Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида инфратузилмани ривожлантириш бўйича инвестицион лойиҳаларни баҳолаш бўйича Ўзбекистон мисолида тадқиқот натижалари тақдим этилди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида инфратузилмани ривожлантириш бўйича инвестицион лойиҳаларни баҳолаш бўйича Ўзбекистон мисолида тадқиқот натижалари тақдим этилди

Жаҳон иқтисодий инқирози шароитида инфратузилмани молиялаштириш учун хусусий капитални жалб қилиш Ўзбекистон иқтисодиёти учун жуда муҳимдир. Пресс-релизда 2003-2007 йилларда амалга оширилган Тошғузор-Бойсун-Қумқўрғон темир йўл линияси мисолида инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилган инвестициялар самарадорлигини баҳолаш натижалари тақдим этилди.

Лойиҳани таҳлил қилишдан мақсад инфратузилмавий лойиҳанинг инвестицион натижадорлигини (фойдалилигини) аниқлашдир.

Инфратузилмавий инвестицион лойиҳаларни молиявий-иқтисодий баҳолаш методикаси ИТИМ томонидан ОТБ билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб камида 4-5 йил олдин фойдаланишга топширилган лойиҳаларни баҳолаш учун (экс-пост таҳлил) қўлланилади. Бундай эконометрик таҳлил Ўзбекистонда биринчи марта амалга оширилмоқда.

2020 йил 30 сентябрь, Тошкент-Токио. Бугун, 30 сентябрь куни Zоом платформасида "Осиёда барқарор инфратузилмага хусусий инвестицияларни жалб этиш: Марказий Осиё мисолида" мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди ва унда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбарияти иштирок этди.

Мазкур тадбир Осиё тараққиёт банки (ОТБ) институти ва Марказий Осиё иқтисодий ҳамкорлик институти (МОИҲИ) билан ҳамкорликда ташкил этилган.

Анжуманда Осиёнинг 11 мамлакатидан 60 дан ортиқ иштирокчи иштирок этди: транспорт вазирликлари ва идоралари, темир йўллар, денгиз портлари, транспорт ва логистика, IT-компаниялар, ақлий марказлар, шунингдек инфратузилма соҳасидаги етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари иштирок этишди.

Тадбирнинг очилишида Япония молия хизматлари агентлиги молиявий тадқиқотлар марказининг бош маслаҳатчиси жаноб Наоюки Ёшино, ОТБ институти раҳбари Жаноб Тецуши Сонобе, Атроф-муҳит, ОТБ Марказий ва Ғарбий Осиё департменти табиий ресурслар ва қишлоқ хўжалиги бўлими директори Ясмин С. Сиддиқий, МОИҲИ институти директори жаноб Сайед Шакил Шах нутқ сўзлашди.

Бугунги тадбир давомида барқарор инфратузилмага хусусий инвестицияларни жалб қилишнинг янги моделлари ва бу йўналишда ҳукуматларнинг роли муҳокама қилинди.

Конференциянинг очилиш қисмида Осиё тараққиёт банки прогнозлари эълон қилинди. Унга кўра, келгуси ўн йил ичида Осиёдаги ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш, қашшоқликка барҳам бериш ва иқлим ўзгаришини бартараф этиш учун инфратузилмаларни ривожлантиришга жами 26 триллион долларлик инвестициялар йўлланилиши керак. Энергетика, транспорт телекоммуникация, сув билан таъминлаш ва санитария соҳалари шулар жумласига киради.

Аксарият мамлакатларда давлат молиясининг чекланганлигини ҳисобга олган ҳолда, хусусий сектор капиталини жалб қилиш бўйича инновацион чора-тадбирларни жорий этиш минтақада инфратузилмани молиялаштиришнинг тақчиллигини бартараф этиш учун жуда муҳимдир.

10-20 йил давомида узоқ муддатли инвестиция лойиҳалари билан ажралиб турадиган суғурта компаниялари ва пенсия жамғармалари каби институционал инвесторларни жалб қилиш кенг кўламли инфратузилмани ривожлантириш учун айниқса муҳимдир. Худди шунингдек, банкларнинг ўз активлари ва мажбуриятлари таркибига мос келадиган қисқа ва ўрта муддатли лойиҳаларга инвестиция киритиш мойиллигини ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон томонидан тадбирда "Далилларга асосланган инфратузилмани молиялаштириш: Ўзбекистон тажрибаси" мавзуидаги тақдимоти билан Маркази раҳбари муовини Умид Абидхаджаев иштирок этди.

Анжуман иштирокчиларига 2003-2007 йилларда амалга оширилган Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўл линиясини қуриш лойиҳаси мисолида Ўзбекистонда инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган далилларга асосланган ёндашув тақдим этилди.

Маълумот учун: 2007 йил август ойида фойдаланишга топширилган 223 км узунликдаги Тошғузор-Бойсун-Қумқўрғон темир йўл линияси Ўзбекистоннинг Жанубий ҳудудларини ривожлантириш учун стратегик аҳамиятга эга. Умумий қиймати 447 миллион АҚШ доллари бўлган йўл Туркманистонни четлаб ўтиб, йўловчи ва юк ташишнинг аввалги масофасини 170 кмга, маршрут вақтини эса – 7 соатга қисқартирди. Лойиҳа "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ маблағлари ҳамда Япония ҳукуматидан олинган кредит ҳисобига молиялаштирилган.

Марказ томонидан амалга оширилган тадқиқотнинг мақсади 13 йил олдин фойдаланишга топширилган Тошғузор-Бойсун-Қумқўрғон темир йўл линиясининг ҳудуддаги корхона ва ташкилотлар фаолиятига ижобий таъсирини аниқлаш эди.

Солиқ тўловчилар ёки ташқи қарз ҳисобига молиялаштириладиган инвестицион лойиҳаларининг самарадорлигини баҳолаш кўпчилик ривожланаётган мамлакатлар учун долзарб масала ҳисобланади. Шу билан бирга, бошқа инвестицион лойиҳалардан фарқли ўлароқ, инфратузилмавий лойиҳаларнинг молиявий, иқтисодий ва ижтимоий таъсирларини баҳолаш янада мураккаб ёндашувни талаб қилади ва лойиҳанинг фақат молиявий кўрсаткичларини кўриб чиқиш билан чекланмайди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда, хусусан, Осиё тараққиёт банки институти тадқиқотчилари, Япония молия агентлиги катта маслаҳатчиси доктор Наоюки Ёшино томонидан тақдим этилган инфратузилма лойиҳаларини эмпирик баҳолаш стратегиясини ишлаб чиқишди.

Марказ директори ўринбосарининг сўзларига кўра, мазкур методика илк бор Японияда кюшу тезюрар поезди мисолида қўлланилган. Бундан ташқари, ушбу таҳлил Виктор Понтинез томонидан Филиппиндаги Липа-Ибаан-Батангас автомобил йўлининг самарадорлигини баҳолашда ҳам қўлланилган. Бугун бу методикани Ўзбекистондаги инвестицион лойиҳа мисолида қўлланилди.

Унинг сўларига кўра, эконометрик таҳлиллар натижасида темирйўл қурилган ҳудудларда ижобий таъсирлар ва қўшни ҳудудларда билвосита таъсир (спилловер эффект)лар мавжудлиги аниқланди.

Ижобий таъсирлар сирасига Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги корхона ва ташкилотлар фойдаси мос равишда 4 ва 5 йил ичида 246 миллиард сўмга ва 319 миллиард сўмга ошиши киради.

Шу билан бирга, 5-йил учун билвосита таъсирлар Бухоро ва Самарқанд вилоятлари корхоналарида фойдани 156 миллиард сўмга кўпайганлигини ҳам кўрсатди.

Методологиянинг фойдали жиҳати шундаки, у иқтисодий эффектларнинг ҳар бирини алоҳида кўрсатиш имкониятини беради. Яъни шу лойиха амалга оширилганда у билан бир вақтда бошқа факторлар хам иқтисодий ўсишга хисса қўшган бўлиши мумкин. Мазкур эконометрик ёндашув шу факторлар улушини нисбатан ажратишга ва инфраструктура лойихасини таъсир магнитудаси ва кўламини аниқлаш имконини беради.

Экспертларнинг таъкидлашича, сўнгги уч йил ичида Ўзбекистонда кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилган, шу жумладан, инфратузилмавий лойиҳаларга хорижий инвестицияларни жалб қилиш чун қулай шароитлар яратилган, уларнинг самарадорлигини баҳолаш камида 4-5 йил кейин амалга оширилиши мумкин. Яъни, бундай эконометрик таҳлил инвестиция лойиҳаларининг бутун минтақанинг инфратузилмаси ва ривожланишига таъсирини баҳолашга имкон беради.

Тадбир давомида халқаро мутахассилар томонидан муҳокамалар давомида ИТИМ томонидан тақдим этилган тадқиқот натижалари юқори баҳоланди ҳамда ОТБнинг "Осиёда барқарор инфратузилма яратишда хусусий инвестицияларни жалб қилиш: Марказий Осиё учун дарслар" тўпламидан ўрин олди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар хизмати

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар