Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Ҳукумати кўмаги билан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар акселератори (Акселератор) раҳбарларининг учрашуви видеоконференция шаклида ўтказилди. Тадбирда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбарияти – директор О. Ҳакимов, директор ўринбосари У. Абидхаджаев, акселератор координаторлари А. Халмурзаев, М. Бабажанов, Х. Нормуродов ва Х. Мажидовлар иштирок этишди.
Шунингдек, бир қатор вазирлик ва идоралардан ҳам 60 дан ортиқ масъуллар иштирок этишди.
Учрашувда Амирлик томонидан БАА Бош вазирининг Стратегия ва инновациялар бўйича ўринбосари Худа Ал-Хашими ва БАА ҳукумат Акселератори раҳбари доктор Радҳиа ал-Хашими иштирок этишди.
Мазкур йиғилишдан мақсад - давлат органлари ва ташкилотларининг маблағларини ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги долзарб муаммоларни тезкор ва самарали ечишга самарали сафарбар этиш йўлларини муҳокама қилишдан иборат.
Маълумот учун: Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил март ойида БААга расмий ташрифи якунлари бўйича давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди. Бирлашган Араб Амирликларида аллақачон ҳукумат акселераторининг ўхшаш механизми мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги қарорига мувофиқ Президент Администрацияси ҳузурида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таркибида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг Акселератори ташкил этилди. 2019 йил 3-8 ноябрь кунлари Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази делегацияси БААга ташриф буюрди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ходимлари Ҳукумат Акселератори фаолиятини тайёрлаш бўйича семинарда қатнашдилар (Government Accelerators Training Workshop).
Видеоконференция давомида учрашув қатнашчилари Бирлашган Араб Амирликларининг Ҳукумат Акселератори методологиясига мувофиқ манфаатдор вазирликлар ва идоралар томонидан 100 кун ичида ўрганилиши керак бўлган устувор масалаларни аниқладилар. Шунингдек, муаммоларни ҳал қилиш учун БАА Ҳукумати акселераторидан соҳа мутахассисларини жалб қилиш кўзда тутилмоқда.
Хусусан, мазкур муаммоларга:
- оилавий тадбиркорликни ривожлантириш (масъул: АТ “Халқ банки”, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Марказий банк);
- шаҳарларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш (масъул: Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси);
- қурилиш рухсатномаларини беришни соддалаштириш (маъсул: Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси);
- коммунал тўловлар учун ягона ҳисоб-китоб тизимини яратиш соҳасидаги масалалар киритилди (масъул: АТ “Халқ банки”, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази).
Тадбир давомида Акселератор ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун аниқ режалар ва муддатларга асосланиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини кўрган ҳолда тегишли ишчи гуруҳларни тузди. Амирликлар томони, Ўзбекистон билан муносабатларга алоҳида аҳамият берилишини таъкидлаб, мавжуд келишувлар доирасида чекланиб қолмаслик ва акселераторнинг Ўзбекистондаги фаолиятини амалга оширишда фаол иштирок етиш ниятларини эълон қилди. Видеоконференциядан сўнг томонлар мавжуд келишувларни жадал амалга оширишга содиқ эканликларини, шунингдек, янада интенсив таъсир ўтказиш ва долзарб муаммоларни тезкор ҳал қилиш учун ҳар хил даражадаги икки томонлама онлайн музокаралар амалиётини фаоллаштиришга тайёр эканликларини билдиришди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан ишлаш хизмати
Изоҳ қолдириш