2021 йилнинг 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ хабар қилди.
Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Дунёнинг турли минтақаларидаги 60 га яқин давлатлар мазкур резолюцияга ҳаммуаллиф сифатида иштирок этгани бу фикрни яққол тақдиқлайди.
Бош Aссамблея қабул қилган резолюция:
— Оролбўйи минтақасидаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий тадбирлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашини эълон қилади;
— бундан буён ҳам Оролбўйи минтақаси табиатини тиклаш ва яхшилаш, табиий ресурсларни сақлаш ва аҳоли ҳаёт сифатини ошириш манфаатлари йўлидаги илмий-тадқиқот маслаҳатлашув фаолиятини рағбатлантиради;
— Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлайди;
— барча манфаатдор томонларни қўшма фанлараро тадқиқотлар ўтказишга, экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга, инклюзив ва экологик барқарор иқтисодий ўсишга ҳамда энергия ва сувни тежовчи технологияларни қўллашга туртки беришга чақиради.
Ҳужжатда Ўзбекистон раҳбариятининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация марказининг ташкил этилгани ҳамда БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўпшериклик Траст фондини таъсис этилганига юксак баҳо берилди ва бу ташаббусларнинг БМТ томонидан қўллаб-қувватланиши қайд этилди.
Оролбўйи Бош Aссамблея томонидан “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” сингари юқори мақом тақдим этилган илк минтақа бўлди. БМТ Бош Aссамблеяси махсус резолюциясининг қабул қилиниши юқори технологик инновациялар, экологик тоза, энергия ва сувни тежовчи технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий қилишга инвестицияларни жалб қилиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини мажмуавий қўллаш, чўллашув ва экологик миграция жараёнларининг олдини олиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни ва рағбатлантирувчи омилларни шакллантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган.
Шу билан бирга, ҳужжат минтақавий устуворлик, интеграция ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ тизимидаги ихтисослашган агентликлар, жамғармалар ва дастурларнинг амалий ҳаракатларини ҳамда лойиҳаларини умумлаштириш ва улар ўртасидаги мувофиқлашувни таъминлашга хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш