Протекционистик сиёсат, экспортёрлар томонидан асосий озиқ-овқат товарлари экспорти бўйича чеклов чораларининг (квота ва тарифлар) киритилиши асосий озиқ-овқат товарлари импортининг қимматлашишига олиб келиши мумкин.
Инфляция даражаси прогнози ва мақсадли кўрсаткичларга эришишнинг асосий омиллари
Ўзбекистон Марказий банки 2020 йил IV чораги учун пул-кредит сиёсатининг шарҳини эълон қилди, унда инфляция даражаси 2021 йилда 9-10 фоизга қадар янада пасайиши кутилмоқда.
2020 йилда дунёда коронавирус инқирозининг хусусиятларидан бири талаб ва таклиф туфайли юзага келадиган шокларнинг ички ва ташқи иқтисодий шароитнинг ёмонлашуви билан бир вақтда содир бўлди.
Кўплаб мамлакатлар 2020 йил декабрдан бошлаб вирусга қарши эмлашни бошлаганига қарамай, дунёда пандемия ҳанузгача давом этмоқда ва шу муносабат билан айрим мамлакатлар томонидан
карантин чекловларининг қайта киритилиши 2021 йилда ташқи иқтисодий муҳитда ноаниқликларни келтириб чиқармоқда.
Бундай вазиятда инфляцияни 2021 йил охирига келиб 9-10% даражасида сақлаб қолиш учун барқарор ташқи ва ички шароитларни шакллантириш муҳим аҳамиятга эга, бу 2020 йил IV чорагида пул-кредит сиёсатини кўриб чиқишдан келиб чиқади.
Биринчидан, 2021 йилда дунёда эпидемиологик вазиятнинг яхшиланиши, тадбиркорлик субъектларининг янги шароитларга мослашиши ва фаолиятини давом эттириши асосий шартлардан ҳисобланади.
Шунингдек, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармасининг
прогнозларига кўра, 2021 йилда ташқи савдо-ҳамкор мамлакатларнинг иқтисодий ўсиш суръатлари босқичма-босқич тиклана бошлайди.
Шу билан бирга, ташқи иқтисодий ҳамкорлар миллий валюталарининг АҚШ долларига нисбатан курслари кескин тебранишларсиз барқарор шаклланиши кутилмоқда. Ўз навбатида, жорий йил охирига қадар халқаро пул ўтказмаларининг 8-10 фоизга ўсиши кутилмоқда. Ушбу омиллар, сўмнинг алмашув курсининг узоқ муддатли трендига яқин шаклланишига ва инфляцияга катта босим ўтказмаслигига хизмат
қилади.
2020 йилда ЯИМга нисбатан умумий бюджет тақчиллиги нисбатан юқори бўлди ва бу, ўз навбатида, жорий йилда ҳам инфляцияга маълум даражада таъсир кўрсатишда давом этади. Шу билан бирга, бюджет харажатларининг белгиланган параметрлардан паст даражада амалга оширилиши инфляцияга қўшимча босим пайдо бўлишининг олдини олади.
Бундан ташқари, 2021 йилда инфляциянинг асосий омилларидан бири бу кейинги йилларда нархларни эркинлаштириш бўйича ислоҳотлар доирасида энергия ресурслари нархларининг кўтарилишини кейинга қолдирилиши ҳисобланади.
Шунингдек, ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилда иқтисодиётга кредит қўйилмалари ҳажми номинал ЯИМ ўсишига мутаносиб бўлади ва 16-20 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, ички бозорда асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабнинг катта қисми импорт ҳисобидан қондирилади. 2020 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари, масалан, кунгабоқар ёғи, шакар, гўшт маҳсулотлари ва картошка нархларининг сезиларли даражада ўсишини, асосан, асосий ишлаб чиқарувчи мамлакатларда ишлаб чиқаришнинг пасайиши билан изоҳлаш мумкин, бу жаҳон бозорларида ушбу маҳсулотлар нархларининг ўсишига олиб келди. Шу билан бирга, прогноз қилинаётган инфляция кўрсаткичларига эришиш учун асосий шартлардан бири бу озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий экспортчилари бўлган хорижий давлатлар томонидан турли чекловларнинг қўлланилмаслиги ва жорий йилда жаҳон нархларининг нисбатан барқарорлиги ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, нархлар динамикасига таъсир этувчи ноаниқликлар шароитида 2021 йилда инфляциянинг 9-10 фоиз атрофида барқарор шаклланиши, асосан, юқоридаги шароитларга боғлиқ бўлади. Шу билан бирга, Марказий банк инфляциянинг жорий даражаси ва унинг прогноз траекториясидан келиб чиқиб, инфляциянинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш мақсадида пул-кредит сиёсатини амалга ошириб боради.
Эҳтимолий хатарлар
Яқин ойларда иқтисодиётда инфляцияни оширувчи хатарларнинг кучайиш эҳтимоли пастлигича қолмоқда.
Шу билан бирга, инфляциянинг бир марталик омилларининг вужудга келиш эҳтимоли ва инфляцион кутилмаларнинг юқори даражада сақланиб қолиши билан боғлиқ хатарлар мавжуд.
Яқин истиқболда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши хатарлардан бири сифатида қолмоқда. Протекционистик сиёсат, экспортёрлар томонидан асосий озиқ-овқат товарлари экспорти бўйича чеклов чораларининг (квота ва тарифлар) киритилиши асосий озиқовқат товарлари импортининг қимматлашишига олиб келиши мумкин.
Шу сабабли, озиқ-овқат бозорлари барқарорлигини ошириш кўп жиҳатдан республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш комплекс стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга боғлиқ бўлади. Ички бозорни зарурий товарлар ҳажми билан таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шу жумладан, базавий озиқ-овқат товарлари импорти географиясини диверсификация қилиш ва концентрациялашувини қисқартириш муҳим аҳамиятга эга.
Изоҳ қолдириш