Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонда умумий қиймати 509,2 млн долларга тенг бўлган иккита йирик лойиҳани молиялаштиради

Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонда умумий қиймати 509,2 млн долларга тенг бўлган иккита йирик лойиҳани молиялаштиради

2020 йилнинг 19 декабрь куни Ислом тараққиёт банки (ИТБ) директорлар кенгаши Ўзбекистонда умумий қиймати 509,2 млн долларга тенг бўлган иккита йирик ва иқтисодий жиҳатдан аҳамиятли лойиҳани молиялаштиришни маъқуллади. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

200 млн долларлик биринчи лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида бир қатор инфратузилмавий ҳамда ижтимоий объектларни модернизация қилишни кўзда тутади.

Лойиҳа доирасида 1161 км сув таъминоти тизимлари, 626 км массив ичидаги ва массивга олиб борувчи йўллар, 1154 км паст кучланишли электр линиялари, 693 км ирригация ва дренаж тармоқлари, 155 ўқув, тиббий ва 100дан ортиқ бошқа иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш режалаштирилган. Лойиҳанинг амалга оширилиши 710 мингдан ортиқ кишининг турмуш шароитини яхшилаш билан бирга, ушбу ҳудудларнинг барқарор ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатади.

Банк томонидан 80 млн доллар ажратилаётган иккинчи лойиҳа маҳаллий клиникаларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш орқали саратон касаллигига чалинган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш дастурининг иккинчи босқичини амалга оширишни кўзда тутади.

Лойиҳанинг амалга оширилиши саратон касаллигини эрта босқичларда аниқлашни йўлга қўйиш ва умуман даволаш сифатини яхшилаш имконини беради. 1,8 млн нафардан ортиқ аёллар диагностика скринингидан ўтишга ва 150 минг саратон билан касалланган беморлар сифатли тиббий ёрдам олишга муваффақ бўладилар.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар