Шавкат Мирзиёев: 3 ойда ўзгариш бўлмаса, биринчи раҳбарларни ҳам ишдан оламан

Шавкат Мирзиёев: 3 ойда ўзгариш бўлмаса, биринчи раҳбарларни ҳам ишдан оламан

Айни вақтда Президент раислигида "Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш"га бағишланган видеоселектор бўлиб ўтмоқда.

"Тарихий оғир даврда яшаяпмиз. Бизга кўп нарса боғлиқ. Ўзларингни қийнаб, ҳар куни изланиш, интилиш ва провард мақсадга ишлаш бўлмаса, натижа бўлмайди. Шаҳар ва туман ҳокимлари бир нарсани билинглар, тадбиркорни қўллаб-қувватламасак, шароит яратмасак, тадбиркорни кўпайтирмасак маҳаллий бюджет бўлмайди-ку. Қанча пул бермайлик, қанча шароит яратмайлик, қанча-қанча қарор-фармон қабул қилмайлик, агар пастдаги, қуйи поғонадаги туман раҳбарларининг дунё қараши ўзгармас экан, ҳозирги шароитни тушунмас экан, натижа бўлмайди", деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари вазифаларни бажара олмаётган сектор раҳбарлари ишдан кетишини қайд этди ва 3 ойда ўзгариш бўлмаса, биринчи раҳбарларни ҳам ишдан олишини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга ер ва бинолар ажратишни кўпайтириш зарурлиги айтилди.

Давлатимиз раҳбари ер участкаларига инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаш тартибини кўриб чиқиш, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган ер участкаларининг бошланғич нархини 50 фоизгача чегирма билан сотувга қўйиш ваколатини маҳаллий Кенгашларга бериш тартибини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Йиғилишда Қашқадарё вилоятида кичик бизнес ишлаб чиқарган саноат маҳсулотлари ҳажми республика кўрсаткичидан икки баробар камлиги танқид остига олинди.

"Мисол учун, салоҳияти юқори бўлган Қашқадарё вилоятида кичик бизнес ишлаб чиқарган саноат маҳсулотлари ҳажми аҳоли жон бошига атиги 1,9 миллион сўмга тўғри келиб, бу республика кўрсаткичидан 2 баравар паст. Қашқадарёда аҳоли жон бошига йиллик хизмат кўрсатиш ҳажми, 3 миллион сўмдан ошмаган ёки бошқалардан 2 баравар кам.

Ушбу вилоятда ҳар минг нафар аҳолига тўғри келадиган кичик бизнес субъектлари сони атиги 4та, уларда ишловчилар сони 16 нафардан иборат.

Сўнгги йилларда 6 нафар тадбиркор олиб келган 10 млн долларлик ускуналар ишлатилмаган", дея таъкидлади Президент.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар