Марказий банк томонидан ўтказилган сўровномада энг яхши ва ёмон хизмат кўрсатаётган банклар номи маълум бўлди

Марказий банк томонидан ўтказилган сўровномада энг яхши ва ёмон хизмат кўрсатаётган банклар номи маълум бўлди

Марказий банк Тошкент шаҳрида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини баҳолаш юзасидан банк хизматлари истеъмолчилари ўртасида сўровнома ўтказди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар қилган.

Мазкур сўровнома тижорат банклари мижозлари билан юзма-юз савол-жавоблар шаклида ўтказилиб, унда 1 092 та респондент иштирок этди (450 нафар жисмоний шахс ва 642 нафар тадбиркорлик субъекти).

Тижорат банкларида банк хизматларини кўрсатиш сифатини баҳолаш юзасидан сўровнома 4 та мезон (ишончлилик, кўникма, ҳозиржавоблик ҳамда мижозларни қўллаб-қувватлаш) асосида ўтказилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, истеъмолчилар томонидан 5 та банкда (Ипак йўли банк, Азия Альянс банк, Инвест Финанс банк, Ориент Финанс банк, Капиталбанк) хизмат кўрсатиш сифати бошқа банкларга нисбатан “яхши”, 8 та банкда эса (Ўзсаноатқурилишбанк, Ўзмиллийбанк, Трастбанк, Ҳамкорбанк, Алоқабанк, Ипотека-банк, Туронбанк, Асака банк) кўрсатилаётган хизматлар “қониқарли” деб баҳоланди.

Шунингдек, респондентлар фикрига кўра, Пойтахтбанк, Микрокредитбанк, Қишлоқ қурилиш банк, Агробанк, Халқ банки ва Давр-банк томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати мижозларнинг эҳтиёжларини “қониқтирмайди”.

Натижалар банк хизматлари истеъмолчиларининг сўровнома давомида билдирилган фикрларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган ва Марказий банкнинг позицияси ҳисобланмайди.

Марказий банк банклар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини баҳолаш бўйича тадбирларни банк хизматлари истеъмолчилари ўртасида даврий сўровномалар ўтказиш орқали давом эттиради ҳамда ўрганиш натижаларини Марказий банкнинг коммуникация каналлари орқали кенг жамоатчиликка тақдим этади.

Келгусида Марказий банк томонидан тижорат банкларида банк хизматларини кўрсатиш сифатини баҳолаш воситаларини кенгайтириш, шу жумладан, “сирли мижоз” механизмидан фойдаланиш ҳамда соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этиш режалаштирилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар