Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 28 ноябрдаги 4037-сон қарори доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида Андижон вилоятида Пайтоқ кичик ГЭСи, Жанубий Фарғона канали 1А – кичик ГЭСи ва 2А – кичик ГЭСи қурилиши ҳамда Чорвоқ ГЭСининг фаолияти хавфсизлигини ошириш лойиҳаларини молиялаштириш учун 20 йил муддатга 55,8 млн евролик кредит ажратилиши бўйича заём келишуви имзоланди. Бу ҳақда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ахборот хизмати хабар қилди.
Кейинги босқичда ушбу кредит маблағлари лойиҳалар доирасида Франция тараққиёт агентлиги процедураларига мувофиқ, тендер савдолари асосида замонавий технологик ускуналар харидига ва қурилиш ишларига йўналтирилади.
Умумий қиймати 52,5 млн еврога тенг Пайтоқ кичик ГЭСи, Жанубий Фарғона канали 1А – кичик ГЭСи ва 2А – кичик ГЭСи қурилиши учун кредитнинг 46,5 млн еврога тенг қисмидан фойдаланилади.
Ушбу лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосномаси Франция тараққиёт агентлиги буюртмасига мувофиқ “ISL”, “IED”, “R-plus” консультантлар консорциуми томонидан ишлаб чиқилган. Инвестиция лойиҳалари доирасида 11,1 млн евролик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиши ҳамда 26,9 млн евролик технологик ускуналар келтирилиши режалаштирилган.
Ушбу янги кичик ГЭСларни 2023 йилда фойдаланишга топшириш кўзда тутилмоқда.
Мазкур лойиҳаларни амалга оширилиши 51,2 млн. кВт.соат арзон ва экологик соф электр энергия ишлаб чиқариш, 15 та қўшимча иш ўринларини яратиш, мамлакат энергетика балансида гидроэнергетика улушининг ўсиши ва ёқилғи ресурсларини тежаш, электр энергияга тобора ўсиб бораётган талабни қондириш имконини беради.
Бундан ташқари, Чорвоқ ГЭСда амалга оширилиши режалаштирилаётган қиймати 33,95 млн еврога тенг “ГЭС фаолияти хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳа”ни молиялаштириш учун жалб қилинаётган кредитнинг 9,3 млн евролик қисми йўналтирилади.
Республикамизда экологик тоза, қайта тикланувчи электр энергияси ишлаб чиқариш манбаси ҳисобланган гидроэнергетика соҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги ПҚ–2947-сон Қарори билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури” асосида янада ривожланмоқда.
Ушбу дастурга мувофиқ, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан “Лойиҳалар фабрикаси” механизмини жорий қилган ҳолда замонавий технологияларга асосланган янгидан-янги лойиҳаларнинг узлуксиз ишлаб чиқарилиши ҳамда Инвестиция дастурига киритилиб, самарали амалга оширилиши таъминланмоқда.
Жорий йилда “лойиҳалар фабрикаси” бўйича дастлабки умумий қиймати 1,57 млрд. долларга тенг, қуввати 907,5 МВт бўлган 23 та инвестиция лойиҳаси тайёрланмоқда, шундан қиймати 1,37 млрд. долларлик 14 та лойиҳа доирасида 637,25 МВт янги қувватлар яратилади ва қиймати 190 млн. долларлик 9 та лойиҳа доирасида 270,3 МВт қувватлар модернизация қилинади.
Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун Франция тараққиёт агентлиги маблағларидан ташқари, Осиё тараққиёт банкидан 60 млн АҚШ доллари ва Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 80 млн евро, ҳамда давлат-хусусий ҳамкорлиги тамойиллари асосида тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиниши кўзда тутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, инвестиция лойиҳаларига жалб қилинаётган маблағлар ва технологиялар манбаларини диверсификация қилиш имконини беради.
Жорий йилда Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 1556,2 млн. долларига тенг 19 та инвестиция лойиҳасининг қарийб 500 млн долларлик қисми Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси молия институтлари инвестицияларини жалб қилган ҳолда амалга оширилмоқда.
Шу йилнинг ўтган 7 ойи давомида, умумий қуввати 22,4 МВт бўлган “Шаҳрихон ГЭСлар каскади” УК таркибидаги Жанубий Фарғона канали 2-ГЭСи ва “Қодирия ГЭСлар каскади” УК таркибидаги 3-ГЭСининг модернизацияси лойиҳалари якунланиб, фойдаланишга топширилди.
Йил якунига қадар яна қуввати 95,9 МВт га тенг қўшимча 4 та лойиҳани, яъни Қамчиқ ГЭС ва Зарчоб-1 кичик ГЭС қурилиши, шунингдек, “Тошкент ГЭСлар каскади” УК таркибидаги ГЭС-9 ни ва “Қуйи Бўзсув ГЭСлар каскади” ГЭС-14 ни модернизациясини якунлашга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Шундай қилиб, 2020 йил давомида фойдаланишга топширилган лойиҳалар сони 6 тага, қўшимча қурилган қувватлар ҳажми 118,3 МВт га ҳамда яратилган янги иш ўринлари сони 100 тага етказилади.
Изоҳ қолдириш