Хайринисо Деҳқонбоева Тошкент вилоятининг энг чекка, олис ҳудудларидан бири – Бўка туманидаги “Қорақўйли” қишлоғида яшайди. Мактабгача таълим йўналишидаги касб-ҳунар коллежини битирган бу аёл Президент Халқ қабулхонаси ташкил қилган туман секторлари раҳбарларининг сайёр қабулига иккита масала билан борган эди: ўзига доимий иш топиш ва фарзандини болалар боғчасига бериш.
Мавжуд реал вазият эса дастлаб аёлни сал шошириб қўйди: давлат мактабгача таълим муассасаларига уларнинг электрон навбати келганда, фарзанди аллақачон мактаб остонасига қадам қўяр экан. Ўз соҳаси бўйича доимий иш топиши учун эса бир муддат кутиши лозим.
Хўш, Хайринисонинг бу икки масаласи қандай ечим топди?
Бу ҳақда сал кейинроқ...
Мавзуга киришдан аввал эътиборингизни қуйидаги таҳлилий маълумотларга қаратсак: Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 2021 йилнинг 10 ойида Бўка тумани аҳолисидан қарийб 5 минг 490 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 4 минг 670 дан зиёди яъни 85,2 фоизи қаноатлантирилган.
Хайринисо Деҳқонбоева тақдирига қайтсак. Унинг ўз соҳаси бўйича доимий иш топиш-у фарзандини болалар боғчасига беришга оид масаласи сайёр қабулда қандай ҳал қилинди?
Масъуллар Хайринисо билан суҳбат асносида унинг салоҳиятини тўғри баҳолашди. Аёлга ўз уйида оилавий боғча очишни таклиф этишди. Таклифга қўшиб ёрдам қўли ҳам чўзилди: оилавий боғча очишдан, то хоналарни таъмирлаш-у жиҳозлашгача кўмак берилди. Бу борада, 30 млн. сўм банк кредити ажратилгани, айниқса, ишга ривож берди, авж берди.
Шу тариқа Бўканинг чекка “Қорақўйли” маҳалласида 50 ўринли “Беғубор болалик” оилавий боғчаси иш бошлади. Аёлнинг ўзи ҳам кутмаганда ишлари юришиб кетди: беш ойдан сўнг у ота ҳовлисида иккинчи “Илк қадам” хусусий болалар боғчасини ишга туширди. Бугун бу икки муассасада Хайринисонинг ўзи каби ўрта махсус маълумотли 10 нафардан ортиқ педагог аёллар 100 нафар бўкалик болаларга таълим-тарбия бермоқда. Тадбиркор аёл эса энди маҳалласидан 40 сотих ер сотиб олиб, 200 ўринли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти барпо этишга киришди.
Инсон биргина имконият, озгина кўмак, андаккина эътибор билан ўз ички қувватини қандай бирлаштириши, ўз ҳаётини қандай ўзгартириши, ўз турмушини қандай кўтариши мумкинлигига Бўканинг Дўстлик маҳалласидаги 32 ёшли Марям Мажидова тақдири мисолида яна бир бор амин бўлдик.
Яқин-яқингача ўзи ҳам, эри ҳам ишсиз эди. Марям ҳам сайёр қабулга иш сўраб бориб, тадбиркор бўлиб қайтди: пишириқ пиширишга уқуви бор аёлга 30 миллион сўм кредит ажратилди. Ва у бу пулга иккита печ сотиб олди. Ишни торт пиширишдан бошлаган Марям уч ойга бормай кредитни деярли сўндирди. Пишириқлари овозаси Бўкадан ошди, Оққўрғон-у Пскентдаги дўконлардан ҳам талаб туша бошлади. Бир йил ичида бу оила ҳам ўз ҳаётини йўлга қўйди, масъулларнинг озгина эътибори боис ўз муаммоларини ўзи ҳал қилди, ўз тақдирини ўз кучи билан ўзгартирди. Бир кунда бир неча турдаги камида юздан зиёд маҳсулот тайёрлаётган Марям Мажидова бугун маҳалласидаги бир қанча қизларни ҳам иш билан таъминлади. Кечагина қора қозонни қандай қайнатишни билмай турган оила бугун пулини бўлиб тўлаш шарти билан автомобиль ҳам сотиб олди.
Жорий йилнинг 10 ойи давомида Бўкада мурожаатлар асосида Марям каби оилавий тадбиркорликни ривожлантирмоқчи бўлган инсонларнинг 731 та лойиҳаси учун 20,3 млрд. сўм имтиёзли кредит ажратилди.
Албатта, ўз иши, ўз даромад манбаига эга бўлиш – инсон учун энг муҳим мақсадлардан бири. Бироқ бунга эришиш учун аввало тан-жон саломатлиги керак.
Бўка туманидаги инглиз тили фанига ихтисослаштирилган 16-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Дурдона Аҳмедова оиласи, жамият ва давлатимизнинг ёрдами билан бугун оғир хасталикни енгиб, деярли ўлим остонасидан яна ҳаётга, қадрдон мактабига қайтди. Унинг жигарини алмаштиришдан бошқа чора қолмаган, бироқ оиланинг бунга қурби етмасди. Турмуш ўртоғи бисотини сотди, яқинлари, ҳамкасблари имкон қадар маблағ йиди, барибир 50 миллион сўм етмай қолди. Сўнг Ҳакимжон Эргашев кўмак сўраб мурожаат қилгач, бу масала зудлик билан маҳаллий кенгаш сессиясига киритилди. Депутатлар қўллови билан “Меҳр ва саховат” жамғармасидан ажратилган етарлича маблағ боис муаллима хорижда жигар трансплантацияси билан боғлиқ ниҳоятда мураккаб жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказди.
Аслида ҳам ҳар қандай муаммонинг ечими – аввало жипсликда. Халқ билан мулоқот тизими бугун наинки муаммоларнинг ечимини топиш, балки одамларнинг дунёқарашини ҳам ўзгартирмоқда, жамият ва давлат кучини бирлаштирмоқда.
Албатта, булар – халқ билан доимий мулоқотни таъминлаш борасида йўлга қўйилган яхлит тизим, қатъий ва аниқ механизм бераётган реал натижалардан бир шингил, холос. Муҳими, “Инсон қадри учун” тамойили аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг жавҳарига, пировард мақсадига айланмоқда. Халқ қабулхоналари том маънода халқ овозини, жамоатчилик фикрини ифода этадиган тузилмага айланиб бораётгани эса халқчил ва инсонпарвар давлат барпо қилишдек буюк мақсадларга хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш