Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бошланди

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бошланди

Форумнинг ялпи сессиясида БМТ Бош котиби ўринбосари Татяна Молчан, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси Ақилбек Жапаров, Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз, Саудия Арабистони энергетика вазири Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд, Сингапур Парламенти Спикери Сиа Киан Пенг, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Абдулҳамид Ал-Халифа ҳам қатнашмоқда.

Сессияга CNN телеканали журналисти Ричард Квест модераторлик қилмоқда.

Айни дақиқаларда ялпи сессияда Президентимиз нутқ сўзламоқда.

Давлатимиз раҳбари форум иштирокчиларини самимий қутлаб, йилдан-йилга яхши анъанага айланиб бораётган ушбу формат доирасида юртимизда дунёнинг барча қитъаларидан янгидан-янги ишончли ҳамкорлар жам бўлаётганини таъкидлади.

Бугунги тадбирда 93 та давлатдан икки ярим мингдан ортиқ хорижий меҳмонлар келгани ҳам форумнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганини яққол тасдиқлайди.

Бу ўз навбатида, мамлакатимизда ортга қайтмас тус олган ислоҳотларга, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга бўлган улкан қизиқишдан далолат беради.

Президент бугунги анжуман глобал геосиёсий ва иқтисодий муаммолар авж олаётган, барқарор ривожланиш йўлида хавф ва таҳдидлар кучайиб бораётган даврга тўғри келаётганини қайд этди.

Дунё тартиботида чуқур трансформация жараёнлари кечмоқда. Товар ва хизматларни етказиб бериш занжирларидаги узилишлар, халқаро савдонинг пасайиши, инвестиция оқимларининг камайиши, иқлим офатларининг кучайиши – вазият нақадар беқарор ва заиф эканини яққол кўрсатмоқда.

Жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари сўнгги уч йил давомида пасаймоқда. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар билан боғлиқ тенденциялар ҳам кутилган умидларни оқламаяпти.

“Албатта, биз бугун жаҳонда инвесторлар учун мислсиз кураш кетаётганини яхши тушунамиз. Бироқ бир ўзгармас ҳақиқат тобора ойдинлашмоқда. Ҳеч бир мамлакат бу каби ўткир муаммоларни якка ҳолда ҳал эта олмайди. Ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳи, бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойили узоқ муддатли ҳамкорликнинг мустаҳкам устуни бўлиб қолаверади”, - деди Президент.

Мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳитини тубдан яхшилаш, бу йўлдаги тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш учун қатъий қадамлар ташлангани қайд этилди. Ҳар бир сармоядор ўзини эркин ва ишончли ҳис қилиши учун кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда иқтисодиётимиз қарийб икки баробар ўсди. Ўтган йил якуни бўйича бу ўсиш 6 фоизни ташкил қилди. Инфляция 9 фоизгача пасайди. Савдо айланмаси кўрсаткичлари муттасил ошмоқда. Валюта бозори ва олтин-валюта захиралари барқарорлиги сақлаб қолинмоқда.

Охирги йилларда мамлакатимизда 60 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Халқаро молия институтларининг 14 миллиард доллардан ортиқ маблағлари ижтимоий ва инфратузилма соҳаларига жалб қилинди.

Ўтган йилнинг ўзида хорижий инвестициялар ҳажми қарийб икки баробар кўпайди.

Энергетика соҳасида ACWA Power”, “Masdar”, “Total Eren”, “Voltalia”, “Ҫalɩk” ва “Aksa”; кимё саноатида “Air Products”, “Indoramaва “Камсе”, тоғ-кон ва металлургияда – Orano ва DANIELI”, автомобилсозлик ва электротехника йўналишларида BYD”, Kia ва Samsung”, қурилиш соҳасида “Коҫ” ва KNAUF каби дунёнинг етакчи компаниялари ҳамда йирик брендлари билан 300 дан ортиқ инвестиция ва саноат лойиҳалари ишга туширилгани ва юз минглаб янги иш ўринлари яратилгани катта мамнуният билан таъкидланди.

Бугунги форум доирасида дунёнинг илғор компаниялари ҳисобланган Linde”, “Orascom”, “DataVolt”, “Bonafarm”, “PASHA holding ва бошқа шериклар иштирокида янги йирик лойиҳаларга старт берилади.

Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбари бу ишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган хорижий инвесторларга, барча ҳамкорларга чуқур ва самимий миннатдорлик изҳор этди.

Мамлакатимизда тадбиркорлик ва бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор аниқ чоралар ишлаб чиқилган.

Эндиликда хорижий сармоядорлар акциялардан олинаётган дивидендлар бўйича солиқлардан уч йил муддатга озод этилади.

Яқинда хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. 250 та йирик корхонанинг давлат улушини ва салкам 1000 та кўчмас мулк объектларини сотиш, 12 та корхона акцияларини фонд бозорларида бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) учун янги дастур ҳам ишга туширилди.

Тадбиркорлар барқарорлиги рейтинги жорий этилди. Юқори рейтингга эга тадбиркорлик субъектлари учун солиқ текширувлари ўтказилмайди.

Шунингдек, энергетика йўналишидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тажрибасини ижтимоий ва бошқа инфратузилма соҳаларида ҳам кенг татбиқ этиш режалаштирилган.

Тадбиркорларга ер ажратишнинг замонавий шаффоф тамойиллари – яъни, аукцион савдо тизими йўлга қўйилди. Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш доирасида қонунчиликни уйғунлаштиришга қаратилган 60 дан ортиқ норматив ҳужжатлар қабул қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилиб, 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегия ишлаб чиқилмоқда.

Низоларни адолатли ҳал этиш мақсадида Тошкент халқаро арбитраж маркази муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Унинг таркибида Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Италия, Швеция, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатлардан 90 дан ортиқ нуфузли ҳакамлар ўрин олган.

Инвесторлар учун яна бир муҳим кўрсаткич. Охирги етти йилда олий таълим қамрови 9 фоиздан 42 фоизга ошди, олий ўқув юртлари сони 200 тадан ортди.

Ўзбекистонда 90 дан ортиқ давлатларга визасиз режим жорий этилди.

“Бизнинг асосий мақсадимиз – Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантиришдир”, - деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз бозор муносабатларини ривожлантиришни, инвесторлар ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришни, ҳалол рақобат учун янада кенг шарт-шароитлар яратишни, хусусий мулк дахлсизлиги ва суд тизимининг мустақиллиги таъминланишини ўз зиммасига олмоқда.

Бу тамойиллар ўтган йили умумхалқ референдумида қабул қилинган янги Конституциямизда қатъий муҳрлаб қўйилди.

Давлатимиз раҳбари сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида қатор аниқ таклифларни билдирди.

Биринчидан, янги таҳрирдаги “Инвестициялар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши таъкидланди. Ушбу ҳужжат Жаҳон савдо ташкилоти тартиб-қоидалари ва стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилди.

Иккинчидан, тез орада мамлакатимизда Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳузурида Халқаро тижорат суди иш бошлайди. Ушбу суд Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида алоҳида ўринга эга бўлади.

Учинчидан, яқин вақтда саноат зоналари тизимида мутлақо янгича ёндашувлар жорий этилади. Саноат зоналарини бошқаришда хусусий операторлар, жумладан, юқори малакали хорижий компанияларни фаол жалб қилиш амалиёти кенгайтирилади. Махсус иқтисодий зоналар фаолият муддатлари бўйича чекловлар ҳам бекор қилинади.

Хорижий сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддати 25 йилдан 49 йилгача, яъни, икки баробар узайтирилади. Бунда, қонунлар билан кафолатланган амалдаги имтиёз ва преференциялар тўлиқ сақлаб қолинади.

Давлатимиз раҳбари иқтисодиётда чуқур трансформация жараёнлари, қулай инвестиция ва бизнес муҳити ҳамда саноатда юқори қўшилган қийматни яратиш изчил давом эттирилишини таъкидлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Биринчи йўналиш: “яшил” энергетика. Энергетика тармоғи самарадорлигини ошириш бутун минтақамиз учун долзарбдир. Бу борада мамлакатимизда 28 та лойиҳа устида ишлар давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон 2030 йилгача 20 гигаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватларини яратиш ва энергетика балансида унинг улушини 40 фоизга етказишни мақсад қилган.

Бугун форум доирасида инвесторлар учун қўшни Қирғизистон ва Тожикистондаги гидроэлектр станцияларини биргаликда қуриш лойиҳалари тақдимоти ўтказилади. Президент ушбу йўналишда барча давлатлар етакчи компанияларини очиқ мулоқот ва амалий ҳамкорликка таклиф этди.

Иккинчи йўналиш: банк-молия соҳаси. Сўнгги йилларда мамлакатимизда кўплаб хусусий банклар очилди. Бозоримизга Европанинг етакчи банклари кириб келди. Қатор рақамли банклар ўз фаолиятини амалга оширмоқда.

Форум доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Ўзбекистоннинг йирик банкларидан бири бўлган “Асакабанк”ни хусусийлаштириш бўйича битим имзоланди.

Молиявий ресурсларга талабни қондириш учун капитал бозорини ривожлантириш бўйича ёндашувлар қайта кўриб чиқилмоқда. Ўзбекистонда халқаро молиялаштириш инструментларини ривожлантириш устида иш олиб борилмоқда.

“Хорижий сармоялар оқими бир неча баробар ортиши, корпоратив бошқарув сифати ошиши, янги етакчи банк-молия институтлари кириб келишини кутиб қоламиз”,
- деди Президент.

Учинчи йўналиш: фойдали қазилмалар. Ўзбекистон – минерал ресурслар ва муҳим металларнинг катта базасига эга мамлакатдир.

Ўтган ойда Европа Иттифоқи билан ўта муҳим хомашё соҳасида стратегик ҳамкорлик ўрнатилди. Америка Қўшма Штатлари ва Буюк Британия билан ҳам шундай битим устида иш олиб борилмоқда.

Бу борада замонавий халқаро тажриба асосида янги таҳрирдаги “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинади.

Давлатимиз раҳбари стратегик хомашёларни чуқур қайта ишлаш ва қўшилган қиймат занжирини яратиш учун етакчи компанияларни Ўзбекистонга таклиф этди.

Тўртинчи йўналиш: мамлакатнинг IT трансформацияси. Бир йил ичида IT хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти икки баробар ошди. Келажакда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш режа қилинган.

IT-парк резидентлари сони ўн баробар кўпаяди, келгусида 100 минг янги ишчи ўрни яратилади. Бундан ташқари, унинг базасида хорижий компаниялар учун Рақамли технологиялар халқаро маркази яратилмоқда.

Бу борада Саудия Арабистонининг “Data Volt” компанияси билан “яшил” энергия асосида ишлайдиган “Маълумотлар маркази” барпо этилаётгани таъкидланди. Бу мамлакатимизни рақамли иқтисодиётга ўтказиш ва сунъий интеллект асосида технологияларни жорий этишга улкан туртки бағишлайди.

Бешинчи йўналиш: транспорт инфратузилмасини ривожлантириш. Ўзбекистон қулай ва замонавий транспорт тизимларини яратиш вазифасига устувор эътибор қаратмоқда.

Темир йўл соҳасида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда, тармоққа хусусий инвесторларни жалб этиш учун кенг имкониятлар очилмоқда. Пуллик автомобиль ва тезюрар темир йўлларни қуриш бўйича қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Тошкент, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортларини ривожлантириш ва янгиларини қуриш бўйича салоҳиятли хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик лойиҳалари тайёрланмоқда.

Маълумки, хорижий шериклар билан биргаликда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон ва Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон темир йўлларини қуриш бўйича дастлабки ишлар бошланди. Ушбу стратегик лойиҳалар минтақадаги геоиқтисодий вазиятни бутунлай ўзгартириб, Марказий Осиёни Шимол ва Жануб, Шарқ ва Ғарб билан боғлайдиган глобал транзит марказига айлантиради.

Ўзбекистон инвесторларни ва халқаро ташкилотларни бу йирик минтақавий лойиҳаларда қатнашишга, Буюк Ипак йўлини замонавий асосда қайта тиклашга таклиф қилади.

“Сизларга муҳим бир фикрни етказмоқчиман: ҳар бир ташаббус, ҳар бир лойиҳангиз бўйича давлатимиз, ҳукуматимиз аъзолари сизларга елкадош бўлиб, ёнингизда туриб, уларни тўлиқ амалга оширишда яқиндан ёрдам беради.

Инвестициялар – бу мамлакатимиз трансформациясининг локомотиви ва иқтисодий тараққиётимизнинг мустаҳкам драйверидир”, - деди Президентимиз нутқининг якунида.

Халқаро инвестиция форуми ва сермаҳсул музокаралар амалий ҳамкорликни сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги, янада юксак босқичга олиб чиқишига ишонч билдирилди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар