Ҳукумат қарори (656-сон, 25.10.2021 й.) билан Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Низомга кўра, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жойлар вилоят ҳокимликлари томонидан бозордаги кўп квартирали уйлардан ажратилади.
Бунда ўқув-тарбия муассасалари ва туман (шаҳар) ҳокимликлари болаларни муассасада бўлиш муддати тугашидан бир йил аввал уй-жойга муҳтож сифатида “онлайн-навбат”га киритиб боради.
Болаларга 18 ёшга тўлган йилда:
- кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали;
- вояга етган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади.
Уй-жойлар мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи асосида, бироқ 30 ёшга тўлгунгача уни сотиш ҳуқуқисиз берилади.
Низомга кўра, уй-жойлар туман ҳокимлиги томонидан ажратилиб, яшаш учун барча зарур шароитларга эга ҳолда топширилади.
Уй-жой билан таъминланиш ҳолати ҳақидаги маълумотлар ҳар ойда янгиланади ва Халқ таълими вазирлиги расмий веб-сайтида жойлаштириб борилади.
Уй-жой бериш тўғрисидаги қарор асосида туман (шаҳар) ҳокимлиги ордер беради ва ушбу ордер берилган уй-жойга кўчиб кириш учун асос ҳисобланади.
Ордерлар “онлайн-навбат” ахборот тизимидаги қатъий кетма-кетлик асосида берилади.
Уй-жой ордер берилган кундан 10 кундан кечикмай нотариал расмийлаштирилади.
Қарорга кўра шунингдек, 2022 йил 1 январдан:
- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жойга муҳтожлиги “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқланади;
- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) олиш “Васийлик ва ҳомилик” электрон платформаси орқали онлайн мурожаатга асосан амалга оширилади.
2022/2023 ўқув йилидан “Ижтимоий иш” бакалавриат таълим йўналишида “Васийлик” ва “Ҳомийлик” соҳаси бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Изоҳ қолдириш