Истеъмолчилар кайфиятини аниқлаш бўйича сентябрь ойи сўров натижалари эълон қилинди

Истеъмолчилар кайфиятини аниқлаш бўйича сентябрь ойи сўров натижалари эълон қилинди

Мазкур сўров натижалари мамлакатда иқтисодий фаолликнинг ўзгаришини кўрсатиб, миллий иқтисодиётдаги қисқа муддатли тенденцияларни прогнозлаштиришда фойдаланилади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази истеъмолчилар кайфиятини аниқлаш бўйича ҳар ойлик сўров натижаларини эълон қилди (Истеъмолчилар кайфияти индекси). Сентябрь ойи учун ўтказилган сўровда жами 3 500 дан ортиқ киши иштирок этиб, аҳолининг барча қатламини – жинси, ёши, даромади ва маълумоти бўйича категорияларни қамраб олган.

Истеъмолчилар кайфияти индекси халқаро тан олинган методологияга мувофиқ ҳисобланади.

Маълумот учун: Истеъмолчилар кайфияти индекси иқтисодий индикатор бўлиб, аҳоли (уй хўжаликлари)нинг мамлакатнинг иқтисодий ҳолати ҳақидаги фикрларини баҳолашга хизмат қилади. Мазкур индекс иккита қисм – истеъмолчилар томонидан жорий иқтисодий ҳолат ва уларнинг келгусидаги кутилмалари баҳоларидан ташкил топган. Одатда кутилмалар иқтисодиёт ўсаётганда яхши, пасаяётганда эса ёмонроқ бўлади.

Индекс 0 дан 200 гача интервалда бўлиб, унинг 100 дан баланд бўлиши аҳоли орасида иқтисодиётда оптимистик кутилмаларнинг кучлилигини англатади.

Сўров натижаларига кўра, сентябрь ойида Истеъмолчилар кайфияти индекси 90 бандни ташкил этди (август - 87 банд) ва бу кўрсаткич ўтган 5 ойга нисбатан энг юқори ҳисобланади.

Эътиборлиси, худди шундай индекс сентябрь ойида АҚШда - 79, Буюк Британияда -75, Россияда – 89 бандни ташкил этган. Август ойида эса бу индекс Украинада - 68, Туркияда – 82, Жанубий Кореяда – 79 бандни қайд этган.

Ҳудудлар бўйича энг катта кўтарилиш Сирдарё (+12 банд), Қашқадарё (+6) ва Хоразм (+5) вилоятларида қайд этилган бўлса, энг катта пасайиш Бухоро (- 4) ва Навоий (- 4) вилоятларида кузатилди.

Жорий ҳолат

Сентябрь ойида ишчи ўринлар сони ўтган 6 ойга нисбатан кўпайганини маълум қилганлар улуши ўтган ойдаги кўрсаткич 13% дан 19,1% га етган. Шу билан бирга, ишчи ўринлари сони қисқаришини кўрсатганлар улуши ўтган 4 ойга нисбатан энг кам ҳисобланади.

Кутилмалар

Истеъмолчиларнинг келгусидаги умумий кутилмаларида оптимистик кайфият кузатилиб, ўтган ойдаги кўрсаткичдан 1 бандга ортиб, 109 бандни ташкил этди.

Эътиборлиси, мазкур ойда республиканинг барча ҳудудларида аҳолининг кутилмаларида ижобий ҳолат қайд этилди. Хусусан, сўровда қатнашганларнинг 36% келгусида мамлакатнинг иқтисодий ҳолати яхшиланишини, 25% эса ёмонлашишини кутаётганини билдирган. 39% респондентлар эса мамлакатдаги иқтисодий ҳолат ўзгармаслигини маълум қилган.

Шунингдек, 25% иштирокчи келгусида ўзининг даромади кўпайишини кутмоқда.

Шу билан бирга, кейинги 6 ойда ишчи ўринлари сони кўпайишини кутаётганлар 30% ни ташкил этган ва мазкур улуш ўтган ойга нисбатан ўзгармаган.

Сентябь ойида сўровда қатнашганларнинг 78% маълум қилишича, давлат томонидан кўрилаётган инқирозга қарши чоралар етарли бўлмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг жамоатчилик билан алоқалар хизмати

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар