ЕОИИга аъзо бўлишнинг фойда ва зарарлари: Қозоғистон, Беларусь ва Россия мисолида

ЕОИИга аъзо бўлишнинг фойда ва зарарлари: Қозоғистон, Беларусь ва Россия мисолида

Жаҳон банки томонидан 2011 йилда амалга оширилган тадқиқот Божхона иттифоқига (БИ) аъзо бўлиш, мамлакатлар иқтисодиётига қандай таъсир этишини баҳолайди. Хусусан, тадқиқот “ҳисобланадиган умумий мувозанат модели”дан фойдаланган ҳолда Қозоғистон, Беларусь ва Россия Федерациясининг БИга аъзо бўлиш уларнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳамда саноат ялпи ишлаб чиқаришига таъсирини ўрганади.

Маълумот учун, 2010 йилда Беларусь, Қозоғистон ва Россия Федерацияси ўртасида Евросиё Божхона Иттифоқи иш бошлади. БИ шартномасига кўра, Иттифоқ ҳудудида сотиладиган товарларга божхона тўловлари бекор қилинди ва учинчи давлатлар учун ягона ташқи тариф жорий этилди. 2012 йилдан бошлаб аъзо давлатлар ўртасидаги иқтисодий интеграция Евросиё Иқтисодий Макони (ЕОИМ) номи остида давом этиб, ЕОИМ инсонлар, товарлар, хизматлар ва капиталнинг эркин харакатини таъминлашни назарда тутган. 2015 йилнинг 1 январида Божхона Иттифоқи ва Евросиё Иқтисодий Макони тугатилиб Евросиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) сифатида қайта ташкил қилинди ва шу йилнинг январида Арманистон, августида эса Қирғизистон Иттифоққа аъзо сифатида қабул қилинди.

Натижаларнинг ишончли эканлигини таъминлаш мақсадида, тадқиқот Иттифоққа киришдан кутилаётган фойда ва зарарларни 3 сценарийда баҳолайди:

  • Дастлабки сценарий энергетика соҳасидан бошқа барча соҳаларда учинчи давлатлар учун ягона тариф сеткаси жорий этишни назарда тутади;
  • Иккинчи сценарийда дастлабки сценарийга қўшимча равишда аъзо давлатлар ўртасида энергетика соҳасидаги тарифлар қисман уйғунлаштирилади. Хусусан, БИга аъзо мамлакатлар томонидан ярим-тайёр нефть маҳсулотлари тенг миқдорда сотилади. Аммо, қайта ишланган нефть маҳсулотларининг реализацияси мамлакатларнинг ички божхона сиёсати асосида амалга оширилади;
  • Учинчи сценарийда дастлабки сценарийга қўшимча тарзда энергетика соҳасида ҳам ягона тариф сеткаси ва божхона сиёсати жорий этилади.

Дастлабки сценарий ҳисоб-китоб натижаларига кўра, Беларусь ва Россияда ЯИМ ҳажми камайган бўлиб, Қозоғистонда эса бу кўрсаткичда ўзгариш кузатилмаган.

Саноат тармоқларида катта ўзгаришлар рўй бермаган. Кутилганидек, Қозоғистон ва Беларусь республикаларининг текстиль тармоғида ўсиш кузатилган бўлиб, қўшимчасига Беларуснинг оғир саноати соҳасида ҳам ишлаб чиқариш ҳажми кўпайган. Натижада, Қозоғистон ва Россиянинг мос тармоғида ишлаб чиқариш ҳажми 11,4% га камайган. Қозоғистоннинг Божхона иттифоқига аъзо бўлиши унинг ҳақиқатдан ҳам Иттифоқдаги шериклари билан савдосининг кенгайишига олиб келган бўлсада, бу кенгайиш асосан импортнинг ўсиши ҳисобига юзага келган.

Энергетика соҳасида тариф сеткасининг қисман уйғунлашуви сценарийси натижаларига кўра, кўрсаткичлар сезиларли даражада ёмонлашган. Беларусь иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга ярим тайёр нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш 211%га ортган бўлсада, бошқа барча соҳаларда ишлаб чиқариш ҳажми пасайиши кузатилган, натижада ялпи ички маҳсулот 6%га камайган. Бунинг асосий сабаби сифатида бошқа саноат тармоқларидан ишлаб чиқариш омилларининг энергетика соҳасига кўчиши кўрсатилган.

Россия ва Қозоғистонда енгил саноатнинг (хусусан, текстиль тармоқлари) жадаллашиши ҳисобига Беларуснинг мос тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажми камайган.

Барча соҳаларда ягона тариф сеткасини жорий этиш сценарийсига мувофиқ кўрсаткичлар БИ аъзолари учун салбийлигича қолган. Беларусь бошқа мамлакатлар орасида ЯИМ қиймати бўйича энг катта йўқотишларга учраган бўлсада, ЯИМ ҳажмидаги йўқотишлар 2-сценарийга нисбатан 2 марта камайган. Бунга ресурслар тақсимланишининг оптималлашуви сабаб бўлган. Улар қиёсий ёки мутлоқ устунликка эга тармоқларга кўчиб, натижада БИга аъзо бўлишнинг салбий оқибатларини қисқартирган.

Бу сценарийда ҳам Қозоғистоннинг текстиль тармоғида жадаллашув юз берди ҳамда соҳада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 3,6%га ошди. Ҳисобларга кўра, қуйидаги тармоқлар БИга аъзо барча мамлакатлар мисолида бирдек ўсишга эришган (win-win case): 1 сценарийда молиявий ҳизматлар, 2 сценарийда ёқилғи ва транспорт ҳизматлари ҳамда 3 сценарийда гўшт маҳсулотлари, коммунал ва транспорт ҳизматлари соҳалари барча аъзо давлатлар мисолида жадаллашган.

Ўзбекистон иқтисодиёти учун хулосалар:

  1. Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотлари учун янги имкониятлар очилади. Тадқиқот натижалари барча сценарийларда аъзо давлатлар кесимида ишлаб чиқариш омиллари бошқа соҳаларга кўчиши натижасида озиқ-овқат ва полиз маҳсулотларини етиштириш ҳажми камайганини кўрсатади. Мос равишда, ушбу давлатларда мева-сабзавот, полиз экинлари ва бошқа маҳсулотлар импортига талаб ортиб бормоқда. Бунга ЕОИИ мамлакатлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг соф импортчиси бўлиб қолаётганлиги асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти потенциали $5 млрд баҳолансада, турли сабабларга кўра, 2018 йилда мавжуд потенциалнинг фақатгина 20%ига тенг (992,7 млн доллар) миқдордаги маҳсулотлар экспорт қилинган. Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортида Ўзбекистоннинг асосий савдо шериклари Россия (экспортда улуши 50%дан ошиқ) ва Қозоғистон (экспортда улуши 23% атрофида) ҳисобланади.

ЕОИИ мамлакатлари бозорларида Ўзбекистон мева сабзавотлари сифат ва нарх жиҳатидан рақобатбардош эканлигини сабабли ЕОИИга аъзо бўлиш мазкур тармоқнинг экспорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга имкон беради. Зеро, ЕОИИга аъзолик божхона расмийлаштирув жараёнларининг осонлашиши ва транспорт ҳаражатларининг тушишига олиб келади. Натижада, Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотларининг рақобатбардошлилиги янада ошиб, экспорт қилувчилар учун янги имкониятлар эшиги очилади.

  1. Енгил саноат махсулотлари, ҳусусан тўқимачилик, чарм-пояфзал ва тикувчилик маҳсулотлари экспортининг ошишига олиб келиш эҳтимоли мавжуд. Тадқиқот натижаларига кўра БИга аъзо бўлиш, барча сценарийларда, енгил саноат тармоғининг (жумладан, текстиль соҳасининг) жадаллашувига ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига олиб келади.

Ўзбекистон ЕОИИ давлатларига нисбатан арзон ишчи кучи ҳамда етарли хом-ашё базасига эга эканлиги унинг қиёсий устунлиги ҳисобланади. Бу эса енгил саноат маҳсулотлари таннархида ўз аксини топган. Мисол учун, бир жуфт чарм-пояфзал маҳсулотининг таннархи Ўзбекистонда ўртача $9-10, Қирғизистонда $15-17, Қозоғистонда $22-24, Россияда эса $37-40 ни ташкил этади.

Бундан ташқари, тармоқнинг экспорт салоҳияти қуйидагилар ҳисобига 2 мартага ошириш имконияти мавжуд:

  1. Транзит ҳаражатларини камайтириш ва товарларни Қозоғистон ҳудуди орқали транзит қилишни соддалаштириш;
  2. 2018 йилда ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш Ўзбекистон чарм-пояфзал саноатида ўртача 76.2%ни, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 73%, кийим-кечак тармоғида эса 66.7%ни ташкил этганлигини ҳисобга олиб Ўзбекистон чарм-пояфзал, тўқимачилик ва кийим-кечак маҳсулотларининг фойдаланилмаётган экспорт салоҳиятини мавжуд ишлаб чиқариш қувватларининг максимал юкланиши ҳисобига ЕОИИ бозорларига йўналтириш.

Жаҳон Банки материали асосида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази етакчи илмий ходими Хасан Мажидов тайёрлади.

An Initial Estimation of the Economic Effects of the Creation of the EurAsEC Customs Union on Its Members. Poverty Reduction And Economic Management Network (Prem) #47

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар