Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

Хитой фонд бозорини қўллаб-қувватлаш учун 15 млрд доллардан ортиқ маблағ ажратади (Yonhap)

Хитой Халқ банки октябрь ойида CSI 300 фонд индекси 8,5 фоизга пасайиб, 2016 йилдан буён энг ёмон натижани қайд этганидан сўнг, фонд бозорини қўллаб-қувватлаш чораларини эълон қилди.

Марказий банк молия ташкилотларига акцияларни сотиб олиш учун 15 млрд доллардан ортиқ ликвидлик тақдим этади. Шу билан бирга, компанияларнинг ўз акцияларини қайта сотиб олишини молиялаштириш дастури бўйича фоиз ставкаси 1,25 фоиздан 1 фоизга туширилди.

Хитой регулятори маълумотларига кўра, дастур ишга туширилганидан буён 66 млрд долларлик кредит шартномалари тузилган бўлиб, шундан 42 млрд доллардан ортиқ маблағ кредит сифатида берилган.

Осиё компаниялари АҚШга инвестицияларни оширишда давом этади (Reuters)

Япония, Жанубий Корея ва Тайвань компаниялари глобал таъминот занжирларининг қайта ташкил этилиши шароитида АҚШга инвестицияларни оширишда давом этади. Американинг Citigroup банк гуруҳи маълумотларига кўра, Шимолий Америкага йўналтирилган халқаро компаниялар фаолияти ҳажми йилига камида 10 фоизлик суръатларда ўсмоқда. Япония АҚШга 550 млрд доллар, Жанубий Корея эса 350 млрд доллар миқдорида инвестиция киритиш режаларини эълон қилган.

Citigroup маълумотларига кўра, сўнгги икки йилда Хитой компанияларининг хорижий бозорлардаги фаолияти билан боғлиқ трансчегаравий молиявий операциялар ҳажми ҳар йили 20 фоиздан зиёд ўсган.

Samsung АҚШда Nvidia ва AMD чиплари учун компонентлар ишлаб чиқаради (Maeil Business Newspaper)

Samsung Electronics АҚШнинг Техас штати Тейлор шаҳрида Nvidia ва AMD сунъий интеллект чипларида қўлланиладиган юқори тезликдаги HBM хотираси учун асосий кристаллар ишлаб чиқарувчи иккинчи заводини ишга туширади.

Корхона чипларни илғор 2 нанометрли технология асосида ишлаб чиқариш ускуналари билан жиҳозланади. Завод майдони 251 минг кв. метрни ташкил этиб, Tesla буюртмаларини бажараётган Samsung компаниясининг Тейлор шаҳридаги биринчи заводидан 1,5 баравар катта бўлади.

Ускуналарни ўрнатиш 2029 йилда бошланади, серияли ишлаб чиқариш эса 2030 йилга режалаштирилган. Янги заводда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун буюртмалар олдиндан қабул қилинган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар