Тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби

Тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби

Таълим кредитлари таълим ташкилотлари бакалавр ҳамда магистратуранинг кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган ёки қабул қилинган, шунингдек, ўқишини кўчирган Ўзбекистон фуқароси бўлган талабаларга берилади.

Бунда, кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки васийлари биргаликда кредит олувчи сифатида қатнашиши мумкин. Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади.

Таълим кредитини олиш учун Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган тижорат банкларига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • ариза;
  • тўлов-контракт шартномаси ва унга илова қилинадиган ҳисоб варақаси/фактураси (мавжуд бўлганда). Шартномада ўқишни тамомлашнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган бўлиши лозим;
  • таълим кредити қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжат. Бунда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилаларнинг фарзандларига ажратиладиган таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмайди;
  • “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилганлигини тасдиқловчи маълумотнома (“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар фарзандлари учун);
  • биргаликда кредит олувчига тегишли маълумот.

Ҳужжатлар 5 иш кунида кўриб чиқилади.

Таълим кредити шартномаси тўлов-контракт шартномасида кўрсатилган бир йиллик тўлов суммасига тенг миқдордаги суммага тузилади. Таълим кредити кредит олувчига Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида ажратилади. Бунда, Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасаяди, Марказий банкнинг асосий ставкаси оширилган тақдирда эса таълим кредити бўйича фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолади.

Мазкур тартиб:

- чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга;
- тижорат банклари томонидан Жамғарма маблағларидан ташқари бошқа манбалар ҳисобидан бериладиган таълим кредитларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Табақалаштирилган тўлов-контрактни ва унинг минимал миқдорига тенг бир марталик бошқа тўловларни амалга ошириш учун таълим кредити ажратилмайди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар