Инновация вазирлиги ва “Сколково”: Тошкентда стартап-турдан МДҲ мамлакатларининг инновацион ҳамкорлигигача

Инновация вазирлиги ва “Сколково”: Тошкентда стартап-турдан МДҲ мамлакатларининг инновацион ҳамкорлигигача

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов “Сколково“ жамғармаси Минтақавий ривожланиш ва МДҲ билан ўзаро ҳамкорлик бўйича вице-президент муовини Александр Окунев бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашув доирасида МДҲга аъзо давлатлар инновацион ҳамкорлигининг давлатлараро дастури вазифаларини амалга ошириш ва ушбу дастурнинг 2030 йилгача бўлган даврдаги мақсадларини белгилаш бўйича муҳокамалар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби Назокат Абдуқундузова Review.uz'га хабар бермоқда.

2020 йилда иқтисодиёт рақамлаштирилади

И. Абдураҳмонов 2020 йилда Инновацион ривожланиш вазирлиги ўз фаолиятида икки асосий йўналиш — иқтисодиётни рақамлаштириш ҳамда математика, кимё, биология ва геология соҳаларида илм-фанни ривожлантириш урғу беришини айтиб ўтди.

“Innoweek-2020” Сколково резидентлари таклиф этилди

Шунингдек, вазир “Сколково” билан ҳамкорлик доирасида “Якласс“ лойиҳасини ишга туширилгани ва Россия Федерацияси Инновацияларни рағбатлантириш жамғармаси билан қўшма стартап лойиҳалар танлови эълон қилинганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, учрашувда Сколково резидентлари 2020 йилнинг кузида бўлиб ўтадиган Инновацион ғоялар ҳафталиги – “Innoweek-2020”да иштирок этишга таклиф қилинди.

Стартап-турга Марказий Осиё давлатларидан ҳам стартаплар таклиф этилади

Томонлар 2020 йилнинг кузида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилаётган “стартап-тур“ни ташкил этиш бўйича иш режасини муҳокама қилишди. Унда иштирок этиш учун аризаларнинг қабули бўйича маълумотлар жорий йилнинг апрель ойида эълон қилиниши кутилмоқда. Окунев ўз навбатида Тошкентда бўлиб ўтадиган стартап-турга Марказий Осиё давлатларидан ҳам стартапларни таклиф этиш масаласини ўртага қўйди.

Ўзбекистон компанияларининг Россия бозорига чиқиши мумкин

Учрашув давомида Ўзбекистон Республикасида “Сколково“ лойиҳасида иштирок этаётган компанияларнинг инновацион ишланмаларини жорий этиш, янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш объектларини очиш, янги иш ўринларини ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Россия Савдо-саноат палатасининг инновацион тадбиркорликни ривожлантириш жамғармаси бошқарувчи ҳамкори Ольга Середа Ўзбекистон компанияларининг Россия бозорига чиқишига кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар