Инфографика: Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тартибга солиш шаффофлигини ошириш

Инфографика: Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тартибга солиш шаффофлигини ошириш

Президентнинг “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Янги ҳужжат мамлакатда иқтисодий фаолликни ошириш, рақобат муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда бизнесни яширин иқтисодиёт айланмаларидан чиқариб, тўлиқ расмий фаолият юритишга рағбатлантиришга қаратилган.

Асоссиз текширувларни камайтириш

2026 йил 1 июлдан бошлаб 17 та назорат органи томонидан ўтказиладиган барча текширувлар фақат шахсий видеорегистраторлар (body-камералар)дан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади. Ушбу қарор бизнес ва давлат тузилмалари ўртасида ишонч ва очиқликни ошириб, текширув жараёнларининг объективлиги ва тадбиркорлар ҳуқуқларининг ҳимоясини таъминлайди.

Сертификатлаш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш

2026 йил 1 январдан бошлаб бир хил турдаги товарлар бўйича бир ташқи савдо шартномаси доирасида мувофиқлик сертификати ва экологик сертификат бир маротаба, бир йилгача бўлган муддатга берилади. Бу такрорий маъмурий амалиётларни қисқартиради ва бизнес харажатларини камайтиради, сифат ва хавфсизлик талабларини сақлаган ҳолда.

Замонавий солиқ ва божхона маъмуриятчилиги

2026 йил 1 январдан импорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотларига текширувлар фақат қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

  • товарлар 9 ой давомида (гўшт ва ҳўл мева-сабзавотлар учун 3 ой) реализация қилинмаган бўлса;

  • қолдиқ қиймати 206 млн сўмдан ошса.

Янги ёндашув назорат ва тадбиркорлик фаолияти ўртасида мувозанатни таъминлаб, товар айланмасини оқилона бошқаришга хизмат қилади.

Йирик битимлар бўйича солиқ базасини шакллантириш

Кўчмас мулк ва қурилиш материаллари бўйича операцияларда солиқ базаси бозор қиймати асосида белгилаб борилади. Бу йирик битимларда очиқликни кучайтириб, солиқ маъмуриятчилигининг халқаро амалиётига мос келади.

Хорижий онлайн-компаниялар фаолиятини тартибга солиш

Солиқ органининг расмий хабарномасидан сўнг 30 кун ичида рўйхатдан ўтмаган хорижий компаниянинг Ўзбекистон ҳудудидаги фаолияти чекланади. Бу чора маҳаллий ва хорижий бозор иштирокчилари учун тенг шароит яратиб, рақамли иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлайди.

Юк ташиш хизматларини рақамлаштириш

2026 йил 1 апрелга қадар юк ташиш соҳасида ягона электрон платформа ишга туширилади. У қуйидаги имкониятларни ўз ичига олади:

  • транспорт ва махсус техникадан фойдаланиш шартларини ҳисобга олиш;

  • онлайн буюртмалар, шартномалар ва тўловларни расмийлаштириш;

  • хизмат турлари ва нархларни мустақил белгилаш;

  • кўрсатилган хизматлар сифатини баҳолаш.

Бу орқали бозор иштирокчилари учун ягона рақамли майдон яратилиб, соҳада самарадорлик ва шаффофлик оширилади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар