“Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–57-сон, 21.12.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2022 йил 1 январдан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ходим учун 6 ойда БҲМнинг 1,5 бараварида субсидия берилади.
2022 йил 1 мартдан:
- болаликдан ногирон бўлган шахслар ва I ва II гуруҳ ногиронлари даромад солиғи бўйича имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилади;
- 2024 йил 1 мартгача иш берувчиларга ногиронлар учун тўланган ижтимоий солиқ Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади.
Эндиликда давлат буюртмачилари ногиронлар жамоат бирлашмалари билан уларнинг маҳсулотларини харид қилиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиши мумкин.
Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили 500 нафаргача ногирон ёшларга қуйидагилар учун субсидия ажратилади:
- ахборот технологиялари, компьютерда дастурлаш амалиёти, умумтаълим фанлари ва хорижий тилларни ўргатиш;
- тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтганларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан 2022 йилдан ҳар йили танлов асосида 20 нафаргача ногирон ёшлар хорижий ОТМда, онлайн курсларда таълим олиши ташкил этилади.
Изоҳ қолдириш