Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни «Ипотека кредитидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Қарорда ипотека кредитлари бўйича солиқ имтиёзларини қўллаш шартлари такомиллаштирилди.
Қарорга мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилган фуқароларнинг уй-жойларни сотиб олиш, қуриш ёки реконструкция қилиш учун олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди.
Солиққа тортилмайдиган даромадлар ҳажми ошди
Шунингдек, имтиёз қарз олувчи ва бирга қарз олувчилар даромадининг бир солиқ даврида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 80 бараваридан (73,6 млн сўм) ошмаган қисмига татбиқ этилади. Ҳозир бу миқдор қарийб 5 баробар кам — 15 млн сўм.
Бундан ташқари, 2023 йилдан бошлаб ипотека кредити ҳисобига сотиб олинган, қурилган ва реконструкция қилинган мол-мулк унга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан 36 ой ичида бегоналаштирилганда, мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган даромадлар белгиланган тартибда солиққа тортилади.
Таъмирланмаган уйлар учун ҳам субсиядия ажратилади
1 ноябрдан бошлаб “коробка” ҳолатдаги уй-жойлар учун ипотека кредитлари ҳамда субсидия ажратишга рухсат берилади.
Шу билан бирга 2021 йилда янги тартиб асосида ипотека кредитлари ажратишнинг мақсадли параметрлари доирасида берилган субсидия ажратиш тўғрисидаги хабарномаларнинг амал қилиш муддати 2022 йил 31 декабрга қадар узайтирилади.
Банклар бюджет ссудаси ажратади
Бундан ташқари, давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун жалб этилган маблағлар ҳисобидан “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖга банклар томонидан аҳолига берилган ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун 3 йил муддатга 12 фоиз ставкада ва фоиз тўловларини ҳар 6 ойда тўлаш шарти билан 300 млрд сўмгача бюджет ссудаси ажратилади.
Бунда компания ресурсларни тижорат банкларига 1 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда маржа қўллаган ҳолда жойлаштиради.
Уй-жойлар ва ипотека кредит олишда фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш учун вилоятлар марказларида ипотека марказлари ташкил этилади.
Таъкидлаб ўтиш керакки, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Ўзбекистонда кўчмас мулк бозоридаги талаб ўзгаришлари доимий равишда таҳлил қилиб келинмоқда. Кўчмас мулк бозори таҳлили шуни кўрсатдики, бир ой ичида Ўзбекистонда уй-жой савдоси 30%га ошган. Марказ мутахассислари буни жорий йилнинг август ойида ипотека кредитлаш ҳажмининг кескин ўсиши билан изоҳлашмоқда, бу эса ўз навбатида барча ҳудудларда сотувларнинг ижобий динамикасига таъсир кўрсатди.
Изоҳ қолдириш