Кўп мезонли камбағаллик индекси мамлакат ичидаги ўзгаришлар барометри бўлиб хизмат қилади (+видео)

Кўп мезонли камбағаллик индекси мамлакат ичидаги ўзгаришлар барометри бўлиб хизмат қилади (+видео)

2023 йил 20 сентябрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида “Ўзаро боғлиқ БРМларга эришиш учун кўп мезонли камбағаллик индексидан самарали фойдаланиш” мавзусида юқори даражадаги конференция бўлиб ўтди. Тадбир кўп мезонли камбағалликка қарши кураш бўйича ҳамкорлик тармоғи (MPPN) ва Камбағаллликка қарши кураш ва инсон тараққиёти бўйича Оксфорд ташаббуси (OPHI) томонидан ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад камбағаллик масаласини мунозаралар мавзусига айлантириш, шунингдек, камбағалликда яшаётган инсонларга кўпроқ таъсир кўрсатадиган ва бутун жамият фаровонлигига кўмаклашувчи барқарор ечимларни ишлаб чиқиш учун ҳаракат ва ҳамкорликни рағбатлантиришдан иборат бўлди.

Юқори даражадаги тадбирда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) директори Обид Ҳакимов ҳам маъруза қилди.

Марказ раҳбари ўз нутқида сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ичидаги камбағаллик муаммосини ҳал қилишда сезиларли ютуқларга эришганини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистон аҳолиси 36 млн.дан ортиқ ва аҳоли даромади даражаси ўртадан қуйи бўлган давлатдир. 2022 йилда аҳолининг тахминан 14 фоизи ёки 5,4 млн.га яқин киши камбағалликда яшаган.

Камбағаллик муаммосини ҳал қилиш бўйича ечимлар 2030 йилгача камбағалликни 7 фоизга қисқартиришни кўзда тутувчи “Ўзбекистон 2030” Стратегиясини қабул қилишни ҳам ўз ичига олади. Бундан ташқари, тасдиқланган Ижтимоий ҳимоя стратегиясида барча фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг минимал даражасини таъминлайдиган тизим яратиш режалари белгилаб берилган.

Бунга ижтимоий ёрдамнинг қамровини кенгайтириш ва манзиллилигини такомиллаштириш орқали эришилади. Бугунги кунда барча ижтимоий ҳимоя механизмлари яқинда ташкил этилган Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги доирасида БМТТД ва ЮНИСEФ кўрсатмаларига мувофиқ бирлаштирилган, – деди O.Хакимов.

Бундан ташқари, Барқарор ривожланиш мақсадларига, хусусан, ҳамма жойда камбағалликнинг барча кўринишларида барҳам беришга қаратилган 1-мақсадга эришиш йўлидаги тараққиётни жадаллаштириш учун Ўзбекистон ҳукумати кўп қиррали камбағаллик муаммосини тан олди ва уни ҳал қилишни юқори устувор вазифа даражасига кўтарди. Масалан, миллий камбағаллик чегараси энг кам истеъмол харажатларига асосланади.

Маъруза давомида айни пайтда Ўзбекистон БМТТД, ЮНИСEФ, Innocenti UNICEF ва Оксфорднинг Камбағалликка қарши курашиш ва инсон тараққиёти ташаббуси билан ҳамкорликда кўп мезонли камбағаллик индексини (MPI) ишлаб чиқиш бўйича пилот лойиҳани бошлаб юборгани қайд этилди. Бу иш Ўзбекистон шароитида камбағаллик, шу жумладан, болалар камбағаллиги кўлами ва чуқурлигини ҳар томонлама таҳлил қилишга қаратилган.

Марказ директори тадбир иштирокчиларига тадқиқот икки босқичдан иборатлигини маълум қилди: биринчи сўров 2022 йилда 1500 та уй хўжалиги ўртасида ўтказилган, унинг якуни бўйича кўп ўлчовли камбағаллик таърифи ишлаб чиқилган.

2023 йилда 4515 та хонадондан маълумотлар йиғилиб, асосий эътибор аҳоли фаровонлигига таъсир этувчи турли ижтимоий-иқтисодий омилларга қаратилди.

Бу омиллар таълим, бандлик, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, турмуш даражаси, ахборотдан фойдаланиш имконияти, овқатланиш ва ҳоказоларни ўз ичига олади. Барча саволлар Ўзбекистоннинг ўзига хос контекстига пухта мослаштирилган бўлиб, бу бизга мамлакатдаги депривациянинг ўзига хос жиҳатларини тўғри акс эттирувчи кўрсаткични ишлаб чиқиш имконини берди”, — таъкидлади O.Хакимов.

Кўп мезонли камбағаллик кўрсаткичлари ҳақида гапира туриб, MPI фаровонликнинг 3 ўлчов бўйича гуруҳланган 13 кўрсаткични ўз ичига олганлиги таъкидланди:

  • моддий-техника базаси ва турмуш шароити
  • соғлиқни сақлаш ва ижтимоий капитал
  • молиявий хизматлардан фойдаланиш учун кенг имкониятлар ва бандлик.

MPI тадқиқотининг дастлабки натижалари бизга мамлакатимиздаги камбағаллик ҳақида тўлиқ тасаввур беради. Бу муаммони ҳал этиш учун “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакат ялпи ички маҳсулотини икки баробарга ошириш, камбағаллик хавфи остидаги 4,5 млн аҳолининг даромадларини кўпайтириш каби асосий мақсадлар белгилаб берилган”, – деди O.Хакимов.

Маъруза доирасида Стратегияда таълим тизимини янада ривожлантириш билан боғлиқ ижтимоий мажбуриятлар, жумладан, мактабгача таълимни кенгайтириш ва ёшларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш даражасини камида 50 фоизга оширишга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришни икки баравар ошириш ва соғлиқни сақлаш муассасаларини 100 фоиз рақамлаштиришга эришиш орқали соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш устувор йўналиш ҳисобланади.

O.Хакимов ўз маърузаси якунида Стратегия барчага, жумладан, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларни барқарор ва самарали иш билан таъминлаш имкониятини яратиш орқали аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлариини тўлиқ қамраб олиш ва ишсизлик даражасини 7 фоизгача камайтиришга қаратилганлигини алоҳида таъкидлади.

Шундай қилиб, MPI келгуси 7 йил ичида мамлакат ичидаги реал ўзгаришларнинг барометри бўлиб хизмат қилади.

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар