Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳондаги экологик тоза саноат лойиҳаларининг қарийб ярми Хитой ҳиссасига тўғри келмоқда (MPP)

Саноатни декарбонизация қилиш бўйича Mission Possible Partnership (MPP) ташкилоти маълумотларига кўра, Хитой кам углеродли саноатга 45 млрд доллар инвестиция жалб қилган. Мамлакат ҳиссасига жаҳондаги кам углеродли саноат объектларининг 49 фоизи тўғри келмоқда.

Сўнгги 12 ойда жаҳон бўйича 36 та лойиҳа юзасидан инвестиция қарорлари қабул қилинган бўлиб, уларнинг 23 таси Хитойда амалга оширилмоқда. Молиялаштирилган ёки амалга ошириш босқичидаги лойиҳаларнинг умумий сони 189 тага етган. Шундан 93 таси Хитой ҳиссасига тўғри келади. Инвестициялар асосан авиация ёқилғиси, кам углеродли метанол ва аммиак ишлаб чиқаришга йўналтирилган.

MPP ҳисоб-китобларига кўра, барча лойиҳаларни электр энергияси билан таъминлаш учун йилига қарийб 3 500 ТВт·соат электр энергияси талаб этилади. Бу жаҳондаги электр энергиясига бўлган умумий талабнинг 12 фоизига тенг.

Туркия электр энергетикасига 200 млрд доллардан ортиқ инвестиция киритади (Reuters)

Туркия 2040 йилгача мўлжалланган миллий энергетика стратегиясини тақдим этди. Унга кўра, электр энергетикасини ривожлантиришга 200 млрд доллардан ортиқ инвестиция йўналтирилади. Электр станцияларининг ўрнатилган қуввати 123 ГВтдан 281 ГВтгача оширилади. Қайта тикланувчи энергия манбаларининг умумий ўрнатилган қувватдаги улуши 63 фоиздан 77 фоизгача етказилади.

Қуёш ва шамол энергетикаси қувватларини 175 ГВтга, атом энергетикаси қувватларини эса 10 ГВтга етказиш режалаштирилган. 2040 йилга бориб, атом электр станциялари мамлакат электр энергияси истеъмолининг 11 фоизини таъминлаши кутилмоқда. 2027 йилда яна иккита янги атом электр станциясини қуриш бўйича қарор қабул қилиш режалаштирилган.

2040 йилга қадар электр энергияси истеъмоли 365 ТВт·соатдан 680 ТВт·соатгача ошиши прогноз қилинмоқда. Талаб ўсишининг асосий омиллари электромобиллар, маълумотларни қайта ишлаш марказлари, электролизёрлар ва иссиқлик насослари бўлади. Шу билан бирга, электр энергиясидан фойдаланишни кенгайтириш умумий энергия ресурсларига бўлган талабни камайтириш ва 240 млрд доллар миқдорида иқтисодий тежамкорликка эришиш имконини бериши кутилмоқда.

Ҳиндистон электр энергиясини сақлаш тизимларини жорий этишни мажбурий қилади (Bloomberg)

Ҳиндистон ҳукумати 2027 йил март ойига қадар электр таъминоти компаниялари, жумладан, давлат корхоналари учун электр энергиясини сақлаш қувватларини харид қилиш бўйича мажбурий талабларни тасдиқлайди.

2026 йилнинг энг иссиқ ойларида энергетика тизимидаги чекловлар сабабли қуёш электр энергиясининг 11 фоизидан фойдаланилмаган. Мамлакатда қазилма ёқилғиларга асосланмаган энергия манбаларининг генерация қуввати 300 ГВтдан ошганига қарамай, кечки соатларда электр энергияси тақчиллиги кузатилмоқда. Бу эса кўмир электр станцияларида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш заруратини келтириб чиқармоқда.

Шу билан бирга, ҳукумат 2031 йилгача электр энергиясини сақлаш тизимларини субсидиялаш учун 1,5 млрд долларлик дастурни тасдиқлади. Дастур доирасида 92 ГВт·соат сиғимга эга энергия сақлаш тизимларини яратиш ва 10,3 млрд доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилган. 2031-2032 йилларга бориб, Ҳиндистон энергия сақлаш тизимларининг умумий сиғимини 411 ГВт·соатга етказишни мақсад қилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар