Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йил 31 август куни қабул қилинган «Европа инвестиция банки иштирокида «Ўзбекистондa глобaл коронaвирус пaндемияси даврида зарар кўрган тадбиркорлик субъектларини фавқулодда қўллaб-қуввaтлaш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди, деб ёзмоқда Норма.уз.
Ҳужжат Президентнинг 22.04.2020 йилдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, бюджет, базавий инфратузилма ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун ташқи ёрдам маблағларини жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қабул қилинган.
Европа инвестиция банки (ЕИБ) Директорлар кенгаши Ўзбекистонда глобал коронавирус пандемияси даврида зарар кўрган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун 15 йил муддатга 5 йиллик имтиёзли даври билан 100 млн АҚШ долларигача револьвер шаклида кредит линиясини тақдим этишни маъқуллади.
Қуйидаги тижорат банкларига кредит линиялари тақдим этилади:
- «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБга - 30 млн АҚШ доллари;
- «Микрокредитбанк» АТБга - 35 млн АҚШ доллари;
- «Қишлоқ қурилиш банк» АТБга - 35 млн АҚШ доллари.
Битта инвестиция лойиҳаси учун ЕИБ маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига бериладиган кредитларнинг максимал қиймати 12,5 млн евро эквивалентига тенг бўлган миқдордан оширилмайди ҳамда лойиҳанинг максимал қиймати 25 млн евро эквивалентидан ошмайди.
Иштирок этувчи тижорат банкларига тақдим этилаётган ЕИБ кредит линиясининг камида 30%и ЕИБ мезонларига кўра аёллар тадбиркорлигини молиялаштиришга йўналтирилади.
Тижорат банклари ижро этувчи органлар бўлиб, қайта молиялаштирилган ЕИБ кредитлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун жавоб беради. Кредитни қайтариш, фоизлар ва бошқа харажатларни тўлаш қайта молиялаштирилган кредит миқдорида иштирок этувчи тижорат банклари томонидан амалга оширилади.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги лойиҳани мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.
ЕИБнинг лойиҳа бўйича кредитини жалб қилиш графиги тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.08.2021 йилдан кучга кирди.
Изоҳ қолдириш