Бугунги синовли кунларда барқарорликни сақлаб қолаётган саноқли мамлакатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқироз шароитига қарамай, Ўзбекистоннинг бу борадаги муваффақиятлари фаол, очиқ ҳамда прагматик ички ва ташқи сиёсат шарофатидандир, дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, иқтисодчи Нодир Жумаев.
Дунёда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият ҳамон оғирлигича қоляпти. Гарчи қатор мамлакатларда аҳолини эмлаш суръатлари ошиб, кўлами кенгайган бўлса-да, вазият тез орада барқарорлашади, деб айтишга ҳеч қандай асос йўқ. Боз устига, вируснинг янги мутациялари пайдо бўлиши туфайли инфекция тарқалишининг янги ўчоқлари юзага келиш хавфи ҳамон юқорилигича қоляпти.
Шундай бир шароитда қатор мамлакатлар иқтисодий инқироздан ўзини эндигина ўнглаб олаётган бўлса, бошқаларида ишлаб чиқариш тушкунлиги ҳукм суряпти.
Жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқироз шароитида Ўзбекистонда фаол, очиқ ҳамда прагматик ички ва ташқи сиёсат, манзилли ижтимоий ва иқтисодий дастурлар натижасида барқарорлик сақланиб турибди, муҳим ўсиш нуқталари кенгаймоқда.
Пандемия ҳали-бери тугамайди
Буни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Гебрейесуснинг қуйидаги фикри ҳам тасдиқлайди:
“Жаҳон миқёсида коронавирусга чалиниш билан боғлиқ янги ҳолатлар ва ўлим кўрсаткичида энг юқори даражани кўрмоқдамиз. Ўтган ҳафта 5,4 миллиондан ортиқ янги юқтириш ҳолати ва 90 мингга яқин ўлим қайд этилди. Афсуски, бу жуда ёмон”.
Токио университетининг жамоатчилик соғлиғини сақлаш бўйича мутахассиси Харука Сакамото фикрича, ҳамма хавфсизликда бўлмагунча ҳеч ким хавфсиз эмас.
Унинг айтишича, инфекция қанча узоқ давом этса, штаммларнинг мутацияга учраш хавфи шунча юқорилигича сақланиб қолади, бу ҳолат аҳолисини вакцинация қилиб бўлган мамлакатларга ҳам таҳдид солиши мумкин. Сабаби, вакциналар янги типдаги мутацияларга қарши самара бермаяпти.
ЖССТ вакили Дейл Фишер айрим давлатлар вакцина ва анъанавий тиббиётни уйғунлаштирган ҳолда эпидемиологик вазиятни яхшилашга эришган бўлсада, бу пандемия якунига етганини англатмаслигини таъкидлайди.
“Кўплаб мамлакатларда эмлаш даражаси ҳамон пастлигича қолмоқда. Шунинг учун касалликка чалиниш ҳолати ўсиб бораётган дунёнинг катта қисми коронавирус қаршисида кучсиз бўлиб қоляпти”, дейди у.
Италия фармакологик тадқиқотлар институти директори Марио Ремуцци ҳам шу каби фикр билдирган:
“Гарчи Европада ковиднинг ҳозирги тўлқинини оммавий эмлаш орқали ёз ўрталарига келиб назоратга олиш умид қилинаётган бўлсада, пандемия ҳали тугагани йўқ. Аксинча, охирги ҳафталарда у, айниқса, Осиё ва Жанубий Американинг айрим ҳудудларида кучаймоқда”.
Ҳиндистон ва Бразилиядаги бугунги ҳолатни кузатиб, вазият нақадар аянчли эканини англаш мумкин.
Бундай мураккаб вазият қатор мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига жиддий салбий таъсир кўрсатяпти. Ишсизлик, нарх-наво ошиб кетиши, ижтимоий кайфият бузилиши, руҳий тушкунлик, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги фаолиятнинг секинлашиши ёки тўхтаб қолиши шулар жумласидандир.
Занжирдаги узилиш - жиддий муаммо
Бу, ўз навбатида, ҳаёт учун зарур маҳсулотлар тақчиллиги ва уларни етказиб бериш занжирларида узилишларга олиб келяпти. Натижада бу халқ хўжалиги ва турмуш тарзидаги энг жиддий муаммолардан бирига айланмоқда. Масалан, Германиядек илғор мамлакатда тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровда респондентларнинг ярми ўз маҳсулотлари ва хизматларини етказиб бериш тизими издан чиқиб кетганини билдирган. Бу охирги 30 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир. Мазкур ҳолат “тождор вирус” тарқалишининг олдини олиш учун қўйилган чеклов чоралари, истеъмол товарларига бўлган талабнинг кескин ошиб кетиши, контейнер ташувчи ва авиаташувларнинг қисқариши билан боғлиқ, албатта.
Хитойда ҳам шунга ўхшаш ҳолат. Масалан, унинг иқтисодиёти учун ярим ўтказгичлар жуда муҳим. Мазкур товарнинг етишмовчилиги сабаб ХХР Тайвань билан сиёсий жиҳатдан кескин муносабатда бўлишига қарамай, у билан иқтисодий муроса қилишга мажбур бўляпти. Натижада жорий йилнинг биринчи чорагида Тайвандан Хитой ва Гонконгга яримўтказгичлар экспорти 47 фоизгача ўсди.
Гап шундаки, ҳозир дунёда электрон товарлар, маиший техника ва автомобилларга бўлган талаб ошиб кетиши натижасида микросхемалар танқислиги кузатиляпти. Боз устига, Хитой компаниялари микросхемаларни келажак учун йиғиб қўймоқда. Улар АҚШ томонидан қўлланиладиган санкцияларнинг салбий таъсиридан хавотирга тушиб, шундай қиляпти.
Занжир ҳалқаларидаги узилишлар эса мобиль телефонлар, автомобиллар ва маиший техникани глобал миқёсда етказиб беришга салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг нархини ошириб юбормоқда. Бу муаммони 2022 йилгача ҳал этиш имкони йўқ, дейишмоқда экспертлар.
Вақтинчалик тикланиш эффекти
Европа иқтисодиёти эса марказда ҳам, чекка ҳудудларда ҳам ковиднинг янги тўлқини билан курашмоқда. Бу эмлаш дастурларидаги тўхталишлар, қўллашдаги мавҳумликлар ва сиёсий курснинг мавжуд эмаслиги фонида давом этяпти.
Буюк Британия эса 2020 йилда пандемия ва “брексит” орқали икки карра кучли зарба қабул қилиб, ҳамон унинг жиддий асоратларини бошидан ўтказмоқда.
АҚШ ва Япониядаги тикланиш ҳам мавҳум бўлиб турибди. Аҳолини оммавий қўллабқувватлаш чоратадбирларига қарамай, истеъмолчилар ишончи ҳамон кучсизлигича қоляпти, экспортда катта ўсиш кузатилаётгани йўқ.
Ҳиндистонда вируснинг қайта авж олиши энди энди оёққа тураётган ишлаб чиқариш сектори оёғига болта уриши, қолаверса, давлат қарзи юқори даражадалиги ва инфляция ўсиши вазиятни янада жиддийлаштириши мумкин.
Нефть нархи барқарорлашуви Россия, Саудия Арабистони ва Нигерия иқтисодиётига вақтинчалик некбинлик бахш этиши айтилаётган бўлсада, бу борада қатъий тасдиқ йўқ.
Бразилияда эса вирус тарқалиши назоратдан чиқиб кетган, сиёсий раҳбарият қабул қилаётган самарасиз чоратадбирлар эса халққа ҳеч қандай наф келтираётгани йўқ. Туркияда ҳам бугунга келиб шунга ўхшаш ҳолат кузатиляпти. Ваҳоланки, мамлакатда 2020 йилда ижобий ўсиш қайд этилган эди.
Универсал рецепт борми?
2020 йилда АҚШ доллари курси сезиларли тушган эди. Жорий йилда эса, аксинча, мустаҳкамланмоқда. Экспертлар АҚШ облигациялари даромадлилиги ошаётган бир пайтда шаклланаётган бозорлар ва катта валюта қарздорлигига эга ривожланаётган мамлакатлар учун ёқимсиз ҳолатларни башорат қиляпти. Зеро, молия бозорларига босим кучайиши ортидан заиф иқтисодиётларда ўсиш янада сустлашади.
Бинобарин, бугун дунё сиёсати қарорлар қабул қилишнинг муҳим бурилиш нуқтасида турибди. Масалан, кўплаб давлатлар вирус тарқалиши давом этаётганига қарамай, ўз иқтисодиётини очиб юборишга ҳаракат қилмоқда. Бошқалар қўшимча макроиқтисодий рағбат бериш йўлидан боряпти. Бу эса уларни қисқа муддатли фойда ва узоқ муддатли заифлик ўртасидаги аросат йўлда қолдиради. Хуллас, ноаниқликлар кўп, хатар юқори. Қатъиятсиз сиёсат эса нисбатан заиф ривожланган давлатларда истеъмолчилар ва бизнес ишончига таъсир ўтказиб, иқтисодий тушкунликни кескинлаштирмоқда.
Хўш, кучли ва барқарор тикланишнинг универсал рецепти борми? Бу борада ҳаммага бирдек мос келадиган модел йўқ, албатта. Лекин оқилона ечим вариантларида, албатта, вирусга қарши кураш бўйича чора-тадбирларни мувозанатлаштирилган пул-кредит ва солиқ имтиёзлари билан уйғун олиб бориш биринчи ўринга чиқади. Бунда, энг аввало, талаб ва ишлаб чиқариш қўллаб-қувватланадиган сиёсатга урғу бериш керак, деб ўйлаймиз.
Саноқли мамлакатлар ўртасида
Қувонарлиси, давом этаётган синовли кунларда ҳар икки фронтда барқарорликни сақлаб қолаётган саноқли мамлакатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқироз шароитига қарамай, Ўзбекистоннинг бу борадаги муваффақиятлари фаол, очиқ ҳамда прагматик ички ва ташқи сиёсат шарофатидандир, десак муболаға бўлмайди. Таниқли халқаро ташкилотлар, тажрибали экспертларнинг фикри ҳам шундай.
Масалан, Осиё тараққиёт банки мамлакатимизда ЯИМ ўсиши 2021 йилда 4 фоиз, 2022 йилда 5 фоизни ташкил этишини прогноз қилмоқда.
“Пандемия ва унга боғлиқ чекловлар 2020 йилда Ўзбекистон иқтисодий ўсишини қисқартиришга олиб келган бўлсада, жорий ва келгуси йилда ўсиш давом этиши кутилмоқда, бироқ ўз вақтида эмлаш ва қатъий чоралар мамлакат иқтисодиёти тикланиши учун муҳим бўлиб қолмоқда, — дейди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Синди Малвичини. — Ўзбекистон узоқ муддатли ўсишни таъминлаш учун хусусий сектор капиталини давлат ва хусусий шериклик учун сафарбар этиши керак”.
Қайд этилишича, ҳукуматнинг саноат объектларини модернизация қилиш, ижтимоий ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари туфайли инвестициялар ўсишнинг асосий омили бўлиб қолиши кутиляпти. Ўз навбатида, хусусий истеъмол юқори иш ҳақи ва инфляциянинг секинлашиши натижасида 7 фоиз ўсиши, электр энергияси ва табиий газ тарифлари барқарорлиги ортидан инфляция 2021 йилда 10 фоиз, 2022 йилда 9 фоизгача пасайиши башорат қилинмоқда.
Биринчи чорак натижалари қандай?
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази юртимиз иқтисодиёти инқирозгача бўлган динамикага қайтишга фаол интилаётгани, бу ялпи ички маҳсулотнинг ўтган йил биринчи чорагига нисбатан 14 фоиз ўсганида ўз ифодасини топганини алоҳида таъкидлаган.
Жорий йилнинг дастлабки 3 ойида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 3 фоиз ошиб, 128,6 триллион сўмни ташкил этгани (2020 йилда бу кўрсаткич 110,5 триллион сўм эди) бунинг тасдиғидир.
Президентимиз раислигида ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи ярим йилликдаги устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида биринчи чоракда ялпи ички маҳсулот 3 фоизга, саноат — 3,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги — 3,1 фоизга ўсгани маълум қилинди.
Иқтисодий ўсиш учун асосий энергоресурслар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш лозимлиги таъкидланди. Қайд этилишича, биринчи чоракда табиий газ қазиб чиқариш 1,7 фоизга камайгани оқибатида 600 минг тонна цемент, 55 минг тонна минерал ўғитлар, 330 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмлари таъминланмаган. Шу боис иккинчи чоракда биринчи чоракдаги 9 миллиард куб метр табиий ҳамда 165 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни сўзсиз таъминлаш вазифаси қўйилди.
Асосий макроиқтисодий кўрсаткичларга келганда, инфляция даражаси пасайишда давом этяпти. Нархларнинг кўтарилиши эса биринчи чоракда 2,5 фоизни, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан эса 2,8 фоизни ташкил этган. Қолаверса, биринчи чоракда ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан саноат маҳсулотлари ҳажми 3,8, хизматлар 5,8, чакана савдо товар айланмаси 2,8, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги 3,1, қурилиш ишлари 0,5 фоиз ўсди.
Экспорт, импорт, ташқи савдо айланмаси ва асосий капиталга киритилган инвестицияларда пасайиш кузатилган.
Сабаби, Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига глобал инқироз таъсир кўрсатишда давом этмоқда.
Кескин тебранишларсиз вазиятдан чиқиш йўли
Муҳими, давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий-иқтисодий ва молиявий секторларни қўллабқувватлаш бўйича ўз вақтида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида асосий эҳтиёж маҳсулотлари нархининг кескин кўтарилиб кетиши, жиддий социал тебранишларнинг олди олиняпти.
Шуларга мос равишда юртимизда ишбилармонлик фаоллиги индекси ўсмоқда. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг маълум қилишича, масалан, март ойида ушбу кўрсаткич 1187 бирликни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,7 фоиз ошган ва пандемия бошлангандан буён ўз максимумига етган. Булар:
- хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақаларидаги операциялари сони 15,7 фоиз;
- фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент 8,1 фоиз;
- товар хомашё биржасида хомашё сотиб олиш жадаллиги 10,2 фоиз;
- товар белгилари бўйича компонент 44,4 фоиз ошганида яққол намоён бўлди.
Ҳудудлар кесимида Қорақалпоғистон Республикасида энг юқори ўсиш қайд этилган.
“Йўлбарс" бўлиш учун нима қилиш керак?
Бугун барчамиз ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий, ҳам психологик жиҳатдан оғир ва синовли кунларни бошдан ўтказяпмиз. Бундай шароитда вазиятни бирданига изига солишнинг имкони йўқ, аксинча, кўз очиб юмгунча барча ютуқлар қўлдан бой берилиши мумкин. Қалтис ва нозик пайтда тезкорлик билан оқилона ечим топиш эса игна билан қудуқ қазиш, кескир дор йўлидан йиқилмай ўтиб олишдан кўра қийинроқдир.
Шундай пайтда нафақат мўътадилликни сақлаб қолиш, балки ўсишга эришиш ва олдинга қараб олға интилишни тасаввур қилаверинг энди. Бунда, биринчи навбатда, маърифат ва билимга таяниш керак. Ўзбекистонни нега навбатдаги “Осиё йўлбарси”га менгзашаётганининг боиси ҳам шунда. Қуйида аниқ фактларни келтирамиз:
“Совкомбанк” “Нима учун Ўзбекистон Жанубишарқий Осиёдан эстафетани олиб, навбатдаги “йўлбарс”га айланишига амин бўлишимиз керак?” деган саволга бундай жавоб беради:
“Барча “йўлбарслар”ни битта муҳим нарса — чет эл капиталининг кириб келиши ва инсон салоҳияти сифатининг яхшиланиши бирлаштиради. Айниқса, сўнгги бир неча йил ичидаги айнан шу омиллар бугунги Ўзбекистонга хос.
...Умуман олганда, Ўзбекистон йилига ЯИМнинг 56 фоизини таълимга сарфлайди — бу нафақат МДҲда, балки бутун дунёда энг юқори кўрсаткичлардан биридир, масалан, AҚШда ҳам таълимга шунча сарфланади.
...Ўзбекистон ресурслар ва инсон капиталига бой мамлакат, республика нисбатан кичик ташқи қарзга эга ва ислоҳотларни давом эттиришга қаратилган замонавий илғор ҳукумати мавжуд. “Йўлбарс”ни мунтазам равишда секинлаштирадиган ёки тўхтатиши мумкин бўлган ҳеч қандай омиллар йўқ”.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон пандемияга қарши курашиш бўйича ўз тажрибасига эга бўлди. Бу кучли ва самарали бошқарув тизимига, бир ёқадан бош чиқариб яшайдиган аҳолининг матонатига уйғундир. Шулар асосида ҳаракатланишда давом этсак, иқтисодий-ижтимоий барқарорликни таъминлаган ҳолда, коронавирус деган балони, албатта, енгиб ўтамиз. Зотан, Президентимиз таъкидлаганидек, “Бугунги мураккаб шароитда юртимизда бошланган кенг қамровли ислоҳотлар, янги Ўзбекистонни барпо этиш сари ташлаётган дадил қадамларимизнинг бардавом бўлишини таъминлаш энг асосий вазифамиз бўлиши шарт”.
Изоҳ қолдириш