Жаҳон банки Ўзбекистонга қиймати 1,5 млрд доллар бўлган 9 та янги лойиҳа ишлаб чиқмоқда

Жаҳон банки Ўзбекистонга қиймати 1,5 млрд доллар бўлган 9 та янги лойиҳа ишлаб чиқмоқда

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Анна Берде ўртасида 23 июль куни видеоконференция шаклида музокаралар бўлиб ўтди.

Музокарада банк раҳбариятига жорий эпидемиологик вазиятда алоҳида аҳамиятга эга бўлган ва Республикадаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга қаратилган лойиҳаларнинг тезкор кўриб чиқилганлиги учун миннатдорчилик билдирилди. 2020 йил бошидан бери Жаҳон банки томонидан умумий қиймати 1 миллиард доллардан кўпроқ бўлган 4 та шундай лойиҳа молиялаштирилиши маъқулланган.

Биринчи ярим йил якунига кўра ўзлаштирилган Жаҳон банкининг қарз маблағлари ҳажми 310 миллион долларни ташкил этди ва ўзлаштириш коэффициенти минтақада энг юқори кўрсаткичларга эга бўлди.

Ҳозирги кунда телекоммуникация технологиялари, энергетика, фанни тижоратлаштириш, шаҳарсозлик, ўрмон хўжалиги соҳалари, шунингдек, статистик маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича умумий қиймати 1,5 миллиард долларга тенг бўлган 9 та янги лойиҳа ишлаб чиқилаётганлиги маълум қилинди.

Қайд этилишича, банк мутахассислари Ўзбекистонда таркибий ислоҳотлар асосий йўналишларининг «Йўл харитаси»ни, авиация ва энергетика секторларини ислоҳ қилиш дастурини, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини, олий таълим тизимини ривожлантириш концепцияси, Солиқ кодексининг янги таҳририни, Банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини ишлаб чиқишда яқиндан кўмаклашди.

Давлат корхоналари, банк сектори ва авиация саноатини ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг бошқа тармоқларини ислоҳ қилиш бўйича биргаликдаги ишлар доирасида келгусидаги режалар муҳокама қилинди.

Жаҳон банки ҳудудларни ривожлантиришда Ўзбекистонга янада ёрдам кўрсатишга тайёрлиги билдирди ва вилоятларда мавжуд манбалар ҳамда қиёсий афзалликлардан келиб чиққан ҳолда республиканинг ҳар бир ҳудуди учун универсал дастурларни ишлаб чиқиш вазифалари келишиб олинди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар