Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари 2017-2022 йилларда амалга оширилган фаол ислоҳотлар жараёнида Андижон вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги асосий ўзгаришларни таҳлил қилди.
2017-2022 йилларда Андижон вилоятида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Сўнгги олти йилда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти жорий баҳоларда 19,8 трлн сўмдан 54,5 трлн сўмга (реал баҳода 41,1 фоиз ўсиш) ортди. Бу, ўз навбатида, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ ҳажмини 15 млн сўмдан зиёдга кўпайишини таъминлади. Мазкур даврда аҳоли сони 10,3 фоизга ошиб, қарийб 3,3 млн кишини ташкил этди.
Вилоятда саноат салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва янги замонавий ишлаб чиқариш кучларини барпо этиш натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 13,3 трлн сўмдан 54,1 трлн сўмга ёки 1,9 бараварга ошди. Шу билан биргаликда вилоят ЯҲМнинг таркибида саноат ва қурилиш тармоғининг улиши 18,1 фоиздан 29,0 фоизга кўпайди. Бу эса, ҳудуд иқтисодиётини диверсификациялаш ва ҳудудни ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.
Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва қулай агробизнес муҳитини яратиш орқали соҳада ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми 21 фоизга ошди. 2017 йилда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 16,0 трлн сўмни ташкил қилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 37,4 трлн сўмга етди.
Замонавий маиший хизматларга бўлган талабни тўлиқ қондиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида бозор хизматлари ҳажми ўтган давр мобайнида 1,8 баравар кўпайиб, 2022 йилда 17,6 трлн сўмга етди.
Ташқи савдони эркинлаштириш, тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган чоралар натижасида сўнгги 6 йил давомида вилоятнинг экспорти ҳажми 5 бараварга ортди ва 2016 йилдаги 266 млн доллардан 1,2 млрд АҚШ долларига кўпайди.
Ушбу давр мобайнида вилоятда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар 5,4 млрд доллар инвестициялар ўзлаштириш имконини берди. Натижада, фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 2017 йилдаги 35,4 мингдан 2022 йилда 49,2 минггача кўпайди ёки 1,4 бараварга ошди.
Инфратузилмани ривожлантириш соҳасида 2017-2022 йилларда 35,1 км газ қувурлари ва 2 043 км сув таъминоти тармоқлари ётқизилди, 20,5 км янги автомобиль йўллари ишга туширилди. Шу давр мобайнида 244 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.
Вилоят аҳолиси мамлакат аҳолисининг 10 фоизини ташкил этади, вилоят ҳудуди эса республика ҳудудининг атиги 1 фоизига тенг. Шу боис кўп қаватли уйлар қуриш орқали аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжини қондириш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, ўтган олти йил давомида вилоятда 6 868,6 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, мактабгача таълим муассасаларида 24,8 минг ўрин, мактабларда 59,7 минг ўрин, шифохоналарда 4,4 минг янги ўрин барпо этилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш