Ижтимоий ҳимоя ягона реестри: хориж тажрибаси

Ижтимоий ҳимоя ягона реестри: хориж тажрибаси

Хизмат кўрсатиш тизими барча мамлакатлардаги фуқароларнинг оғирини енгил қиладиган муҳим соҳалардан бири ҳисобланади. Бу соҳага кейинги йилларда рақамлаштириш дастурларининг қўлланилаётгани ишлар савиясини бутунлай юқори сифат босқичига кўтаришга ёрдам бермоқда.

Ижтимоий ҳимоя реестрлари ахборот тизими Бразилия, Чили, Хитой, Грузия, Индонезия, Мексика, Черногория, Покистон, Филиппин, Сенегал, Бельгия, Туркия каби 20дан ортиқ мамлакатларда ҳар хил кўринишда мавжуд бўлиб, уларнинг ижтимоий реестр ахборот тизимлари базасини бошқариш ишлари бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилади, деб ёзади Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти мутахассиси Жалил Бойкалонов.

Мамлакатимизда кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ва одамлар турмуш тарзини юқори савияга кўтариш, улар учун қулайликлар ва имкониятлар яратиш, муҳими инсонларнинг вақти ва маблағларини тежаш, уларни сарсон-саргардонликдан халос этиш учун рақамли технологиялар ва инновацион ечимлар иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва жамият ҳаётига фаол жорий этилиб, қўлланилмоқда.

Ана шундай давлат хизматларидан бири “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими ҳисобланади. Ягона реестр – бошланғич босқичда ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун инсон омилисиз оиланинг (фуқаро) муҳтожлигини ўзи аниқлайдиган, нафақаларни тайинлаб, тўловларни амалга оширадиган ва назорат қиладиган, харажатлар ҳисобини юритадиган автоматлашган ахборот тизимидир.

2020 йил 4 августда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4797-сонли қарори ҳамда 2021 йил 5 мартда Вазирлар Маҳкамасининг 122-сонли “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилиниши хизмат кўрсатиш ишларини янада ривожлантириш учун кенг йўл очди.

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимини ижтимоий ҳимоя соҳасига самарали қўллаётган мамлакатлар бой тажриба тўплаб улгурдилар. Бу тизимни такомиллаштириш учун хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш биз учун яхшигина дастуруламал бўлиши мумкин.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун ахборот тизимини ривожлантириш бўйича халқаро амалиётни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, кўплаб мамлакатлар узоқ вақтлардан бери ижтимоий имтиёзлар ва хизматларни олувчилар тўғрисидаги маълумотларни бирлаштириш ва маҳаллий маълумотлар базалари билан масофадан туриб ишлашга имкон берадиган яхлит ахборот тизимларини яратиш йўлини босиб ўтди. Бир қанча мамлакатларда ижтимоий ҳимоя ягона реестри таъминот занжири вазифасини ўтамоқда. Бу тизим мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва фуқароларнинг бир ёки бир нечта ижтимоий нафақага мувофиқлигини аниқлаш ишларини бажара олади. Улар инклюзив тизим сифатида ҳам ижтимоий сиёсат, ҳам ахборот манбаи кўринишидаги амалиёт ролига эга.

Ҳозирги кунда 20 дан зиёд мамлакатларда (Озарбайжон, Бразилия, Чили, Хитой, Колумбия, Доминикан Республикаси, Жибути, Грузия, Индонезия, Македония, Мали, Маврикий, Мексика, Черногория, Покистон, Филиппин, Сенегал, Серра-Леоне, Туркия Яман ва бошқа давлатларда) ҳар хил кўринишда ижтимоий ҳимоя реестрлари ахборот тизими мавжуд. Бироқ улар фаолиятида ижтимоий ҳимоя реестрларини бошқариш ва юритиш шунингдек, қамров даражаси ҳамда ижтимоий реестр ахборот тизимларини базасини бошқариш ишлари бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилади.

Бугунги кунда рақамлаштириш ишларига жиддий эътибор қаратилаётган бир пайтда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими борасидаги баъзи мамлакатларнинг тажрибасини яқиндан ўрганиш биз учун яхшигина дастуруламал бўлиши мумкин.

Бельгия

Ижтимоий реестрлар бу давлатда ўттиз йил олдин тузила бошланган эди. Бельгия биринчилардан бўлиб 1990 йилда ижтимоий соҳани бошқариш учун электрон платформани ишлаб чиқди. Ушбу платформани бошқариш ва юритиш Белгиянинг ижтимоий тўловлар банки (Crossroads Bank for Social Security (CBSS)) зиммасига юкланди. Мазкур банк ижтимоий маълумотларнинг ягона реестри бўлиб, ахборот тизимининг оператори функцияларини бажаради.

CBSS банкининг вазифаларига ижтимоий нафақаларни ҳисоблаш, ижтимоий соҳадаги электрон ҳукумат функцияларини бажариш, ижтимоий маълумотларни тўплаш, моделлаштириш, назорат қилиш ва сақлаш, ижтимоий сектор иштирокчилари ўртасида ахборот алмашинувни таъминлаш, ахборотни муҳофаза қилиш ва бошқалар киради.

Бельгия аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими бошқарув модели дастлаб марказлашмаган бўлиб, бироқ юқори даражада бирлаштирилган маълумотлар базасига (data warehouse) эга ва у ижтимоий ҳимоя дастурларидан олинган маълумотларни эмас, балки ижтимоий сектор субъектлари томонидан тўпланган маълумотларни бирлаштирган.

CBSS банкининг ахборотлар мажмуи (data warehouse) муҳим афзалликларга эга бўлиб, ижтимоий секторнинг турли иштирокчилари томонидан тўпланган маълумотлар автоматик равишда (data warehouse) ахборотлар базасига кўчирилади. Ахборотлар мажмуининг бошқариш ва сақлаш харажатлари, катта ҳажмдаги маълумотларни бирлаштирган бошқа маълумотлар базаларига (Datenbank) нисбатан паст ва хавфсизроқ.

Бельгия режалаштириш идорасининг (Federal Planning Bureau) тадқиқотларига кўра, ушбу тизимнинг жорий этилиши ижтимоий идоралар учун маъмурий харажатларни йилига 1,7 миллиард еврогача тежаш имконини яратди ва 220 турдаги қоғоз ҳужжатлар бекор қилинди. 2019 йил 1,29 миллион зиёд электрон маълумотлар алмашинуви ушбу тизим орқали амалга оширилди. Мазкур тизим қарийб 30 йилдан бери самарали ишлаб келмоқда.

Туркия

Сўнгги ўн йил ичида жадал ривожланаётган Туркия иқтисодиётида ижтимоий ёрдам кўрсатиш қобилияти ҳам ўсиб борди. Ижтимоий ёрдам тизими мамлакатнинг жуда кичик таркибий қисми бўлиб келган, аммо сўнгги ўн йил ичида жуда кўп сонли янги давлат дастурлари амалга оширилди.

Ҳукумат манзилли ижтимоий хизматлар сифатини ошириш учун 2009 йилда Оила ва ижтимоий хизматлар вазирлиги ҳамда Туркия илмий ва технология тадқиқотлар институти (TÜBİTAK) билан биргаликда Ижтимоий ёрдам хизматлари ахборот тизимини (Social Assistance Information System, ISAS) ишлаб чиқди. Мазкур тизим ижтимоий ёрдамни бошқариш билан боғлиқ барча хизматларни амалга оширадиган ижтимоий ҳимоя ахборот тизими ҳисобланади.

Туркиянинг ижтимоий ҳимоя реестри ахборот тизимларини бошқариш ва юритиш Бельгиядан фарқли ўлароқ бирмунча марказлашган. (ISAS) ахборот тизими 22 хил давлат муассасалари маълумотларини бирлаштирган ва осонгина кириш мумкин бўлган битта онлайн порталда 112 та веб-хизматлар ва 10 дан зиёд ижтимоий дастурларни тақдим этади. Шунингдек, мазкур ахборот тизими (аҳоли рўйхати, ижтимоий таъминот, таълим ва соғлиқни сақлаш, eр кадастрига доир ахборотлар, даромадларни бошқариш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа) муассасалар маълумотлар базаси билан реал вақт режимида ўзаро ишлашни таъминлайди. Ушбу имконият орқали Туркия қоғозга асосланган ҳужжатларни йиғиш тартибини тўлиқ автоматлаштирди.

Ижтимоий ҳимоя ахборот тизими (ISAS) ишга туширилмасдан олдин ижтимоий ёрдам олиш учун аризаларнинг текширилиши учун 15-20 кун кетган бўлса, ушбу жараён татбиқ этилгач, ишлар тахминан 1 дақиқада ҳал этиладиган бўлди. 2010 йилдан бери (ISAS) 30 миллион фуқаронинг ижтимоий ёрдам учун мурожаатларини кўриб чиқди ва умумий қиймати 13 миллиард АҚШ доллари (тахминан 34,31 миллиард лирага тенг) бўлган 311 миллион ижтимоий ёрдам битимларини амалга оширди.

2010 йили ижтимоий ёрдам хизматлари ахборот тизими янада самарали ишлаши учун (Ижтимоий ёрдам ва бирдамлик жамғармаси) офислари ва (Ижтимоий ёрдамлар бош бошқармаси) ўртасида хавфсиз маълумотлар узатилишини таъминлаш зарур эди. Ушбу жараённи осонлаштириш учун барча Ижтимоий ёрдам ва бирдамлик жамғармаси бинолари Virtual Private Network (VPN) - виртуал хусусий тармоқ технологияси ёрдамида бир-бирига боғланди. Натижада мазкур технология жорий этилгандан сўнг хизмат кўрсатувчи жамғармалар ўртасида Voiceover Internet Protocol (VOIP) технологияларидан фойдаланиш имконияти пайдо бўлди. Бундан ташқари қўшимча тарзда 1,200 та Интернет протокол (IP) тўпламлари билан жиҳозланди. Мазкур технологиялар орқали жойлар ўртасида бепул телефон қўнғироқларини амалга ошириш имкони пайдо бўлди, бу харажатларни тежаш маъносида ҳам, нарх жиҳатидан ҳам катта афзалликларга эга.

Шунингдек, юқоридаги технологиялар ISAS ахборот тизими инфратузилмасини муҳим элементини ташкил этди. Ушбу тармоқда аниқланмаган компьютер орқали тизимга киришнинг иложи йўқ ва тармоққа уланган компьютерлар марказлаштирилган бўлиб, белгиланган тармоқ хавфсизлик қоидаларига асосланиб бошқарилади. Бу 30 миллиондан ортиқ фуқаронинг шахсий маълумотларини ўз ичига олган тармоқ хавфсизлигини марказлаштирилган ҳолда бошқариш имконини беради.

Бразилия

Ижтимоий реестр ахборот тизимини ташкил этиш ва юритиш бўйича Бразилия ҳукумати 2001 йилда энг катта лойиҳалардан бири аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқлаш ҳамда уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш манзиллигини таъминлаш мақсадида (Kadastro Único) деб номланган ижтимоий ягона реестр ахборот тизимини ишлаб чиқди.

Ягона реестр ахборот тизимини иккита асосий мақсадни ўз ичига олади: Бразилияда камбағал ва ўта қашшоқларни аниқлаш ва аҳолининг ушбу қисмининг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан таҳлил қилиш. Ушбу реестр ҳукуматга ҳар бир шахсни идентификация қилиш, маълумоти, иши ва даромади, яшаш манзили, маълумотлардан фойдаланиш ва оилаларни танлаш ҳамда федерал ҳукуматнинг ижтимоий дастурларидан фойдаланиш учун тавсия қилиш имкониятини беради. Мазкур ягона реестрдан рўйхатдан ўтиш учун аҳолини кам таъминланган қатлами, даромади энг кам иш ҳақининг яримга, бир киши учун (бразилия реали 250 тахминан 54 АҚШ доллари) ҳамда умумий ойлик даромади энг кам иш ҳақининг уч бараваригача (бразилия реали 3300 тахминан 654 АҚШ долларига) бўлган оилаларига имкониятлар яратади.

Ҳозирги вақтга келиб ушбу реестрдан рўйхатдан ўтганлар сони 127 миллион кишини ташкил қилади. Ягона реестр ахборот тизими тақдим этадиган маълумотлар орқали ҳукумат 10 дан зиёд ижтимоий дастурларни аҳолига тақдим этишда фойдаланади.

Шуни таъкидлаш керакки, Kadastro Único реестри орқали рўйхатдан ўтиш фуқарони ушбу дастурлардан автоматик тарзда ижтимоий ёрдам олаверишини англатмайди, чунки ҳар бир дастурнинг ўз қоидалари мавжуд. Оилавий нафақа (Bolsa Família) дастури ягона реестр орқали аҳолига тақдим этиладиган ижтимоий ёрдам дастурлар ичида энг каттаси ҳисобланади. Бугунги кунга келиб ушбу дастур мамлакат бўйлаб 13,9 миллиондан ортиқ оилага хизмат қилмоқда.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, ушбу тизимни жорий этиш орқали Бразилияда ўта қашшоқликнинг 58 фоизга, қашшоқликнинг эса 30 фоизга, 2004 -2014 йиллар оралиғида тенгсизликнинг 41 фоизга пасайишига эришилган. Kadastro Único ягона реестри Лотин Америкаси давлатларида ижтимоий ҳимоя ахборот тизимини яратиш бўйича энг яхши лойиҳа деб тан олинган.

Чили

Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш, ижтимоий сиёсатни ривожлантириш бўйича Чили давлати узоқ йиллик тарихни босиб ўтган. Чилида ижтимоий ҳимоя сиёсати 1980 йиллардан бери ривожлантириб келмоқда. 1990 йиллардаги иқтисодий фаровонлик Чили ҳукуматини мамлакат аҳолисининг камбағал қатлами билан мунтазам алоқада бўлишга замин яратди. Натижада 2006 йилда Ficha de Proression Sosial сўров тизими орқали аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами тўғрисидаги маълумотлари тўпланди. 2008 ва 2009 йилларда тўпланган маълумотлар асосида Чилининг Интеграциялашган ижтимоий ахборот тизими (Sistema Integrado de Informasión Sosial, SIIS) ишлаб чиқилди. Ушбу ахборот тизими асосан бир қанча йирик ижтимоий ҳимоя дастурларига хизмат қилди.

Чилининг SIIS тизими иккита ижтимоий дастур маълумотларини бирлаштиради: ўта қашшоқ оилаларга ёрдам дастурлари (Chile Solidario) ва тўрт ёшга тўлмаган боласи бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш дастурлари (Chile Srese Sontigo). Тизим марказлаштирилган ягона ижтимоий ахборот модели асосида ишлайди. Интеграциялашган ижтимоий ахборот тизими турли хил давлат идораларига тегишли маълумотлар базалари ўртасида виртуал боғланган.

2016 йил ягона реестр ахборот тизими такомиллаштирилиб ижтимоий уй хўжаликлар реестри (Sosial Registry of Households RSH) деб ўзгартирилди. Чилининг RSH уй хўжаликлар реестри 12,4 миллион аҳолининг 71,7 фоизини маълумотлари 43 та давлат идоралари маълумотлар базалари, 345 муниципалитет маълумотлар базалари, ФҲДЁ маълумотлар базалари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.

Шуни таъкидлаш керакки хоҳлаган вақтда ҳар бир фуқаронинг ўзи мустақил тарзда ушбу реестрдан онлайн рўйхатдан ўтиш ёки рўйхатга олиш марказларига бориб ўтиши имкониятлари яратилган. 2021 йил келиб ушбу уй хўжаликлар реестри ахборот тизими 80 дан ортиқ дастурларни қамраб олган дунёдаги энг яхши универсал реестр ҳисобланади.

Ўзбекистондаги Ижтимоий ҳимоя ягона реестр ҳолати

Ижтимоий ҳимоя реестри мамлакатимизда 2019 йилнинг 1 октябридан Сирдарё вилоятида тажриба лойиҳаси доирасида жорий этилди ва ушбу тажриба муваффақиятли тугалланди. 2020 йил охирларига келиб республикамизнинг барча ҳудудларида Ягона ижтимоий реестр жорий этилди. Мамлакатимизда ягона реестр орқали ҳозирги кунда бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун нафақа, 14 ёшгача бўлган болалари бор оилаларга нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам хизматлари кўрсатилмоқда.

Ўтган йили аҳолининг кам таъминланган қатламига ижтимоий тўловларни ўз вақтида манзилли етиб боришини ўрганиш мақсадида Молия вазирлиги ҳамда Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти ходимлари билан биргаликда тадқиқот ўтказилган.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда ягона реестр ахборот тизими 11 та вазирликнинг (Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси, Давлат персоналлаштириш маркази, Кадастр агентлиги, Пенсия жамғармаси ва бошқа) идораларнинг электрон маълумотлар базалари билан маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилган. Бу 23 турдаги маълумотларни олиш имконини беради. Ҳозирги кунда 4 та вазирлик ва идоралар тегишли электрон маълумотлар базаларини ягона ижтимоий реестрга интеграциялаш кўриб чиқилмоқда.

Ягона реестр ахборот тизими мамлакатимизда ривожланиш босқичида бўлганлиги боис бу борада баъзи бир муаммолар ҳам мавжуд. Жумладан, дастур хозирги вақтда жуда секин ишламоқда. Бу аризаларни ўз вақтида киритилишига тўсқинлик қилмоқда. Шунингдек, вазирлик ва идоралар тегишли электрон базалари билан маълумотлар алмашинуви жараёни жуда суст. Аризаларни дастурга юклаш вақтида дастурда носозликлар вужудга келиш ҳоллари кузатилмоқда.

Масалан, эр-хотиннинг никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари дастурга ҳар иккаласи учун алоҳида-алоҳида икки маротаба киритилмоқда. Шунингдек, ягона реестр қамрови жуда ҳам кичик, фақатгина 3 та дастур учун ишлайди, холос. Мазкур ахборот тизими дастурига киритилган аризаларни қайси фойдаланувчи томонидан киритилганлигини аниқлаш имконияти мавжуд эмас.

Ижтимоий ягона реестр ахборот тизими хориж тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, ушбу ахборот тизими барқарор ва хавфсиз ишлаши учун виртуал хусусий тармоқ (Virtual private network (VPN) - технологиясидан фойдаланиш орқали электрон маълумотларни хавфсиз каналлар орқали алмашиш мумкин (Туркия тажрибаси).

Ҳар бир ижтимоий хизмат олувчилар мустақил равишда ўзлари мазкур ахборот тизимида рўйхатдан ўтиш имкониятини яратиш ягона реестри веб-портални ишлаб чиқиш керак. Шунингдек, Ягона реестр орқали имтиёзлар ва моддий ёрдам нафақалар дастурларни сонини кўпайтириш керак (Чили 80 дан ортиқ дастурларни тақдим этади). Йиғилган маълумотларни хавфсиз ва узоқ вақт сақлаш учун CБСС банкининг маълумотлар базаси (data wаrеhause) каби технологиялардан фойдаланиш керак. Чунки (data wаrеhause) маълумотлар базалари (Datenbank) нинг маълумотлар мажмуаларига нисбатан харажатлар даражаси паст ва хавфсизроқ (Бельгия тажрибаси).

Шу билан бирга, тизимда барча иштирокчиларининг вазифалари ва мажбуриятларини аниқ тақсимлаш керак. Мазкур тизим давлат идоралари электрон базасида тўпланган маълумотлар асосида ишлайди шундай экан ҳар бир давлат идролари маълумотларни тўғрилиги, аниқлиги ва тез-тез янгиланиб турилишига эътибор бериши лозим.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими нафақат ижтимоий хизматлар ва ёрдамнинг манзиллилигини ошириш имконияти, балки жаҳонда бўлиб ўтаётган коронавирус пандемияси даврида аҳолининг эҳтиёжманд қисмини қисқа муддатларда аниқлаш ва уларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва самарали инструментлари бўлиб хизмат қилади.

Бугунги ахборот асрида рақамлаштириш давлат бошқаруви ҳамда турли соҳа ва тармоқлар фаолиятининг самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур ахборот тизими “электрон ҳукумат” фаолияти самарадорлигининг ошишига ҳамда мамлакатимизда“ рақамли иқтисодиёт” ривожланишига катта ёрдам бериши шубҳасиз.

Жалил БОЙКАЛОНОВ,

Молия вазирлиги ҳузуридаги

Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти

мутахассиси

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар