Ўзбекистонда кўчмас мулкка бўлган талаб қандай ўзгарди

Ўзбекистонда кўчмас мулкка бўлган талаб қандай ўзгарди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан кўчмас мулк ва автомобил бозорларида талаб ўзгариши доимий равишда таҳлил қилиб келинмоқда. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида ушбу бозорларда талабнинг ошиши Ўзбекистонда иқтисодий фаоллик тўлиқ тикланганлигини кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг апрель ойида мамлакатимизда кўчмас мулк бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони 20,8 мингтани ташкил этди, бу эса март ойига нисбатан 2,5% га, 2019 йилнинг апрель ойига (16,2 минг) нисбатан 28,1% га кўпроқдир. 2020 йилнинг апрель ойида коронавирус пандемияси туфайли бу кўрсаткич 2,1 мингга тушиб кетган эди, бу эса февраль ойига нисбатан 87,6%га, март ойига нисбатан 86,1% га кам.

1-расм. 2021 йил апрель ойида кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони ўзгариши индекси

Кўчмас мулк бозорининг 30%дан ортиғи Тошкент шаҳрига тўғри келади. Жорий йилнинг апрель ойида пойтахтимизда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалар сони 6,76 мингтани ташкил этди, бу март ойига нисбатан 9,5%га кўпдир. Шу билан бирга, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 83,4% ни ташкил этди.

Ўтган йилнинг апрель ойида пойтахтимизда бу кўрсаткич 214 мингтагача, февраль ойига нисбатан 95,8%га, март ойига нисбатан эса 95,4%га камайган эди.

Ҳудудлар кесимида кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сонининг энг юқори йиллик ўсиш суръатлари Тошкент (9,5%), Фарғона (9,4%), Сирдарё (5,9%) ва Тошкент (3,3%) вилоятларида кузатилди.

Таъкидлаш керакки, бу кўрсаткич Сурхондарё (13,7%), Жиззах (9,9%) ва Навоий (8,4%) вилоятларида сезиларли даражада камайди.

2021 йилнинг 1-чорагида жами 1578,3 млрд. сўмлик ипотека кредитлари ажратилди. Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра ипотека кредитлари қолдиғи 29,4 трлн. сўмни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,1 трлн. сўм (ёки 31,8%)га кўп ҳисобланади.

Шундан, 455,5 млрд. сўм (ипотека кредитлари умумий ҳажмининг 28,8 %) Тошкент шаҳрига, 144,5 млрд. сўм (9,1%) Андижон, 127,9 млрд. сўм (8,1%) Фарғона ва 122,9 млрд. сўм (7,8%) Сурхондарё вилоятларига тўғри келди.

2-расм. 2021 йилнинг январь-март ойларида берилган ипотека кредитлари

Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, ипотека бозорини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бера бошлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда жорий йилнинг март ойи бошидан бошланган умумий молиялаштириш қиймати 1,1 млрд. долларга тенг уй-жой қурилиши дастурининг амалга оширилиши кўчмас мулк бозорини қўллаб-қувватламоқда.

Шунингдек, қурилиш ҳажмини оширишнинг асосий омили аҳолининг уй-жойга бўлган юқори талаби бўлиб қолмоқда.

Айни вақтда уй-жой нархининг ошиши кутилмаяпти, чунки ҳукумат томонидан уй-жойлар квадрат метрининг нархи 4 миллион сўмдан ошмаслигини таъминлаш вазифаси қўйилди. Хусусан, бунга арзон қурилиш материаллари билан таъминлашни йўлга қўйиш орқали эришиш режалаштирилган.

Уй-жой қурилиши дастурининг амалга оширилиши қурилиш бозорини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради, бу эса ўз навбатида пандемиядан кейинги даврда иқтисодий ривожланишга қўшимча туртки беради.

Халилуллоҳ Ҳамидов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар