Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

Ривожланаётган бозорларга хусусий инвестициялар ҳажми 19 фоизга ошди (GPCA)

Хусусий капитал глобал ассоциацияси (GPCA) маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида ривожланаётган бозорларга йўналтирилган хусусий инвестициялар ҳажми 19 фоизга ошиб, 143,2 млрд долларга етди (2025 йилда 158,3 млрд доллар). Сунъий интеллект, робототехника, аэрокосмик саноат ва инфратузилма инвестицияларнинг асосий йўналишлари бўлди. Хитой компанияларига киритилган хусусий инвестициялар ҳажми ўтган йилга нисбатан икки баравар ошиб, 64,3 млрд долларга (ривожланаётган бозорларга йўналтирилган жами хусусий инвестицияларнинг 45 фоизи) етди. Бу 2022 йилдан буён энг юқори кўрсаткичдир.

Хитойдан ташқари мамлакатларда инвестициялар ўсиши асосан инфратузилма лойиҳалари ҳисобига таъминланди. Африка мамлакатларига 5,2 млрд доллар, Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларига 10,7 млрд доллар инвестиция йўналтирилди. Инвесторлар энергетика, телекоммуникация ва маълумотларни қайта ишлаш марказларига қизиқиш билдирмоқда.

Қозоғистон ва Ироқ 2027 йил учун ОПЕК+ доирасида нефть қазиб олиш квоталарини оширишга интилмоқда (Reuters)

Қозоғистон ва Ироқ ОПЕК+ ташкилотига нефть қазиб олиш қувватлари бўйича баҳоларни оширишни сўраб мурожаат қилди. ОПЕК тарихида илк бор аъзо мамлакатларнинг нефть қазиб олиш имкониятлари мустақил баҳоланмоқда. Баҳолаш натижалари 2027 йил учун квоталарни белгилашда ҳисобга олинади. Қозоғистон Энергетика вазирлиги баҳолаш ўтказилганини тасдиқлади, бироқ унинг натижаларини ошкор қилмади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Ироқнинг нефть қазиб олиш қуввати суткасига 4,9 млн баррелни ташкил этади.

29 ноябрь куни ОПЕК+ йиғилишида 2027 йил учун нефть қазиб олиш сиёсати кўриб чиқилиши режалаштирилган. Қозоғистон ва Ироқ ўзларининг амалдаги ишлаб чиқариш имкониятларига мос квоталар белгиланишидан манфаатдор. Шу билан бирга, Яқин Шарқдан нефть етказиб бериш ҳажмининг тикланиши жаҳон бозорида таклифнинг талабдан ошиб кетишига ва нефть нархларининг пасайишига олиб келиши мумкин.

Норвегия Германияга узоқ муддатли газ етказиб беришни таъминлайди (Equinor)

Норвегиянинг Equinor энергетика компанияси Германиянинг VNG компанияси билан табиий газ етказиб бериш бўйича 18 йиллик шартнома имзолади. 2027 йил январидан 2044 йил охиригача ҳар йили 1,4 млрд куб метр табиий газ етказиб берилади. Бу Германиянинг йиллик газ импортининг 1,5 фоизига тенг. Норвегия учун бу сўнгги 40 йилда табиий газ сотиш бўйича энг узоқ муддатли шартнома ҳисобланади. Газ бозор нархларида етказиб берилади, шартноманинг бошқа тижорат шартлари ошкор этилмаган.

2025 йилда Германия газ импортининг 44 фоизи Норвегия ҳиссасига тўғри келган ва у мамлакатнинг энг йирик газ етказиб берувчиси ҳисобланади. Қишки иситиш мавсуми бошланиши арафасида Европада газ омборларининг тўлдирилганлик даражаси 69 фоизни ташкил этмоқда, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 10 фоиз бандга паст. Германияда эса ушбу кўрсаткич 71,2 фоиздан 56,5 фоизга тушган. Янги шартнома Германия истеъмолчиларини узоқ муддат давомида табиий газ билан ишончли таъминлашга қаратилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар