17–18 июнь кунлари Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер бизнес делегацияси ҳамроҳлигида Осиё мамлакатлари бўйлаб сафари доирасида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади.
Тошкентда у Президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказади ва Германия компаниялари лойиҳалари бўйича битимларни имзолаш маросимида иштирок этади.
Ташриф Тошкентда бешинчи бор ўтказилаётган Тошкент халқаро инвестиция форуми кунларига тўғри келмоқда. Форумда Германиянинг йирик компаниялари ва инвесторлари янги лойиҳалар ҳамда бизнес учун имкониятларни муҳокама қилишда фаол иштирок этмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги 2017-2025 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик кўрсаткичлари тақдим этилган инфографикани тайёрлади.
Ўзбекистоннинг Германия билан савдоси
2017–2025 йиллар давомида Ўзбекистоннинг Германия билан ўзаро савдо ҳажми 2,3 бараварга ўсиб, $620 млн.дан (2016 й.) $1,4 млрд.га (2025 й.) етди, экспорт 4,5 бараварга ошиб $32,5 млн.дан $145,6 млн.га, импорт эса 2,2 бараварга кўпайиб $587,5 млн.дан $1,3 млрд.га етди.
Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро савдода 90%дан ортиқ улуш импорт ҳиссасига тўғри келади. Бу, асосан, Германиядан Ўзбекистон саноатини ривожлантиришда фойдаланиладиган машина ва ускуналар, транспорт воситалари ҳамда бошқа маҳсулотлар етказиб берилиши ҳисобига шаклланмоқда.
2025 йилда Ўзбекистоннинг Германия билан экспорт ва импорт таркиби қуйидаги йирик товар гуруҳларини ўз ичига олди:
экспорт: тайёр маҳсулотлар – 29%, озиқ-овқат маҳсулотлари – 12%, саноат маҳсулотлари – 9%, машиналар ва транспорт ускуналари – 8%, кимё маҳсулотлари – 3%, ноозиқ-овқат хомашёси – 2%, хизматлар – 36%.
импорт: машиналар ва транспорт ускуналари – 56%, кимё маҳсулотлари – 17%, саноат маҳсулотлари – 5%, тайёр маҳсулотлар – 4%, озиқ-овқат маҳсулотлари – 3%, хизматлар – 10%.
Инвестициявий ҳамкорлик
Ўзбекистон учун Германия технологиялар, инвестициялар ва бошқарув тажрибасининг муҳим манбаларидан бири бўлиб қолмоқда.
2025 йил 1 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Германия инвесторлари иштирокида 244 та корхона фаолият юритган бўлиб, шундан 111 таси қўшма корхона ва 133 таси 100% Германия капитали иштирокидаги корхоналар ҳисобланади.
2025 йилда Германиянинг Ўзбекистонга киритган инвестициялари ва кредитлари ҳажми $983,5 млн.ни ташкил этди. Сўнгги 9 йилда Германиянинг Ўзбекистонга киритган жами инвестициялари ва кредитлари ҳажми $5,7 млрд.дан ошди.
Германия Европа ва Марказий Осиё ўртасида транспорт коридорларини ривожлантириш, хомашё ва нодир ер металлари етказиб беришни кенгайтириш, шунингдек, яшил энергетика лойиҳалари ва саноатни модернизация қилишда иштирок этишдан манфаатдор.
Германия инвестицияларининг асосий қисми қайта ишлаш саноатига, шунингдек энергетика сектори, тоғ-кон саноати, ахборот-коммуникация соҳаси, транспорт ва логистика, қурилиш ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига йўналтирилган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш