Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 8 апрель куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор йўналиши этиб белгиланган ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Хусусан, ўтган йили кичик бизнес субъектларига жами 120 триллион сўмлик кредит ва молиявий ёрдамлар ажратилди. Натижада, пандемиядан зарар кўрган 104 мингдан ортиқ корхона фаолияти тикланиб, хусусий корхоналар пул айланмаси ўтган йилга нисбатан 33 фоизга ўсди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида 27 мингта янги тадбиркорлик субъектлари ташкил топган. Тадбиркорлик учун ажратилган кредитлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ўсган.
Йиғилишда айрим ҳудуд ва сектор раҳбарлари яратилган бу имкониятлардан ҳалигача тўлиқ фойдалана олмаётгани қайд этилди.
– Жуда оғир йилларда яшаяпмиз. Ҳар куни изланиш, интилиш ва пировард мақсадга ишлаш керак. Тадбиркорни қўллаб-қувватламасак, уларга шароит яратмасак, тадбиркорларни кўпайтирмасак, шаҳар ва туманларда маҳаллий бюджет кўпаймайди-ку. Биз қанчалик кўп маблағ бермайлик, фармон-қарорлар қабул қилиб, шароит яратмайлик, қуйи поғонадаги раҳбарлар дунёқарашини ўзгартириб, тадбиркор билан дўст бўлиб ишламаса, натижа бўлмайди, – деди давлатимиз раҳбари.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда ҳокимлар ва сектор раҳбарларига ўз ҳудудида тадбиркорликнинг аҳволи кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддилардан қайси ҳудудда қайси тадбиркорлик йўналишлари ривожлантирилиб, нечта янги лойиҳа амалга оширилиши, қанча иш ўрни яратилиб, қанча аҳоли иш билан таъминланиши бўйича сўров бўлди.
Айтиб ўтилганидек, ривожланишдан ортда қолган 33 та тумандан 28 тасида кескин ўзгариш бўлган. Бу туманларда 2 мингта янги лойиҳа бажарилиб, 25 мингта янги иш ўрни яратилган.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига шу тажриба асосида, ҳар бир маҳалланинг ривожланиш дастурини ишлаб чиқиб, маҳаллий кенгашларда тасдиқлаш, ижросини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Тадбиркорлик учун ер ва бинолар ажратиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари аҳоли бандлигини таъминлаш учун уларга ўзи яшайдиган маҳаллада шароит яратиб бериш зарурлигини таъкидлади.
Масалан, маҳалла идоралари биносида тадбиркорлик лойиҳаларини ишга тушириш ёки хусусий шериклик асосида бино қуриб, биргаликда фойдаланиш мумкин. Шунингдек, замонавий конструкциялардан кўчма шохобчалар қуриш ҳам қулай ва арзон.
Мутасадди ташкилотларга енгил конструкцияли савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш, уларни аукцион орқали жойлаштириш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Чекка ҳудудларда жойлашган ер участкаларининг бошланғич нархини 50 фоизгача чегирма билан сотувга қўйиш ваколатини маҳаллий кенгашларга бериш таклифи билдирилди. Бундан ташқари, унумдорлиги паст бўлган ва фойдаланилмаётган қишлоқ хўжалиги ерларида ҳам кичик саноат зоналари ташкил этиш мумкинлиги айтилди.
Бизнес барқарорлиги учун инфратузилма сув ва ҳаводек зарур. Лекин жойларда бу борада камчиликлар борлиги тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлмоқда.
Жумладан, инфратузилмадаги муаммолар туфайли 320 та тадбиркор сўнгги 2 йилда импорт қилган 220 миллион долларлик асбоб-ускуналарини ишга тушира олмаяпти.
Яна бир мисол – электр қуввати паст бўлгани боис, Янгиҳаёт туманидаги 24 та корхонада 2,5 мингта иш ўрни ва экспортдан йилига 25 миллион доллар йўқотилмоқда.
Шу боис саноат зоналарини инфратузилма билан таъминлашга жорий йилда 2 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилмоқда. Бунинг эвазига йил якунига қадар 168 та саноат зонаси 468 километр электр энергияси, 362 километр газ, 405 километр сув ва 104 километр йўл билан таъминланади.
Бизнес-омбудсманга жойларга чиқиб, тадбиркорларнинг инфратузилма билан боғлиқ муаммоларини ўрганиб бориш ва уларни ҳал этиш бўйича Бош вазирга таклифлар киритиш топширилди.
Изоҳ қолдириш