Европа ва Осиё бизнес-омбудсманларининг Тошкент Декларацияси имзоланди

Европа ва Осиё бизнес-омбудсманларининг Тошкент Декларацияси имзоланди

Жорий йилнинг 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг раҳбарияти Европа ва Осиё мамлакатларининг тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакиллар (Бизнес-омбудсманлари)нинг Халқаро форумида иштирок этди, деб хабар бермоқда ИТСВ.

Бевосита ва онлайн шаклда ўтказилган тадбирда Ўзбекистон, Россия, Корея, Қозоғистон, Қирғизистон, Польша ва Украина бизнес-омбудсманлари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, ИҲРТ, ЕТТБ, GIZ (Германия), Европа Кенгаши, БМТ, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA), вазирлик ва идоралар раҳбарлари, халқаро экспертлар ва жамоат арбоблари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, хусусий сектор ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Форум Европа ва Осиё бизнес-омбудсманлари ўртасида минтақалараро ҳамкорликни кенгайтириш, ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни яхшилаш, тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, бизнесга босимни камайтириш, ҳуқуқий тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек, пандемия ва ковиддан кейинги даврларда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тажриба ва шаклланган амалиёт билан алмашишга қаратилган қўшма чора-тадбирларни муҳокама қилишга бағишланган.

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон минтақада энг тез ўсиб бораётган иқтисодиётга эга бўлиб, унинг ялпи ички маҳсулот ўсиши 2021 йил якунларига кўра 6,3 фоизни, 2022 йилда эса 6,1 фоизни ташкил этади. Moody's халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистонга биринчи марта ижобий рейтинг баҳосини берди.

Бундан ташқари, шу йилда Ўзбекистон Европа Иттифоқининг Преференциялар Бош тизими (GSP+)нинг ва Буюк Британиянинг Преференциялар Бош тизимининг Кенгайтирилган схемаси (GSP EF) бенефициар мамлакати мақомига эга бўлди. Шунингдек, мамлакатимиз тарихида биринчи марта Ўзбекистон БМТ инсон ҳуқуқлари Кенгаши аъзоси этиб сайланди ҳамда очиқ маълумотлар глобал индексида 44-ўринни эгаллаб, 125 поғонага кўтарилди.

Жамиятни янада демократлаштириш ва эркин бозор иқтисодиётини шакллантиришга қаратилган ортга қайтмас ислоҳотларнинг давом этишга қатъий содиқлик билдирилди. Шунингдек, бизнесни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш ва юзага келаётган муаммоларни ҳал қилишда бевосита қатнашиш орқали ҳукуматнинг инвесторлар, тадбиркорлар ва экспортёрларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлиги қайд этилди.

Форум доирасида бир қатор алоҳида мавзуларда сессиялар бўлиб ўтди, унда бизнесни ҳимоя қилишнинг хорижий амалиётлари ва ковиддан кейинги даврда тадбиркорларни амалий қўллаб-қувватлаш механизмлари муҳокама қилинди.

Тадбир якунида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорлик соҳаларида муносабатларнинг асосий тамойиллари белгилаб берилган Европа ва Осиё тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вакиллари Форумининг Тошкент Декларацияси имзоланди. Декларацияга кўра, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилларининг Маслаҳат қўмитаси ҳам ташкил этилади ва у Европа ва Осиёдаги бизнес-омбудсманлари ҳамкорлиги учун самарали доимий платформа бўлиши кутилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар