энергия тежамкор технологияларни жорий этиш учун банклар томонидан молиявий ресурслар ажратилади. Шу тариқа назорат чоралари корхоналарга технологик модернизация учун молиявий имконият бериш билан бирга амалга оширилади.
Барча боғча, мактаб, техникум, шифохона ва поликлиникаларнинг энергия сарфи таҳлил қилиниб, улар истеъмол даражаси бўйича тоифаларга ажратилади. Кўп қаватли уйларнинг иситиш тизимлари диагностикадан ўтказилади.
Қарздорликни қисқартириш бўйича кўчама-кўча ишлаш тизими жорий этилади. Барча чора-тадбирлар 1 октябрга қадар якунланиб, Янгийўл электр ва газ таъминоти бўйича намунавий туманга айлантирилиши белгиланди.
Янгийўл модели барча туман ва шаҳарларга татбиқ этилади
Янгийўлда синовдан ўтказиладиган бошқарув модели республикадаги барча туман ва шаҳарларга жорий этилади. Энергетика тизими раҳбарлари ҳар бир вилоятдаги энг оғир биттадан туманга шахсан бириктирилади.
Улар ҳокимлар билан биргаликда йил якунига қадар бириктирилган ҳудудда энергия истеъмоли баланси, инфратузилмани ривожлантириш дастури ва йўқотишларни камайтириш режасини ишлаб чиқади.
Ислоҳотлар штаби, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, тармоқ корхоналари ва банклар раҳбарлари ҳудудларга чиқиб, аҳоли ва тадбиркорларнинг электр ва газ билан боғлиқ муаммоларини жойида ўрганади.
Ҳар бир ҳудуд учун йил якунигача ва келгуси йилда бажариладиган ишлар, уларнинг муддатлари ва молиялаштириш манбалари белгиланади. Бундай ёндашув марказий қарорларни умумий топшириқ сифатида эмас, аниқ ҳудуд, объект, муддат ва масъул билан боғланган амалий дастурга айлантиради.
Рақамлаштириш ва сунъий интеллект асосида ягона бошқарув маркази яратилади
Энергетика вазирлиги таркибида Ёқилғи-энергетика тармоғини рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш маркази ташкил этилади.
Марказ электр энергиясини ишлаб чиқариш – узатиш – тақсимлаш – етказиб бериш занжирини, шунингдек, кўмир, суюлтирилган газ ва мазут таъминотини стресс-аудитдан ўтказади. Таҳлил асосида соҳани ривожлантиришнинг бир нечта сценарийси тайёрланади.
Сценарийли режалаштириш истеъмолнинг ўсиши, ҳароратнинг кескин ўзгариши, ёқилғи таъминотидаги узилишлар ва йирик қувватларнинг вақтинча ишдан чиқиши каби хавфларни олдиндан баҳолаш имконини беради.
Ҳар бир ходимнинг кунлик ишини рақамли алгоритм орқали бошқариш тизими яратилади. Бу авария бригадаларини автоматик тақсимлаш, бажарилган иш ҳажмини текшириш ва техник хизмат кўрсатиш жараёнларини кузатиш имконини беради.
ASKUE ва ASKUG маълумотлари сунъий интеллект орқали таҳлил қилиниб, истеъмолдаги шубҳали ўзгаришларни автоматик аниқлайдиган платформа ишга туширилади. Тизим ҳисоблагичларнинг ишдан чиқиши, ноқонуний уланишлар ва ҳисоботлардаги тафовутларни тезкор аниқлашга хизмат қилади.
Энергетика тизимидаги 106 минг нафар ходим учун 10 та асосий KPI белгиланади. Авариявий ва режали ўчиришлар, энергия йўқотишлари, дебитор қарздорлик, резерв қувватлар ва таъмирлаш дастурларининг бажарилиши асосий баҳолаш мезонлари бўлади.
Натижада ходимлар фаолияти бажарилган вазифалар сони билан эмас, таъминот барқарорлиги ва иқтисодий самарадорликка қўшган ҳиссаси билан баҳоланади.
Газ етиб бормаган маҳаллалар учун электрлаштириш дастури ишлаб чиқилади
Табиий газ етказиб бериш қийин бўлган 1 минг 916 та маҳалла мавжуд. Масъулларга 3 ойда ушбу маҳаллаларда иситиш тизимини электр энергиясига ўтказиш учун талаб этиладиган инфратузилма ва қўшимча электр ҳажмини ҳисоблаш топширилди.
Биринчи навбатда молиялаштириш талаб этиладиган маҳаллалар бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади.
Бу ёндашув табиий газ тармоғини барча ҳудудларга механик равишда кенгайтириш ўрнига, ҳар бир ҳудуд учун иқтисодий ва техник жиҳатдан мақбул энергия манбасини танлаш имконини беради. Бироқ электрлаштириш дастури янги трансформаторлар, тармоқлар ва генерация резервлари билан бир вақтда амалга оширилмаса, мавжуд электр тизимидаги юкламани янада ошириши мумкин. Шу боис инфратузилма эҳтиёжини олдиндан ҳисоблаш вазифанинг асосий механизми ҳисобланади.
Суюлтирилган газ таъминотида хусусий сектор иштирок этади
Суюлтирилган газ етказиб беришга хусусий секторни жалб қилиш бўйича тажриба Андижон вилоятида бошланади.
Тадбиркорларга ўзи импорт қилган ёки биржа орқали харид қилган суюлтирилган газни аҳоли ва бизнес субъектларига етказиб бериш ҳуқуқи берилади. Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга суюлтирилган газ хариди учун субсидия ажратилади.
Мазкур механизм рақобатни кенгайтириш билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун газ нархининг ошиши хавфини субсидия орқали юмшатишни назарда тутади.
Йил якунига қадар «Андижон тажрибаси» яратилади. Суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини режалаштирилган 520 минг тонна ўрнига 606 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилди.
Суюлтирилган газни ташиш, сақлаш ва тарқатиш тизими 1 ойда хорижий тажриба ҳамда халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқилади. Турли ҳажмдаги баллонлардан фойдаланиш истеъмолчилар эҳтиёжига мослаштирилиб, логистика харажатларини камайтириш имконини беради.
Кадрлар тайёрлаш ишлаб чиқариш билан интеграция қилинади
Олий таълим муассасаларидаги ёқилғи-энергетика йўналишлари бўйича таълим дастурларини 1 ойда тўлиқ янгилаш вазифаси қўйилди. 1 сентябрга қадар лаборатория ва ўқув полигонларини янги технологик талабларга мослаштириш ишлари бошланади.
Янги ўқув йилидан бошлаб 3-курс талабаларининг ярми, 4-курс талабаларининг барчаси дуал таълим билан қамраб олинади. Талабалар ўқиш даврида корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнларида иштирок этиши битирувчиларнинг меҳнат бозорига мослашиш муддатини 2–3 йилдан кескин қисқартиришга хизмат қилади.
Саудия Арабистонининг ACWA компанияси Ширин энергетика техникумини жиҳозлаб, йилига 220 нафар ёшни янги касбларга тайёрламоқда. Янги ўқув йилидан Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоийдаги биттадан техникумда мазкур тажриба жорий этилади.
Бу механизм инвесторларни фақат генерация объектларини қуришга эмас, маҳаллий кадрлар тайёрлаш ва технологик компетенцияларни ривожлантиришга ҳам жалб қилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш