Инфографика: Ўзбекистонда 2021–2025 йилларда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар

Инфографика: Ўзбекистонда 2021–2025 йилларда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар

Сўнгги йилларда Ўзбекистон инвестиция муҳитини яхшилаш ва хорижий инвесторлар учун янада қулай шароит яратиш мақсадида кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширди. Аввало, Президентнинг 2017 йил 2 сентябрдаги ПФ–5177-сон Фармони билан валюта сиёсатини либераллаштириш бошланди. Бу ислоҳот валюта конвертацияси, ташқи савдо ҳисоб-китоблари ва инвесторлар учун маблағларни эркин ҳаракатлантириш имкониятларини кенгайтирди.

Шунингдек, Президентнинг 2018 йил 1 августдаги ПФ–5495-сон “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони орқали инвестиция фаолиятини соддалаштириш, хорижий инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва инвестиция қонунчилигини такомиллаштириш бўйича муҳим чоралар белгиланди. Бу қарорлар инвесторлар учун ҳуқуқий барқарорлик ва прогноз қилинадиган ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилди.

Инвесторлар билан тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш мақсадида Президентнинг 2019 йил 13 ноябрдаги ПҚ–4519-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Хорижий инвесторлар кенгаши ташкил этилди. Ушбу Кенгаш Президент ва Ҳукумат билан хорижий инвесторлар ўртасида доимий институционал мулоқот майдони бўлиб, инвестиция муҳитидаги амалий муаммоларни муҳокама қилиш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва инвестиция сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган.

Бундан ташқари, инвесторларни ҳудудларга жалб қилиш учун махсус иқтисодий зоналар тизими кенгайтирилди. 2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда иштирокчиси мавжуд 33 та махсус иқтисодий зона, 396 та кичик саноат зонаси, 27 та технопарк, 349 та кластер ҳамда 143 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси фаолият юритмоқда. Ушбу зоналар орқали инвесторларга солиқ ва божхона имтиёзлари, инфратузилма, ер майдонлари ва маъмурий жараёнларни соддалаштириш каби имкониятлар тақдим этилмоқда.

Шу билан бирга, хусусий секторни ривожлантириш, давлат иштирокини қисқартириш, хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш ва капитал бозорини ривожлантириш бўйича ҳам ислоҳотлар давом этмоқда. Умуман олганда, валюта либераллашуви, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши, махсус иқтисодий зоналар ва хусусий секторга йўналтирилган ислоҳотлар Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилашнинг асосий йўналишлари бўлиб хизмат қилмоқда.

Эришилган натижалар

Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ТТХИ жалб қилиш бўйича ижобий динамика кузатилмоқда. 2021–2025 йилларда мамлакатга жами 109 млрд дол. миқдорида ТТХИ ва кредитлар ўзлаштирилди.

2021–2025 йилларда ўзлаштирилган ТТХИ ва кредитлар ҳажми 4,3 баравар ошиб, 2025 йилда 38,4 млрд долларга етди.

Хорижий мамлакатлар кесимидаги таҳлил

2025 йил натижаларига кўра, ТТХИда хорижий давлатлар кесимида юқори концентрация кузатилмоқда. Етакчи 5 та хорижий давлат жами ТТХИ ҳажмининг 76,6 %, улардан биргина Хитой 44,4 % ташкил этмоқда (17,1 млрд дол., ўсиш 1,6 марта).

Хусусан, инвестиция киритувчи Топ-10 хорижий мамлакат: Хитой – 17,1 млрд, Россия – 4,8 млрд, Туркия – 2,9 млрд, Саудия Арабистони – 2,8 млрд, Германия – 1,8 млрд, БАА – 1,6 млрд, Буюк Британия – 1,0 млрд, Қозоғистон – 0,8 млрд, Нидерландия – 0,7 млрд, Сингапур – 0,5 млрд дол.

Тармоқлар кесимидаги таҳлил

2025 йилда энг катта улуш энергетика соҳасига (7,1 млрд дол., умумий ҳажмнинг 19 %) тўғри келди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги (3,6 млрд дол., 10%), қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги (3,6 млрд дол., 10%), тоғ-кон ва металлургия саноати (3,3 млрд дол., 9%), тўқимачилик саноати (3,0 млрд дол., 8%), қурилиш материаллари саноати (3,0 млрд дол., 8%), кимё саноати (2,0 млрд дол., 5%) ҳамда нефть-газ (1,7 млрд дол., 4%) тармоқларига салмоқли инвестициялар жалб этилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар