2025 йилда 1975 йил 2 январь куни ташкил этилган Бутунжаҳон туризм ташкилотининг 50 йиллиги нишонланди. Туризм ташкилоти ўзининг эллик йиллиги муносабати билан сўнгги ярим асрда халқаро туризмнинг асосий тенденциялари таҳлил қилинган, туризмнинг инқирозларга чидамлилигига баҳо берилган, шунингдек, ўтган йиллар давомида сайёҳлар оқими географиясининг ўзгариши баҳоланган ихтисослашган ҳисоботни эълон қилди. Мазкур юбилей ҳисоботининг асосий жиҳатлари ушбу мақолада таҳлил қилинади.
Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти (ЮНВТО; ингл. United Nations World Tourism Organization), халқаро ташкилот, туризм ва саёҳатлар соҳасида БМТнинг ихтисослашган муассасаси. Дастлаб Бутунжаҳон туризм ташкилоти (БТТ) номи билан аталган, унинг биринчи Бош Ассамблеяси 1975 йил май ойида Мадридда бўлиб ўтган ва кейинчалик ташкилот Котибияти шу шаҳарга жойлаштирилган.
2003 йилда БТТ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ихтисослашган муассасаси мақомини олди ва шундан кейин UNWTO (ЮНВТО/ВТООН) деб атала бошлади. Ташкилот аъзоларига 156 та мустақил давлат, шунингдек, хусусий сектор, таълим муассасалари, туризм ассоциациялари ва маҳаллий туризм бошқармалари номидан қарийб 500 та аффилирланган аъзолар киради.
Халқаро туризмнинг ўсиш траекторияси
Сўнгги эллик йил ичида халқаро туризм туб ўзгаришларни бошдан кечириб, нисбатан тор ихтисослашган хизматлар тармоғидан глобал ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим драйверларидан бирига айланди. Туризм, айниқса, дунёнинг кўпгина мамлакатларида тармоқ асосини ташкил қилган кичик ва ўрта корхоналар учун бандлик, тадбиркорлик фаоллиги ва валюта тушумларининг муҳим манбаига айланди.
Халқаро туризмнинг ўсиши демографик, иқтисодий, технологик ва институционал омиллар, жумладан, аҳоли сонининг ўсиши ва мобиллиги, даромад даражасининг ортиши, транспорт ва рақамли инфратузилманинг ривожланиши, шунингдек, халқаро сафарларни соддалаштириш бўйича фаол давлат сиёсати билан боғлиқ бўлди. Натижада бугунги кунда туризм жаҳон хизматлар бозори тузилишига, иқтисодий диверсификация жараёнларига ва минтақавий ривожланишга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
1975 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда халқаро сайёҳлик ташрифлари қарийб етти баравар – 222 млн.дан 1,5 млрд. туристик саёҳатга ошди. Бундай динамика даврий ташқи шоклар ва инқирозларга қарамай, глобал туризм талаби барқарор ва узоқ муддатли ўсганидан дарак беради.
Янада сезиларли ўсиш халқаро туризм даромадлари линияси бўйича кузатилди. Реал қийматда (валюта курслари ўзгариши ва инфляцияни ҳисобга олган ҳолда) халқаро туризм тушумлари 1975 йилдаги 41 млрд. доллардан 2025 йилда қарийб 1,9 трлн. долларгача, яъни 11 баравардан зиёдга ошди (индексацияни ҳисобга олганда). Бу нафақат сайёҳлар сони ошаётгани, балки ҳар бир саёҳатнинг иқтисодий қиймати ортиб бораётганини акс эттиради.

Туризмдан экспорт даромадлари, жумладан, халқаро тушумлар ва транспортда йўловчи ташиш 50 млрд. доллардан 2,2 трлн. долларгача ўсди. Натижада жаҳон бўйича товарлар ва хизматлар экспортида туризмнинг улуши 1975 йилдаги 5 фоиздан 2025 йилда 6 фоизгача ошди ва 1990-йилларнинг ўрталарида қарийб 8 фоизга етди.
Туризмнинг жаҳон иқтисодиётига қўшган ҳиссаси тармоқнинг ЯИМга тўғридан-тўғри ҳиссасининг ўсишида ҳам ўз тасдиғини топди. Туризмнинг жаҳон ЯИМига тўғридан-тўғри ҳиссаси 2008 йилдаги 2,6 трлн. доллардан 2024 йилда 3,6 трлн. долларгача ошди, бу жаҳон ЯИМининг 3,2 фоизига тенг.

Халқаро туризм ривожини тезлаштирган омиллар
Технологик ва институционал ўзгаришлар халқаро туризмнинг жадал ўсишида муҳим роль ўйнади. Бу, энг аввало, туризм хизматларини рақамлаштириш, жумладан, интернетнинг тарқалиши, онлайн бронь қилиш, электрон чипталар ва рақамли тўловлардир. Онлайн туризм агентликларининг пайдо бўлиши бозор тузилмасини тубдан ўзгартириб, транзакция харажатларини камайтирди ва туризм хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирди.
Соҳага авиация транспортининг ривожланиши, айниқса, лоукостер-ташувчилар сонининг ўсиши ва самолётларнинг ёқилғи самарадорлиги ошиши сезиларли таъсир кўрсатди. Бу халқаро саёҳатларни кенг аҳоли қатламлари учун янада қулайроқ қилди. Яна бир муҳим омил виза режимларининг соддалаштирилиши ва электрон визаларнинг жорий этилиши бўлди ва бу саёҳат учун маъмурий тўсиқларни сезиларли даражада камайтирди.
Мамлакатларнинг туризм инфратузилмасини ривожлантириш, миллий брендларни шакллантириш ва халқаро бозорларда туризм йўналишларини фаол тарғиб қилиш бўйича мақсадли саъй-ҳаракатлари ҳам муҳим роль ўйнади. Халқаро тажриба айнан институционал ислоҳотлар бюджет харажатлари нисбатан паст бўлганда энг катта самара беришини кўрсатди.

Инқирозларнинг таъсири ва туризм секторининг барқарорлиги
Таҳлил кўрсатганидек, халқаро туризм кучли тикланиш қобилиятига эга. Иқтисодий инқирозлар, геосиёсий можаролар, молиявий ўзгаришлар ва эпидемиялар, одатда, туризм фаоллигининг қисқа муддатли пасайишига олиб келган.
Ҳатто 1970-йиллар охиридаги нефть инқирозлари, Форс кўрфазидаги уруш, 2001 йил 11 сентябрдаги террористик ҳужумлар ва 2009 йилги глобал молиявий инқироз каби воқеалар ҳам халқаро сайёҳлар оқимининг 1-4 фоизга пасайишига олиб келган, лекин улардан кейин тез тикланиш кузатилди.
COVID-19 пандемияси бундан мустасно бўлиб, 2020 йилда халқаро сайёҳлар оқимининг мислсиз даражада 72 фоизга пасайишига олиб келди. Бироқ, 2024 йилга келиб халқаро туризм инқироздан олдинги даражага қайтди ва 2025 йилга келиб 2019 йилги кўрсаткичлардан ошди.
Пандемия тажрибаси туризм бозорларини диверсификация қилиш, ички туризмни ривожлантириш ва тармоқни қўллаб-қувватлаш учун инқирозга қарши механизмларни яратиш зарурлигини тасдиқлади.
Туризм оқимини диверсификация қилиш ва 2030 йил учун прогноз
Сўнгги 50 йил ичида халқаро туризм географияси сезиларли трансформацияга учради. 1975 йилда Европа ва Америка барча халқаро ташрифларнинг 92 фоизини жам қилган бўлса, 2025 йилга келиб бу минтақаларнинг умумий улуши 66 фоизгача камайди.
Энг жадал ўсишни Осиё-Тинч океани минтақаси намойиш этган бўлиб, унда сайёҳлар келиши 30 баравардан зиёдга ошди. Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. Европа энг йирик туризм минтақаси бўлиб қолмоқда, лекин унинг нисбий улуши секин-аста камайиб бормоқда.
Шу билан бир қаторда, туризм йўналишлари диверсификацияси кузатилмоқда. Дунё бўйича энг йирик ўнта туризм мамлакатининг улуши 1980 йилдаги 61 фоиздан 2024 йилда 40 фоизгача тушди. Пандемиядан кейинги даврда бир қатор мамлакатлар энг юқори ўсиш суръатларини намойиш этишди.
UN Tourism прогнозига кўра, 2030 йилга келиб ташриф буюрган халқаро сайёҳлар сони 2 млрд. кишига етади, бу ўртача йиллик ўсиш қарийб 5 фоиз даражасида бўлишини назарда тутади. Ривожланаётган иқтисодиётлар, энг аввало, Осиё мамлакатлари ҳамда аҳолининг фаоллашиб бораётган ҳаракатчанлиги ўсишнинг асосий драйверлари бўлади.
Прогнозларга кўра, туризм тажрибасини рақамлаштириш, сунъий интеллект, мобил иловалар ва электрон визалардан фойдаланиш орқали саёҳат учун тўсиқларни камайтириш давом эттирилади. Шу билан бирга, геосиёсий беқарорлик, инфляция, иқлим ўзгариши ва эҳтимолий янги эпидемиологик хатарлар билан боғлиқ хавфлар сақланиб қолмоқда.
Ўзбекистоннинг БТТ билан ҳамкорлиги
Ўзининг тарихий ёдгорликлари ва табиий салоҳияти туфайли жаҳоннинг муҳим туризм марказларидан бири бўлган Ўзбекистон Бутунжаҳон туризм ташкилоти билан узоқ ва самарали ҳамкорлик қилиб, 1993 йилда унга аъзо бўлди.
Қуйидаги қабул қилинган муҳим ҳужжатлар ушбу ҳамкорликнинг натижаси бўлди: 1994 йилда 19 та мамлакат Буюк Ипак йўлида туризмни ривожлантириш тўғрисида Самарқанд декларациясини имзоладилар; 1999 йилда Туризм ва маданий меросни асраш тўғрисида Хива декларацияси имзоланди; 2002 йилда Ипак йўли бўйлаб туризм тўғрисида Бухоро декларацияси имзоланди. 2004 йилда Сан-Маринода Ўзбекистон ҳукумати ва Бутунжаҳон туризм ташкилоти ўртасида Самарқандда Буюк ипак йўли бўйича минтақавий офисни очиш тўғрисида битим имзоланди.
2023 йил октябрь ойида Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва БТТнинг “Ипак йўлида туризм” брендини оммалаштириш бўйича қўшма саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланди. Юбилей сессияси давомида Самарқанд шаҳрида Халқаро туризм академияси ва “Ипак йўли” тематик офиси ҳам очилди.

Ўзбекистон учун хулосалар
Юбилей ҳисоботида аниқланган узоқ муддатли тенденциялардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш халқаро туризмнинг умумий стратегик контекстига мос равишда олиб борилмоқда, деган аниқ хулосага келиш мумкин.
Ўзбекистонга ташриф буюрувчи халқаро сайёҳлар сони доимий равишда ўсиб бормоқда. Ушбу кўрсаткич бўйича мамлакатимиз 2019 йилдаги 50-ўриндан 2024 йилда 38-ўринга кўтарилди ва бу халқаро сайёҳларнинг қизиқиши тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
2025 йилда Ўзбекистонга хориждан рекорд даражада 11,7 млн. сайёҳ ташриф буюрди (йиллик ўсиш 46,8 фоиз). Туризм хизматлари экспорти 4,8 млрд. долларга етди. Энг кўп сайёҳлар Қирғизистон (3,3 млн.), Тожикистон (2,7 млн.), Қозоғистон (2,7 млн.), Россия (984,4 минг) ва Афғонистон (476,7 минг) мамлакатларидан келган.
Ўзбекистон шунингдек, туризм оқимларини янги, ўзига хос ва маданий жиҳатдан бой йўналишлар томон силжитишга оид глобал трендга объектив жиҳатдан мувофиқ. Бу ҳудудий туризм зоналарини фаол тарғиб қилиш ҳамда маданий, тарихий, экологик ва гастрономик туризмни ривожлантириш учун замин яратади.
Янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида хорижий сайёҳлар оқимини кескин ўстириш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. 2030 йилга келиб, туризмнинг Ўзбекистон ЯИМидаги улуши 3,5 фоиздан 7 фоизга, хорижий сайёҳлар сони эса 11 млн.дан 20 млн.гача ошиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан, Ўзбекистоннинг бутун жаҳон танийдиган туризм брендини шакллантириш, миллий туризм маҳсулотларини оммалаштириш учун замонавий воситаларни жорий этиш ва мамлакатни халқаро туризм бозорида нуфузли йўналишга айлантириш каби мақсадлар кўзда тутилган.
Халқаро туризмнинг ўзини оқлаган тажрибасидан келиб чиқиб, туризм хизматларини янада рақамлаштириш, визасиз ва соддалаштирилган виза режимларини кенгайтириш, лоукостер-авиақатновларни ривожлантириш ҳамда туризмни транспорт ва ҳудудий сиёсат билан интеграциялаш Ўзбекистон учун устувор йўналишлар бўлиши керак.
Туризм хизматлари ва маҳсулотларини диверсификация қилиш, инвестицияларни жалб қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва янги иш ўринларини яратиш орқали туризм тармоғининг ялпи ички маҳсулотга қўшадиган ҳиссасини ошириш режалаштирилган. Яна бир стратегик мақсад туризм экспортини йилига 6 млрд. доллардан ортиққа оширишдир.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада ривожлантиришга қуйидаги чора-тадбирлар орқали эришиш мумкин:
- устувор туризм ҳудудларидан бирида (Самарқанд, Бухоро ёки Хоразм вилоятлари) “ақлли туризм зонаси” (Smart Tourism Zone) яратиш бўйича пилот лойиҳани амалга ошириш ва кейинчалик уни бошқа ҳудудларда босқичма-босқич оммалаштириш;
- туризм хизматларини рақамлаштириш, “ақлли” туризм зоналарини ривожлантириш, туризм оқимларини бошқариш ва маркетингда сунъий интеллектни жорий этиш каби устувор йўналишлар аниқ белгиланган “Рақамли ва барқарор туризм – 2030” миллий стратегиясини ишлаб чиқиш;
- етакчи туризм давлатлари ва халқаро ташкилотлар (UN Tourism, Яқин Шарқ, Осиё ва Тинч океани мамлакатлари) билан халқаро институционал ҳамкорликни кенгайтириш;
- сайёҳлар учун виза ва чегара тартибларини соддалаштириш механизмларини ривожлантиришни, шу жумладан, электрон визалар ва визасиз режимларни кенгайтиришни давом эттириш.
Бундан ташқари, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети “Рақамли туризм”, “Туризм ҳудудларини бошқариш” ва “Туризм дестинациялари маркетинги” йўналишларида тайёрлов ва малака ошириш дастурларини жорий этиши, шунингдек, инновацион туризм моделлари ва туристик зоналарни ривожлантиришга қаратилган илмий-тадқиқот ва амалий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ.
Фурқат Исломов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали №4/2026
Изоҳ қолдириш