Жаҳон банки 30 йил муддатга шартлар асосида 500 млн доллар маблағ ажратади

Жаҳон банки 30 йил муддатга шартлар асосида 500 млн доллар маблағ ажратади

11 август куни президент Шавкат Мирзиёев «Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарор билан Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган лойиҳанинг устувор йўналишлари, маблағдан фойдаланиш схемаси ва тартиблари белгилаб берилган.

Унга кўра, умумий қиймати 659,3 млн АҚШ долларига тенг ва 6 йилга (2020–2026 йиллар) мўлжалланган ушбу лойиҳага Жаҳон банки томонидан 30 йил муддатга қуйидаги шартлар асосида жами 500 млн доллар миқдорида маблағ ажратилади:

  • 10 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 181 млн АҚШ доллари миқдорида қарз;
  • 10 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тараққиёт уюшмасининг 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредит;
  • 5 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тараққиёт уюшмасининг 219 млн АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит.

Белгиланишича, лойиҳада Ўзбекистон Республикасининг улуши – 159,3 млн АҚШ долларини, шу жумладан, солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш, инвестиция даврида молиявий харажатларни тўлаш шаклидаги улуш – 124,3 млн АҚШ долларини ташкил қилади.

Президент қарори билан лойиҳа доирасида молиялаштиришнинг устувор йўналишлари ҳам белгилаб берилган. Унга кўра, ажратиладиган маблағлар:

  • қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот, таълим ва маслаҳат хизматларининг ишлаб чиқариш билан интеграциялашган самарали тизимини яратиш;
  • қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, статистик маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатишнинг ишончли ва шаффоф усулларини жорий этиш;
  • озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда «Даладан истеъмолгача» тамойили асосида сифат назоратини кучайтириш, агрологистика, йўл ва бошқа зарур инфратузилмани яратиш;
  • экспортни рағбатлантириш, халқаро бозорларда рақобатбардош, экспортбоп юқори қўшилган қийматли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш;
  • қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғини диверсификациялаш, соҳада давлат иштирокини камайтириш, кооперация тизимини ривожлантириш ҳамда соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш;
  • ер ва сув ресурслари, ўрмон фондидан оқилона фойдаланиш;
  • соҳага бошқарувнинг замонавий тизимларини жорий этиш, хизмат кўрсатиш сервисини такомиллаштириш каби мақсадларда йўналтирилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар