Жорий йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази фуқаролар ўртасида “Ўзбекистоннинг ЕОИИ ва ЖСТга эҳтимолий аъзо бўлиши таъсирини баҳолаш” бўйича аноним сўров ўтказди. Сўровда тадқиқотчилар, олимлар, давлат хизматчилари, хусусий сектор вакиллари, ўқитувчи ва талабалар иштирок этишди.
Аввал хабар қилинганидек, январ ойида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари томонидан Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий Иттифоқига (ЕОИИ) аъзо бўлган тақдирда мамлакат иқтисодиётининг асосий тармоқларига таъсири бўйича тадқиқот ишларини якунладилар. Айни пайтда Марказ экспертлари Ўзбекистоннинг жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши иқтисодиёт тармоқларига таъсири ҳақида тадқиқотларни олиб боришмоқда.
Тадқиқотнинг натижалари билан инфографика ва жорий тадқиқотлар бўйича таҳлилий мақолалар жойлаштирилган “Иқтисодий таҳлил“ журналининг сайтида танишишингиз мумкин.
“Ўзбекистоннинг ЕОИИга эҳтимолий аъзо бўлиши таъсирини баҳолаш” мавзусидаги тадқиқот натижаларидан жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида 2020 йил 8-11 январ. республикамизнинг 14 та етакчи олий таълим муассасаларида педагог ходимлар, талабалар, ОАВ вакиллари ва блоггерлар билан учрашувлар ташкил этилди. Ушбу тақдимотлар натижасида жамоатчилик фикрини янада кенгроқ ўрганишга қаратилган сўров ўтказилди.
Сўровнома шакли хориждаги етакчи ақлий марказлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган. Сўровнома 10 та саволдан иборат бўлиб, улар қуйидагича тузилган: биринчидан, ЕОИИга аъзо бўлиши таъсирини баҳолаш бўйича саволлар келтирилган, кейин Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича жамоатчилик фикри ўрганишга қаратилган саволлар берилган.
Сўровномада барча ҳудудлардан 1 300 нафардан ортиқ киши иштирок этди. Тадқиқот иштирокчиларининг гендер таркиби қуйидагича бўлди:
Сўровнома иштирокчиларининг аксарият қисми — 1037 киши (79%) – эркаклар ва аёллар эса — 271 киши (21%)ни ташкил этди.
Сўровнома иштирокчилари орасида кўпчилиги талабалар — 479 (37%), иккинчи ўринда хусусий сектор вакиллари – 356 (27%), давлат хизматчилари – 252 (19%), ўқитувчилар – 155 (12%), олимлар/тадқиқотчилар – 53 (4%), бошқа касблар – 13 (1%).
ЕОИИ
Сўров натижалари шуни кўрсатадики, респондентларнинг 74 % Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилишини қўллаб-қувватлайди. Респондентларнинг 16 % қарши, 4% нейтрал овоз беришган бўлса 6% жавоб беришга қийналишди.
Тадқиқот давомида ҳудудлар кесимида Жиззах, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари респондентларининг ЕОИИга энг кўп (90% дан ортиқ) қўшилишни қўллаб-қувватлашликлари аниқланди.
Интеграцион бирлашмага қўшилишга қарши бўлганларнинг улуши Андижон вилоятида устун (32%), иккинчи ўринни Тошкент шаҳри (26%), ундан кейин Фарғона вилояти (21%) эгаллайди.
Иттифоққа қўшилиш тарафдорлари аёллар ўртасида эркакларга нисбатан кўпроқ (82% ва 73%). Шу билан бирга, ёшлар – 20 ёшдан ёшроқ ва 40 ёшдан каттароқлар орасида қўшилиш тарафдорлари кўп бўлган (80%).
Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилишини қўллаб-қувватламайдиганларнинг улуши 30-39 ёшдаги (23%) фуқаролар орасида юқоридир. Шу билан бирга, таҳлиллар шуни кўрсатдики, қўшилишни қўллаб-қувватловчи фуқаролар сони ўқитувчилар, талабалар ва хусусий сектор вакиллари орасида (76%) тадқиқотчилар ва давлат сектори ходимларига нисбатан (66%) юқори.
Респондентларнинг 45 %и қўшилиш учун асосий хавф учинчи мамлакатлардан (ЕОИИдан ташқари) келадиган импорт маҳсулотларининг Иттифоқ мамлакатлари маҳсулотлари билан алмаштирилиши деб кўрсатилган. Респондентларнинг 42 %ини ташқи рақобат ошган сари ички ишлаб чиқариш ва иш ўринлари камайиб кетиши ташвишга солган. Аҳоли томонидан энг кам ташвиш уйғотадиган (13 %) масала давлат бюджети даромадларини камайиши эҳтимоли бўлган.
Евроосиё иқтисодий Иттифоқига аъзо бўлишнинг энг асосий афзалликлари сифатида товарлар ва хизматлар нархларининг пасайиши, шунингдек рақобат кучайиши натижасида маҳсулот сифатининг ошишини – респондентларнинг 51 % томонидан белгиланган.
Респондентлар томонидан ижобий баҳоланган кейинги долзарб масала (24%) маҳаллий маҳсулотлар учун экспорт бозорларини кенгайиши натижасида янги иш ўринлари яратилиши бўлди.
Сўровнома иштирокчиларининг 15 %и меҳнат муҳожирларининг шароитлари яхшиланишини инобатга олишган. Шу билан бирга, респондентларнинг 10 %и умумий меҳнат бозорининг шаклланиши натижасида ишчи кучининг давлатлараро ҳаракати янада эркинроқ бўлади деб баҳолашган.
Қайд етиш керакки, сўровда қатнашган 200 дан ортиқ иштирокчи ЕОИИ қўшилиш афзалликлари ва хатарлари юзасидан ўз изоҳларини қолдиришган.
Жорий йилнинг 29 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги масаласи кўриб чиқилди. Унда депутатлар ЕОИИда Ўзбекистон кузатувчи сифатида иштирок этишини маъқулладилар. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи муовини Акмал Саидов ўз нутқида таъкидлаганидек, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ўтказилган социологик сўров бу борада жамоатчилик фикрини илмий тадқиқ этиш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.
ЖСТ
Умуман олганда, сўровнома иштирокчиларининг аксарияти (78 %) Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишини қўллаб қувватлашмоқда. Шу билан бирга, 8% қарши эканликларини билдиришган. Респондентларнинг 7 %и нейтрал яъни жавоб беришда иккиланишди.
Ҳудудлар кесимида Навоий, Сурхондарё вилоятларида, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасида (84-91%) ЖСТга аъзо бўлишни энг кўп қўллаб-қувватланади. Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишига қарши бўлганлар учун Тошкент шаҳри (13%), Тошкент вилояти (18%) ва Андижон вилояти (12%) енг юқори ҳисобланади.
Сўров шуни кўрсатдики, ЖСТга аъзо бўлишни қўллаб-қувватловчи фуқароларнинг улуши ҳам аёллар, ҳам эркаклар ўртасида бир хил (78%). Шу билан бирга, қўшилиш қўллаб-қувватламайдиганлар орасида эркаклар сони кўпроқ (9% ва 5%).
Ёш тоифасига кўра, ЖСТга қўшилишни 20 ёшгача бўлган ёшларнинг аксарияти (86%) қўллаб-қувватлашган бўлса. 40 ёшли иштирокчилар орасида нисбатан кам бўлди (68%).
Шунингдек, ЖСТга қўшилишга энг кўп овоз берган ўқитувчи ва талабалар (84%) бўлса, хусусий сектор вакиллари орасида эса бу фикрни қўллаб-қувватлаганлар нисбатан камроқ бўлган (70%).
Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликнинг фуқаролар орасида энг катта хавотирли томони иқтисодиётнинг асосий тармоқлари устидан ташқи назорат бўлиб, унинг натижасида мазкур соҳалар хорижлик тадбиркорларга ўтиши мумкин. Респондентларнинг 44%и ушбу масалада ўз хавотирларини билдиришган.
Респондентларнинг 42 %и товарлар ва хизматлар импортини ошиб кетиши натижасида маҳаллий корхоналар фаолиятига салбий таъсири бўлиши мумкинлигини эътироф этишган. Респондентларнинг 14 %ини эса давлат даромадларини камайиши эҳтимоли безовта қилмоқда.
Респондентларнинг 34 %и – ЖСТга қўшилишнинг асосий афзаллиги рақобат муҳитининг яхшиланиши, товарлар ва хизматлар нархлари пасайиши ва уларнинг сифатига ижобий таъсир қилади деб ҳисоблашади.
23 % респондентлар томонидан Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишининг ижобий самараси сифатида ривожланган мамлакатлар билан савдо алоқаларини яхшилаш, юқори технологияли импортнинг ошиши ижобий баҳоланган.
Респондентларнинг 16% миллий ишлаб чиқариш ва иш ўринлари хорижий инвестициялар оқими ва хорижий корхоналар сонининг кўпайиши натижасида кўпаяди деб ҳисоблайди. Респондентларнинг яна шунчаси экспорт бозорларини кенгайтириш миллий ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва янги иш ўринлари яратиш, деган фикрда.
Сўровда иштирок этганларнинг 11 %и ЖСТга қўшилиш Ўзбекистоннинг халқаро имиджини яхшилашини билдиришган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик алоқалар хизмати
Изоҳ қолдириш