Шинжоннинг беш йиллик ривожланиш режаси ва Марказий Осиё учун рақобат кучайиши билан боғлиқ хатарлар
2026 йилда Шинжон-Уйғур автоном районининг 2026–2030 йилларга мўлжалланган беш йиллик ривожланиш режаси тасдиқланди. Режада Шинжонни Марказий Осиё билан чегарадош саноат ва савдо марказига айлантириш кўзда тутилган.
2025 йилда Шинжоннинг ялпи ҳудудий маҳсулоти (ЯҲМ) 5,5%га, саноат ишлаб чиқариши эса 6,8%га ўсган. ЯҲМ ҳажми $300,5 млрдни ташкил этган.
Режанинг амалга оширилиши қайта ишлаш корхоналарини жойлаштириш бўйича Шинжон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги рақобатни кучайтириши мумкин. Бу Марказий Осиё давлатларининг хомашё экспортига боғлиқлиги сақланиб қолишига ва Хитойдан тайёр маҳсулот импорти ошишига олиб келиши мумкин.
Шинжон Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан чегарадош бўлиб, Марказий Осиё давлатлари билан яқин савдо алоқаларига эга.
2025 йилда Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги товар айланмасининг 36,4%и Шинжон ҳиссасига тўғри келган.
Беш йиллик режада Шинжонга хомашё олиб кириш ҳажмини ошириш ва уни чуқур қайта ишлашни кенгайтириш кўзда тутилган. Шунингдек, Хитойнинг бошқа ҳудудларидаги тўқимачилик ва электроника корхоналари ишлаб чиқариш қувватларининг бир қисмини Шинжонга кўчириш режалаштирилган.
Тўқимачилик саноатида пахта ва толадан мато ҳамда тайёр кийим-кечаккача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини ривожлантириш кўзда тутилган. Марказий Осиё тайёр кийим-кечак учун мақсадли бозор сифатида қаралмоқда.
Металлургияда мис, алюминий, титан ва бошқа металларни чуқур қайта ишлаш режалаштирилган. Хусусан, юқори софликдаги алюминий ҳамда электроника саноати учун алюминий фольгаси ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Транспорт соҳасида «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўлини қуриш, Қозоғистон билан чегарада учинчи темир йўл ўтказиш пунктини барпо этиш ва чегара ўтказиш пунктларини модернизация қилиш режалаштирилган.
Юкларни Шинжон ҳудуди бўйлаб 1 кунда, Хитой бўйлаб 2 кунда, Марказий Осиёга эса 3 кунда етказиб бериш кўзда тутилган.
Муҳим минерал хомашёни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш бўйича халқаро тараққиёт банклари ҳамкорлиги
Халқаро тараққиёт банклари ривожланаётган мамлакатларда муҳим минерал хомашёни қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаларини биргаликда қўллаб-қувватлаш механизмини қабул қилди. Ҳужжатни Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Африка тараққиёт банки ва Америкааро тараққиёт банки имзолади.
Механизм табиий ресурсларга бой мамлакатларда хомашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қўшилган қийматни ошириш ва янги иш ўринлари яратишга кўмаклашишга қаратилган.
Ҳужжатда банкларнинг лойиҳаларни тайёрлаш, инфратузилмани яратиш ва хусусий инвестицияларни жалб қилиш бўйича ҳамкорлик йўналишлари белгиланган.
- Ҳуқуқий тартибга солишни, солиқ ва савдо қоидаларини ҳамда рухсатномалар бериш тартибини такомиллаштиришга кўмаклашиш.
- Зарур инфратузилмани яратиш билан бир вақтда конларни ўзлаштириш, қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш корхоналарини ривожлантириш.
- Лойиҳаларни биргаликда тайёрлаш ва молиялаштириш, узоқ муддатли маблағларни жалб қилиш, кафолат ва суғурта воситаларидан фойдаланиш.
- Экологик ва ижтимоий баҳолаш тартибларини мувофиқлаштириш.
Бир нечта тараққиёт банки фаолият юритаётган мамлакатларда уларнинг ишини мувофиқлаштириш учун ишчи гуруҳлар тузиш кўзда тутилган.
Туркияда олтин ажратиб олиш даражасини ошириш ва цианид сарфини камайтириш усули жорий этилди
ACG Metals компанияси Туркиядаги Gediktepe конида олтин ажратиб олишнинг янги усулини жорий этди. Бу усул уюмга тўпланган оксидли маъдандан кимёвий эритма ёрдамида олтин ажратиб олиш жараёнини такомиллаштиради.
Дастлабки натижаларга кўра, олтин ажратиб олиш даражаси тахминан 75%дан 85%га ошган, цианид сарфи эса 45%га камайган. Маъданни қайта ишлаш вақти ва харажатлари ҳам қисқарган.
Тайванда мато бўяшда сув сарфини 92%гача камайтирувчи технология жорий этилди
Тайвандаги JSRTEX тўқимачилик корхонасида Британиянинг Alchemie Technology компанияси ишлаб чиққан Endeavour рақамли технологияси жорий этилди. Махсус пуркагичлар бўёқни аниқ ўлчанган миқдорда бевосита матога сепади. Шу тариқа матони катта ҳажмдаги иссиқ сувга ботирмасдан бўяш мумкин.
Анъанавий оқимли бўяш усулига нисбатан сув сарфи 92%гача камайган. Бўёқ матога юқори ҳароратда мустаҳкамланадиган термозол усулига (Thermosol) нисбатан энергия сарфи ва иссиқхона газлари чиқиндилари 86%гача камайган.
Изоҳ қолдириш