Инқироз ичидаги инқироз: COVID-19 ва халқаро миграция

Инқироз ичидаги инқироз: COVID-19 ва халқаро миграция

Охирги ўн йилликларда глобализация ва интеграцион жараёнларининг жадал ривожланиши халқаро меҳнат алмашинувида ҳам ўз аксини топди. Бирлашган миллатлар ташкилоти ва Жаҳон иқтисодий форуми маълумотларига кўра, 2015-2019 йиллар оралиғида халқаро меҳнат муҳожирлари сони 11,4%га кўпайган. 2019 йилда муҳожирлар сони жаҳон аҳолисининг 3,5 фоизини ташкил қилган ва ушбу кўрсаткич 2000 йилга нисбатан 25%га ошган.

Муҳожирларнинг аксарияти (60%) ўз минтақасидаги қўшни мамлакатларга кўчиб ўтган. Хусусан, 2015 йилда 59 миллионга яқин осиёлик ўз юртидан минтақадаги бошқа мамлакатга кўчиб ўтган бўлса, 40 миллион европалик Европанинг бошқа давлатларида қўним топган.

Умуман олганда, Европа меҳнат муҳожирлари орасида энг жозибадор манзил ҳисобланади. 2019 йил ҳолатида минтақа 82 миллион муҳожирни қабул қилган бўлиб, ундан кейинги ўринларни Шимолий Америка (59 миллион), Шимолий Африка ва Ғарбий Осиё мамлакатлари (49 миллион) эгаллаган.

Пандемиянинг халқаро меҳнат миграциясига таъсири

Аксарият меҳнат муҳожирлари иқтисодиётнинг норасмий секторида вақтинча ва ҳуқуқлари ҳимояланмаган ишларда фаолият юритишади. Кўпгина мамлакатларда ушбу тоифадаги инсонлар ўша давлатдаги миллий меҳнат қонунчилигига амал қилмаганлиги сабабли, пандемия каби фавқулодда вазиятларда уларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳимоя чораларидан фойдалана олмаслик хавфи юқори. Хусусан, КОВИД-19 билан боғлиқ инқироз шароитида баъзи мамлакатларда меҳнат муҳожирларига нисбатан дискриминация, ишдан бўшатиш, меҳнат шароитининг ёмонлашиши ва бошқа шу каби салбий ҳолатларнинг ошиши кузатилмоқда.

Аксарият муҳожирларнинг турли сабабларга кўра соғлиқни сақлаш тизимидан фойдалана олмаслиги, вируснинг янада кенг ва жадал суръатларда тарқалишига олиб келмоқда. Аксинча, тиббий хизматлардан фойдаланган тақдирда, бу уларнинг молиявий аҳволини янада ёмонлаштириб, камбағаллик қопқонига тушиш эҳтимолини кўпайтиради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, иқтисодий инқироздан олдинги даврда дунё бўйлаб йилига 100 миллион нафар аҳоли соғлиқни сақлаш учун сарфланган харажатлар туфайли камбағаллик даражасига тушиб қолар эди.

Шунингдек, қаттиқ карантин чораларининг жорий қилинганлиги ва давлатлараро транспорт қатновларининг чекланганлиги туфайли муҳожирлар меҳнат бозоридаги иш ўринларнинг кескин камайиши ва иш ҳақи миқдорининг тушиши каби қийинчиликларга дуч келишмоқда (1-жадвал).

Ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилнинг иккинчи чорагида иш ўринларининг қисқариши дунё бўйлаб 10,5 %га тенг бўлди. Бошқача айтганда, жорий йилнинг 2-чорагида дунё бўйлаб ишсизлар сони 195 миллион нафарга кўпайди. Минтақалар кесимида, Aмерика (-12,4%), Европа ва Марказий Осиё (-11,8%) ҳудудларида рақамлар ўртача кўрсаткичлардан ҳам салбийроқ тус олди. Ундан ташқари муҳожирларнинг аксарияти фаолият олиб борадиган иқтисодиётнинг норасмий тармоқларидаги ўртача иш ҳақи -60%га қисқарган бўлиб, Европа ва Марказий Осиё минтақасида мазкур қисқариш -70%га тенг.

1-жадвал. Муҳожирлар дуч келаётган асосий муаммо ва хатарлар

Муҳожирларнинг турлари

Муаммо ва хатарлар юзага келган асосий мамлакатлар

Муҳожирлар дуч келаётган асосий муаммо ва хатарлар

Вақтинча ва мавсумий халқаро миграция

· Кўрфаз Ҳамкорлик Кенгаши мамлакатлари

· Малайзия

· Жанубий Корея

· AҚШ

· Aвстралия

· Янги Зеландия

· Россия

· ишсиз қолиш;

· иш ҳақининг қисқариши;

· пул ўтказмаларининг камайиши ёки батамом тўхташи;

· қарздорликнинг кўпайиши, камбағаллик қопқонига тушиб қолиш эҳтимолининг ортиши;

· иш берувчи томонидан берилган турар-жойдан маҳрум бўлиш;

· ижтимоий ҳимоядан маҳрум бўлиш;

· яшаш ва меҳнат шароитлари туфайли касалликнинг юқиши ва юқтириш хавфининг ошиши

Норасмий халқаро миграция

· Ҳиндистон

· Малайзия

· Россия

· Жанубий Африка

· Тайланд

· АҚШ

Вақтинча ва мавсумий халқаро миграция муаммоларига қўшимча:

· меҳнат ҳуқуқларининг кафолатланмаганлиги билан боғлиқ муаммолар;

· ижтимоий ҳимоя бўйича имтиёзларининг мавжуд эмаслиги

Муҳожирларнинг ватанга қайтиши

· Аксарият ривожланаётган мамлакатлар

· уюшган тарзда ватанга қайтиш давомида касалликнинг юқиши ва юқтириш хавфи;

· ватанга қайтганда иш билан таъминлаш имкониятларинг пастлиги;

· ижтимоий капиталдан фойдаланиш имкониятларинг пастлиги;

· қарздорликнинг кўпайиши эвазига камбағаллик қопқонига тушиб қолиш эҳтимолининг ортиши;

· пул ўтказмалари олмайдиган оилалар сонининг ортиши.

Манба: Жаҳон банки маълумотлари[1]

Яна бир томондан меҳнат муҳожирларининг молиявий танг вазиятга тушиб қолиши улар томондан юборилаётган пул ўтказмалари ҳажмига ҳам салбий таъсир қилиши турган гап. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, ривожланаётган мамлакатларга пул ўтказмалари 2020 йилда ўртача 19,9%га камаяди (2-жадвал). Халқаро пул ўтказмаларининг пасайиши Европа ва Марказий Осиё ҳудудида энг сезиларли бўлиб, ўтган йилга нисбатан -27,5%ни ташкил этиши прогноз қилинган.

2-жадвал. Кам ва ўрта даромадли мамлакатларга юборилаётган пул ўтказмалари ҳажмининг ўзгариши

Манба: Жаҳон банки маълумотлари

Мажбурий қайтиш

Муҳожирлар томонидан чет элда ишлаб топилган пул маблағлари ватанга қайтганида кредит чекловларини енгиб ўтиш ва бизнесни йўлга қўйиш имкониятини яратади. Шунингдек, инсон капиталига сармоя киритган муҳожирлар ички меҳнат бозори талабларини ўзгартириши мумкин.

Аммо, шуни унутмаслик керакки, пандемия туфайли аксарият муҳожирларнинг режалари ўзгариб кетди. Соддароқ қилиб айтганда, улар режалаштирган маблағни тўплай олмади, кўзланган касб малакаларни ўргана олмади. Умуман, муҳожирлар ўз хоҳиши билан эмас, мажбурликдан ватанга қайтишига тўғри келмоқда. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар Маркази томонидан ўтказилган тадқиқотлар давомида пандемия пайтида ватанга қайтган муҳожирларнинг 5% кўзлаган жамғармасини йиғганлиги туфайли ватанга қайтгани аниқланди.

Бундай ҳолатда, муҳожирларнинг ватанга қайтишидан жамият аъзоларининг максимал даражада наф кўриши ватанда уларнинг мавжуд малакаси ва инвестицияларидан фойдаланишни рағбатлантирувчи институтларга боғлиқ. Бунда, уларнинг инвестиция киритишга ва меҳнат бозорида реинтеграцияси қилишига рағбат яратувчи тизимни шакллантириш жуда муҳим.

Пандемия ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари

Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси жараёни асосан муддатли ва мавсумий характерга эга ва муҳожирларнинг аксарияти баҳор ва ёз ойларида чет элда ишлаб, қишки мавсумда ватанга қайтади. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги маълумотига кўра, 2019 йил ҳолатида 3 миллионга яқин ўзбекистонлик чет элда меҳнат фаолиятини олиб борди ва уларнинг аксарияти Россия ва Қозоғистон ҳудудида малака талаб қилинмайдиган соҳаларда иш билан банд ҳисобланади. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар Маркази томонидан ўтказилган тадқиқотлар давомида ушбу давлатларга асосан кам таъминланган оила аъзоларининг бориши, даромади юқори уй-хўжаликлари вакиллари эса кўпроқ Туркия, Жанубий Корея ва АҚШга йўл олиши аниқланган.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2019 йилда меҳнат муҳожирлари томонидан Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 6 млрд. долларни ташкил қилган. Хусусан, МДҲ аъзо давлатларидан 5 млрд. жўнатилган бўлиб, унинг 98% Россия ва Қозоғистондаги муҳожирлар ҳиссасига тўғри келади. Шуни таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан солиштирганда энг кўп пул жўнатмалари қабул қилувчи мамлакат бўлиб келмоқда.

Чегараларнинг ёпилиши ва қаттиқ карантин чоралари чет элда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик фуқароларга ҳам салбий таъсирини кўрсатмай қолмади. Хусусан, турли манбаларга кўра, қиш мавсуми даврида уйига қайтган 500 мингга яқин фуқаролар кўзланган манзилига қайтиб кета олмади. Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқароларининг асосий манзили ҳисобланган Россия Федерациясида ҳар иккинчи муҳожир ишсиз қолди[2]. Ижара ва озиқ-овқат харажатлари туфайли муҳожирлар аҳволи янада оғирлашди. Натижада, июнь ойидаги тикланишга (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9%га ўсиш) қарамай, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонга юборилган трансчегаравий пул ўтказмаларининг умумий ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6%га камайди (1-расм).

1-расм. Ўзбекистонга/дан жўнатилган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми (млн. АҚШ долларида)

Манба: Марказий Банк маълумотлари

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда маҳаллалар даражасида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, меҳнат муҳожирлари пандемиядан энг кўп жабр кўрган аҳоли қатламларидан бири эканлиги аниқланди. Хусусан, 43% маҳаллаларда республикага қайтган фуқароларнинг сони ошган, энг юқори ўсиш Наманган, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида кузатилган. Қайтган муҳожирлар асосан иш билан таъминлаш (54%), молиявий ёрдам (27%) ва озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёж сезаётганлиги аниқланди.

Ҳукуматлар чет элдаги меҳнат муҳожирларини қандай қўллаб-қувватлаяпти?

Назарияга кўра, ишчи кучининг ортиқча чекловларсиз эркин ҳаракати халқаро миграциянинг барча иштирокчиларига бирдек фойда келтиради. Аммо, деярли барча ривожланган давлатлар виза, патент, суғурта ва шу каби бошқа чекловлар орқали мигрантлар оқимини назорат қилади. Маҳаллий меҳнат бозорини рағбатлантириш, бюджет маблағларини қайта тақсимлаш ва давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамни авваламбор ўз фуқароларига йўналтириш, мазкур чекловларнинг асосий сабаблари ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, халқаро миграция жараёнининг ўйин қоидаларини меҳнат ресурсларини қабул қилувчи мамлакат ишлаб чиқади. Пандемия пайтида мазкур чекловларнинг аҳамияти янада ошгани меҳнат кучини экспорт қилувчи мамлакатларни қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш мақсадида қўшимча чора-тадбирлар кўришга ундади.

Хориждаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича ривожланаётган мамлакатлар ва Ўзбекистон тажрибасини, шу жумладан, Ўзбекистонда меҳнат миграцияси жараёнини соддалаштириш ва фуқароларнинг чет элдаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини таъминлаш бўйича таклифларни «Экономическое обозрение» журналининг 9-сонида батафсил ўқишингиз мумкин.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

етакчи илмий ходими Ҳасанжон Мажидов

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Castles S. & Vezzoli S. (2009, June), The global economic crisis and migration: temporary interruption or structural change? Paradigmes #2. Retrieved from https://www.migrationinstitute.org/files/news/castles-and-vezzoli_the-global-economic-crisis-and-migration.pdf
  2. IOM (2019), World Migration Report 2020, UN, New York, Retrieved from https://doi.org/10.18356/b1710e30-en
  3. OECD (2020), Managing international migration under COVID-19. Retrieved from http://www.oecd.org/coronavirus/policy-responses/managing-international-migration-under-covid-19-6e914d57/
  4. Rodrik D. & Rosenzweig M (2010). Development Economics #5. Elsevier BV.
  5. World Bank Group & KNOMAD (2020, April), COVID-19 Crisis Through a Migration Lens. Migration and Development Brief 32. Retrieved from https://openknowledge.worldbank.org/bitstream/handle/10986/33634/COVID-19-Crisis-Through-a-Migration-Lens.pdf?sequence=5&isAllowed=y
  6. World Bank Group (2020, June), Potential Responses to the COVID-19 Outbreak in Support of Migrant Workers. “Living Paper” Version 10. Retrieved from http://documents1.worldbank.org/curated/en/428451587390154689/pdf/Potential-Responses-to-the-COVID-19-Outbreak-in-Support-of-Migrant-Workers-June-19-2020.pdf
  7. International Labour Organization (2020, May), COVID-19 crisis and the informal economy Immediate responses and policy. Retrieved from https://www.ilo.org/wcmsp5/groups/public/---ed_protect/---protrav/---travail/documents/briefingnote/wcms_743623.pdf
  8. International Labour Organization (2020, June), Social protection for migrant workers: A necessary response to the Covid-19 crisis. Retrieved from https://www.ilo.org/wcmsp5/groups/public/---ed_protect/---soc_sec/documents/publication/wcms_748979.pdf
  9. International Labour Organization (2020, June), COVID-19 and the world of work: Ensuring no one is left behind in the response and recovery. Retrieved from https://www.ilo.org/wcmsp5/groups/public/---dgreports/---gender/documents/publication/wcms_750309.pdf
  10. International Labour Organization (2020, June), COVID-19 and the world of work: Ensuring no one is left behind in the response and recovery. Retrieved from https://www.ilo.org/wcmsp5/groups/public/---dgreports/---gender/documents/publication/wcms_750309.pdf
  11. International Labour Organization (2020), Malaysia: Review of admission and recruitment practices of Indonesian workers in the plantation and domestic work sectors and related recommendations. Retrieved from https://www.ilo.org/wcmsp5/groups/public/---asia/---ro-bangkok/documents/publication/wcms_749695.pdf
  12. International Labour Organization (2020, April), Protecting migrant workers during the COVID-19 pandemic: Recommendations for Policy-makers and Constituents. Retrieved from https://www.ilo.org/wcmsp5/groups/public/---ed_protect/---protrav/---migrant/documents/publication/wcms_743268.pdf
  13. International Labour Organization (2020, April), Protecting migrant workers during the COVID-19 pandemic: Recommendations for Policy-makers and Constituents. Retrieved from https://www.ilo.org/wcmsp5/groups/public/---ed_protect/---protrav/---migrant/documents/publication/wcms_743268.pdf

[1] Жаҳон банки (2020, June), Potential Responses to the COVID-19 Outbreak in Support of Migrant Workers. “Living Paper” Version 10. http://documents1.worldbank.org/curated/en/428451587390154689/pdf/Potential-Responses-to-the-COVID-19-Outbreak-in-Support-of-Migrant-Workers-June-19-2020.pdf

[2] Варшавер В., Иванова Н., Рочева А. Группа исследований миграции и этничности. Положение мигрантов в России во время пандемии коронавируса (COVID-19): результаты опроса. http://mer-center.ru/_ld/1/169_06-07-2020-vars.pdf

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар