Ёшлар - ҳар қандай жамиятнинг эртаси, келажагидир. Улар Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо олтин фонди, қолаверса, истиқболимиз пойдевори ҳисобланади. Бугун юртимизда уларнинг замонавий илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллаши учун барча куч ҳамда имконият ишга солинмоқда. Янги Ўзбекистон ўз олдига улкан марралар қўйган. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга киришилган.
Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида биринчи имзолаган қонун ҳужжати - 2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун эканида ҳам рамзий маъно мужассам. Бинобарин, аҳолисининг ярмидан кўпроғи навқирон инсонлардан иборат бўлган мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, мақсадга интилувчан, серғайрат, ватанпарвар, садоқатли шахслар сифатида тарбиялаш янги Ўзбекистонни бунёд этишда ҳал қилувчи кучдир.
Янги Ўзбекистон бахтиёр ёшлар мамлакатидир. Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 64 фоизини ёшлар, яъни 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Албатта бу, давлатимиз зиммасига улкан масъулият юклашини кўз олдимизга келтирсак, жуда катта эътибор, ғамхўрликни талаб этади, иккинчи томондан ёшларимизга кўрсатиладиган эътибор, эртага улкан ютуқ ва натижаларини ҳам беради. Чунки ҳозир Ўзбекистон меҳнат ресурсларининг ярмидан кўпи ёшлардир. Келгусида ҳар учинчи раҳбар ҳам ёшлардан бўлади.
Шу боис ҳам, ёшлар барча даврларда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этиб келинган. Шарқ Уйғониш даврида ҳам, жадидлар фаолиятида ҳам, жамиятнинг янгиланишида ёшларнинг ўрни беқиёс бўлган. Шу жиҳатдан мунтазам шаклланиб борувчи бу қатлам доимий йўналтириб ва қўллаб-қувватлаб туришни талаб этади. Бу эса, давлат томонидан ёшларнинг мамлакат манфаатлари йўлида эркин ижтимоийлашуви ва ўзини самарали намоён этиши учун мақбул шароит ва имконият яратиш ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар тизими ёшларга оид давлат сиёсатини англатади.
Яна бир муҳим жиҳат. Яқин истиқболда мактабгача таълимдаги қамров даражасини ҳозирги 67 фоиздан камида 80 фоизга етказиш, мактабларни ривожлантириш Миллий дастурини жорий этиш, ўқув дастурлари ва дарсликларни илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта кўриб чиқиш, олий таълимга қамров даражасини 50 фоизга етказиш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш мақсад қилинган. Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири, Эркин Воҳидов “Ҳар бир миллатнинг келажаги истаймизми-йўқми, ўқитувчилар савиясига боғлиқ. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз лозим” – деб бежизга таъкидламаган эди.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, ер юзи умумий бойлигининг 66 фоизи инсон капиталига, яъни инсоннинг илм даражасига тўғри келмоқда. АҚШда ушбу кўрсаткич миллий бойликнинг 77 фоизига тенг.
Капитал тараққиёт тарбия ва таълимдан бошланади. Ёш авлодга йўналтирилган ҳар қандай сармоя эртага - кун келиб минг-минг ҳисса бўлиб қайтади. Шу маънода, Ўзбекистон ёшларига зўр ҳавас қилишдан бошқа ҳавас йўқ.
Умуман олганда, Ўзбекистонда инсон капитали учун катта мақсадлар ва маблағлар сарфланмоқда. Ўз навбатида, халқимизда “Янги Ўзбекистон орзуси” пайдо бўлди. Бу нима дегани? Президентимиз таъбири билан айтганда, Янги Ўзбекистон — барчамизнинг эзгу орзумиз, меҳнаткаш, тинчликсевар халқимизнинг орзуси! Унда халқимизнинг азалий умид-ниятлари, юксалиш сари интилишлари ўзига хос тарзда акс этмоқда.
Иқтисодий ривожланишнинг турли босқичларида инсон ресурслари баҳоланиши
Категория | Қўлланиш даври | Иқтисодиёт субъекти тўғрисидаги тасаввур | Амалга киритилиши сабаблари |
Иш кучи | XIX аср –ҳозирги давр | Инсон – меҳнат жараёнида самарали фойдаланиш имконияти бўлган қобилият ва сифатлар соҳиби сифатида | Ишлаб чиқаришда шахс омилини ҳисобга олиш зарурати |
Меҳнат ресурслари | XX асрнинг 20-йиллари – ҳозирги давр | Инсон – ташқи бошқарувнинг нофаол объекти, режа-ҳисоб бирлиги сифатида | Иқтисодиётни марказлаштирган ҳолда бошқариш шароитида иш кучини такрор ҳосил қилиш жараёни кўрсаткичларини ҳисобга олиш зарурати |
Меҳнат салоҳияти | XX асрнинг 70-80-йиллари – ҳозирги давр | Инсон – меҳнат соҳасида ўз эҳтиёж ва манфаатларига эга субъект сифатида | Шахсий омил имкониятларини фаоллаштириш ва улардан самарали фойдаланиш зарурати |
Инсон омили | ХХ аср 80-йилларининг охири – 90-йилларининг бошлари – ҳозирги давр | Инсон – ижтимоий ишлаб чиқаришнинг асосий ҳаракатга келтирувчи кучи, унинг самарадорлигини ошириш воситаси | Ижтимоий-сиёсий шарт-шароитлар, шахсий омил самарадорлигини ошириш зарурати |
Инсон капитали | ХХ асрнинг 90-йиллари бошлари – ҳозирги давр | Инсон – энг самарали капитал киритишнинг объекти, бу капитал билим ва маҳоратни оширишга хизмат қилиб, келгусида энг юқори самара келтириши мақсадини кўзлаш | Инсон салоҳиятини ҳамда инсонга инвестицияларнинг иқтисодий хусусиятини эътироф этиш |
Шу ўринда битта савол туғилади. Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантириш қай даражада?
Саволга жавоб беришдан олдин, келинг, юртимиз инновацион ривожланиш шартлари ва омиллари кўрсаткичларини жаҳон мезонлари билан таққослаб кўрамиз. Унга кўра, Тадқиқот ва ривожланиш харажатларининг (R&D) ЯИМдаги улуши атиги 0,2 фоизни ташкил этади. Бу бошқа мамлакатларга қараганда ўртача 11,8 баробарга кам, деганидир.
Ваҳоланки, ҳозирги пайтда инсон капиталига нисбатан қарашлар тубдан кенгайиб, унга қимматбаҳо акция ҳамда даромадлар оқими сифатида қаралмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки инсон капитали иқтисодий ривожланиш билан чамбарчас боғлиқ. Буни дунёга машҳур ҳинд олими, иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти соҳиби (1998 йил) Амартия Сен илмий асослаб берган. Унинг фикрича, ривожланиш жараёни фақат моддий ёки иқтисодий фаровонликнинг ортиши эмас, балки жамиятнинг ҳар бир аъзосига танлов эркинлиги юқорилигини назарда тутадиган шахснинг имкониятларини кенгайтиришдир. Давлат нафақат истеъмол тенглигини, биринчи навбатда, таълим, соғлиқни сақлаш хизматлари, шунингдек, сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлари соҳасида тенг ҳуқуқлиликни таъминлаши керак. Бу инсон капиталининг ўсишига хизмат қилади.
Инсон тараққиётига сармоя киритиб, жамият нафақат меҳнат унумдорлигини оширишга, балки товарлар, ижтимоий маҳсулотлар ва хизматларни янада адолатли тақсимлашга ҳам эришиши мумкин. Шундай қилиб, иқтисодиётни модернизация қилиш мақсадларига эришиш учун инсон капиталини ривожлантириш вазифаси давлатнинг ижтимоий сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ушбу мақсад-муддаоларга ҳамоҳанглиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Дунёга машҳур давлат арбоби, Сингапурнинг биринчи Бош вазири Ли Куан Ю “Сингапур мўъжизаси”да “тўғри сиёсат ва инсон капиталига сармоя тикишимизда”, дея таъкидлаган эи. Яъни инсон капиталига йўналтирилган 1 доллар маблағ 10 йилдан сўнг 100 баробар, 20 йилдан сўнг 1000 баробар бўлиб қайтади. Аслида ҳам шундай.
Тараққий этган давлатларда “Саноат-4.0” ибораси пайдо бўлганига бир неча йил бўлди. “Саноат-4.0” дастури тараққиётнинг янги - “рақамли иқтисодиёт” босқичи бошланганини англатади.
Ўзбекистон учун “Саноат-4.0” яратадиган энг катта имкониятлар ҳам, муайян хавфлар ҳам инсон омили билан боғлиқ. Чунки меҳнат ресурсларида интеллектуал салоҳиятнинг роли тобора ошиб бориши ушбу янги даврнинг характерли хусусиятидир. Марказий Осиёда энг кўп аҳолига эга Ўзбекистоннинг, албатта, бу борада катта имкониятлари мавжуд. Тўртинчи саноат инқилобида капиталга таянган иқтисодиёт ўрнини “истеъдодлар иқтисодиёти” эгаллай бошлашини ҳисобга олсак, айнан инсон капиталини кўтаришга устуворлик берилишининг зарурати ойдинлашади. Шу билан бирга, “Саноат-4.0” дастури доирасида ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларининг рақамлашуви ва автоматлашуви натижасида кўплаб иш ўринлари қисқариб кетади. Меҳнатга лаёқатли аҳолини, биринчи навбатда, ёшларни янги технологик даврда яшаш ва меҳнат қилишга тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади.
Инсон капиталининг турлари ва компонентлари
Жамият, давлат томонидан аҳолининг барча қатламларига ва тоифаларига айни миқдор ва шакллардаги инсон капитали инвестицияси сарфланишига қарамай, инсон капиталининг қуйидаги турлари шаклланади ва ҳукм суради:
- Ижобий (фаол) инсон капитали;
- Салбий (нофаол) инсон капитали;
- Манфий инсон капитали.
Ижобий (актив) инсон капитали – ўзи учун сарфланган инвестицияни тўла ўзлаштирган ва уни жамиятнинг ривожла-ниши ва такомиллашуви шаклида рўёбга чиқарган креатив (яра-тувчи) ва инновацион капиталдир. Бу яратувчанлик ва тако-милла¬шув, жумладан, аҳолининг турмуш даражасининг ошиши, инновацион салоҳиятнинг юксалиши, таълим тизими¬нинг ривожи, илм-фаннинг тараққиёти, ахборот алмашинуви ва таъминоти эркинлиги, аҳоли саломатлигининг яхшиланиши каби¬ларда намоён бўлади. Чунки, инсон капиталининг параметрлари ва сифати аҳоли / шахснинг менталитети, таълим даражаси, ҳаётий тасаввурлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги аҳвол каби¬лар билан ўлчанади. Айтиш лозимки, илм-фан, таълим ва соғлиқни сақлашга сарфланган инвестициялар тарихан қисқа муд¬дат ичида самара бериши мумкин, аммо асрлар давомида шакл¬ланган менталитетни қисқа вақтда ўзгартириш қийин. Шу сабабли дунёдаги илғор тажриба ва билимларни миллий/шахс менталитетининг ижобий хусусиятлари билан уйғунлаштириш муҳимдир.
Ўзбекистонда ривожланган Ғарб ва Шарқ мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётдаги тажрибаси ўзлаштирилар экан, айни шу нуқталарга жиддий эътибор қаратилаётгани диқ-қатга сазовордир, яъни илғор чет эл тажрибасининг халқимиз-нинг миллий менталитетига ва кўп асрлик анъаналарига мос келадиган жиҳатлари, шакллари қабул қилинмоқда ёки улар маҳаллий шарт-шароитларга мослаштирилмоқда. Шунингдек, миллий маданиятимиз, анъаналаримизни тарғиб қилиш ҳамда ёшларимизни чет эллардаги баъзи оқим ва ҳаракатларнинг зарарли таъсиридан сақлаш учун олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ва профилактик чоралар айнан шу мақсадни кўзлагандир. Инсон капитали ҳам айни маълум шахс каби маълум бир цивилизация, менталитет ва анъаналарнинг маҳсулидир.
- Салбий (пассив) инсон капитали. Инсон капиталининг бу тури мамлакат тараққиётига ва инновацион иқтисодиётга айтарлик ҳисса қўшмайди, унинг бутун моҳияти моддий имкониятларнинг истеъмолчиси бўлишдан иборатдир. Пассив инсон капиталини яхши таълим олмаган, оддий кустарь (қўл меҳнатига асосланган) саноатда, товар айирбошлашга асосланган тижоратда ёки механизациялашмаган қишлоқ хўжалигида банд кишилар ташкил этади дейиш мумкин. Ўзбекча таъбир билан айтганда, «қора меҳнат» қилувчилар, яъни малака талаб қилмай¬диган ишларда ишлайдиган кишилар пассив инсон капиталини ташкил этадилар.
- Инсон капиталининг энг таҳлил ва баҳс талаб учинчи тури манфий инсон капиталидар. Манфий инсон капитали деганда, номидан маълум бўлганидек, ўзига сарфланган инвестиция-лардан жамият учун ҳеч қандай фойда келтирмаган, на ўзи яшайдиган жамият иқтисодиётининг ривожига, на аҳоли тур¬муш даража¬сининг юксалишига, на шахс сифатида ўзининг ри-вожланишига ҳисса қўшишга ярамаган тоифа тушунилади. Ўзбекча ифода билан айтганда, «на ўзига, на бошқага фойдаси тег¬майдиган» тоифа манфий инсон капиталини ташкил этади. Ашаддий жиноятчилар, гиёҳвандлар, коррупционерлар, ишёқмаслар, ички¬лик¬бозлар, текинхўрлик билан кун кечирувчилар – бир сўз билан айтганда, жамият ва оиласининг сарфлаган моддий инвестицияси, берган таълим-тарбиясининг самарасини йўққа чиқарган кишилар манфий инсон капитали сифатида намоён бўладилар. Ана шу тоифадаги инсон капитали мисолида баъзи тоифадаги кишилар учун сарфланган инвестициялар ҳамиша ҳам ўзининг ижобий самарасини беравермаслиги кўринади.
Манфий инсон капитали кўпинча халқнинг менталитетидаги нозик ҳолатлар, етишмовчиликлар, аҳоли маданият савиясининг пастлиги, жамиятдаги муаммолар, шунингдек, кишиларнинг та-биий ҳаққи бўлган эркинликларнинг чекланиши каби сабаблар натижасида вужудга келиши мумкин.
Маънавий етук жамиятларда манфий инсон капитали тоифасидагиларга ўзларининг умидсиз ҳолларидан чиқиш учун сўнгги имкониятлар берилади ҳамда уларнинг ижобий ўзгаришларга бўлган ҳаракатлари жамият ва давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Бунга мисол тариқасида мамлакатимизда ҳар йили Конституция куни ёки Мустақиллик байрами арафасида адашиб хато йўлларга кирган кишиларга авф (амнистия) эълон қилиниши ва собиқ маҳбусларга ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун берилаётган ёрдам ҳолларини келтириш мумкин. Бундай ижтимоий ғамхўрлик натижасида манфий инсон капиталига айланишга улгурган фуқаролар жазони ўташ муассасаларидан муддатидан олдин озодликка чиқариладилар, сўнгра уларга маҳалла ва ички ишлар органлари иш топиш ва тураржой билан таъминлашда ёрдам берадилар, янги касб ёки ҳунар соҳиби бўлишига ёрдамлашадилар. Мамлакатимизда ана шу тарзда тўғри йўлга тушиб олган, мусбат инсон капитали тоифасига қайтган кўплаб инсонлар бор.
Хуллас, инсон капитали – меҳнат қилувчи кишиларнинг оддий йиғиндиси эмас. Инсон капитали бу профессионализм, билимга интилиш, ахборот таъминоти, соғлиқ, оптимизм, ташаббус ва меҳнатсеварлик каби томонлар ва хислатлардан юзага келадиган бир феномендир.
Изоҳ қолдириш