Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

АҚШ муҳим минералларни қазиб олишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кенгайтирмоқда (Financial Times)

АҚШ Хитойга қарамликни камайтириш мақсадида муҳим минералларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасига давлат кўмагини оширмоқда. Йирик лойиҳалар қаторида Жанубий Кореянинг Korea Zinc компанияси томонидан 7,4 млрд долларлик металлургия заводини қуриш ҳамда АҚШнинг Vulcan Elements ва ReElement Technologies компаниялари билан ноёб ер металлари ишлаб чиқариш бўйича 1,4 млрд долларлик келишув ўрин олган.

2025 йилда АҚШда қазиб олинган металларнинг умумий қиймати 33,6 млрд доллардан 38,1 млрд долларга ошган.

Шу билан бирга, 14 та тоғ-кон компаниясининг лоббичилик харажатлари 2024 йилдаги 2,5 млн доллардан 2025 йил ва 2026 йилнинг биринчи ярмида жами 11,5 млн доллардан ошган. Йирик инвестиция келишувларига қарамай, амалда ишлаб чиқариш ҳажмларининг ўсиши ҳозирча чекланган.

Хитой робототехника учун сунъий интеллектга инвестицияларни жадал оширмоқда (Reuters)

Хитой компаниялари инсонсимон роботларнинг янги вазифаларни мустақил ўзлаштиришига имкон берувчи сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқмоқда.

2026 йилнинг биринчи ярмида Хитойнинг робототехника учун сунъий интеллект соҳасига 322 та битим доирасида 13 млрд доллар (93,5 млрд юань) инвестиция жалб қилинган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 баробар кўп. Хитой компаниялари ушбу технологияларни ишлаб чиқариш жараёнларига жорий этмоқда. CATL заводида Spirit AI роботлари эгилувчан симлар билан боғлиқ операцияларни 99 фоиз муваффақият кўрсаткичи билан бажармоқда. Ant Group ўзининг сунъий интеллект моделини 160 минг соатлик маълумотлар асосида ўқитган. Шундан 50 минг соати инсон бошқарувидаги роботлар фаолиятига тўғри келади. Модель 17 та ишлаб чиқарувчининг 20 хил робот конфигурациясига мослаштирилган.

Хитой кимё маҳсулотлари экспорти янги савдо зиддиятларини келтириб чиқариши мумкин (Financial Times)

Хитой кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспортини сезиларли даражада ошириб, Европа ва АҚШ ишлаб чиқарувчилари билан рақобатни кучайтирмоқда. Rhodium Group маълумотларига кўра, 2020-2025 йилларда Хитойда стирол ишлаб чиқариш 97 фоизга, этилен - 80 фоизга, полиэтилен - 75 фоизга, полипропилен эса 71 фоизга ошган.

Нефть-кимё маҳсулотлари экспорти йилига ўртача 40 фоизга ўсган. Хитойнинг Ҳиндистон поливинилхлорид (ПВХ) бозоридаги улуши 3 фоиздан 45 фоизга етган. 2022-2025 йилларда Европада ёпилиши эълон қилинган кимё корхоналарининг умумий йиллик ишлаб чиқариш қуввати 6 баробарга ошган.

Европа Иттифоқи учта антидемпинг текширувини бошлаган. Хитой экспортининг кенгайиши янги савдо чекловлари жорий этилишига ва жаҳон нефть-кимё бозорларида улушларнинг қайта тақсимланишига олиб келиши мумкин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар