Низомга кўра, давлат ОТМ, шу жумладан, Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Бош прокуратура академияси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Банк-молия академиясининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт-тўловлари қайтариш шартисиз қопланади.
Бунинг учун магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган талаба хотин-қизлар 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммасини қоплаб бериш юзасидан (табақалаштирилган тўлов-контракт тўловлари бундан мустасно) ўзлари таълим оладиган муассаса ректори (филиал директори) номига 15 сентябргача ариза билан мурожаат этади.
Ушбу муддатдан кейин тақдим этилган аризалар кўриб чиқилмайди. Аризалар 3 иш кунида кўриб чиқилиб, рўйхат шакллантирилади.
2022 йилда умумлаштирилган талабгорлар рўйхати 5 иш кунида тўлов-контрактларни қоплаб бериш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига (2023 йилдан ОТМнинг идоравий мансублигига кўра тегишли вазирликлар ва идораларга) юборилади.
Талабгорларга тўлов-контракт суммасини қоплаб бериш тўғрисида жорий ўқув йилининг 15 октябрига қадар тегишли ОТМ ректори буйруғи қабул қилинади.
Изоҳ қолдириш