Маҳалла вакиллари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида COVID-19нинг Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий оқибатлари тўғрисидаги сўров натижалари сарҳисоб қилинди

Маҳалла вакиллари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида COVID-19нинг Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий оқибатлари тўғрисидаги сўров натижалари сарҳисоб қилинди

2020 йил 11 ноябрь куни «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» ҳамда «COVID-19 пандемиясининг Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий оқибатлари”: маҳалла вакиллари ва тадбиркорлик субъектлари орасида ўтказилган сўровнома тадқиқотлар натижаларини кўриб чиқиш мақсадида, шунингдек, буларнинг натижалари бўйича энг мақбул ҳаракатларни муҳокама қилиш учун рақамли видеоанжуман бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикасининг “Тараққиёт стратегияси” маркази, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ), Жаҳон банки, БМТТД ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигитомонидан ташкил этилди.

Тадбирда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов, Тараққиёт стратегияси марказининг ижрочи директори Элдор Туляков, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мамлакат менежери Марко Мантонавелли, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

COVID-19 пандемияси ва у билан боғлиқ карантинга нисбатан Ўзбекистондаги умуммиллий жавоб чораларини такомиллаштириш мақсадида БМТТД, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда оилалар учун ижтимоий-иқтисодий оқибатларнинг, шунингдек, кичик ва ўрта корхоналар учун ўрнатилган чекловларнинг таҳлилини амалга оширди.

Видеоанжуманнинг мақсади ушбу натижаларни қарор қабул қилувчи мансабдор шахсларга ва оммавий ахборот воситаларига тақдим этишдан, шунингдек, аниқланган маълумотлардан фойдаланиш бўйича келгуси қадамларни белгилаб олишдан иборат эди. Мазкур маълумотлар COVID-19 оқибатларини камайтиришга қаратилган келажакдаги сиёсий механизмлар ва қонунчилик ҳужжатлари учун асос бўлиб хизмат қилиши лозимлиги, шунингдек, улардан Ўзбекистоннинг пандемиядан сўнг келгуси тикланишида фойдаланиш кераклиги борасида таклифлар билдирилди.

Жаҳон банкининг маҳалла раислари ўртасида ўтказган сўровномаси методикаси ва вазифалари Жаҳон иқтисодиёти бўйича катта иқтисодчи, Марказий Осиёда камбағаллик ва тенглик дастурлари раҳбари Уильям Зайц томонидан тақдим этилди. Жаҳон банкининг маҳалла раислари ўртасида иқтисодий таъсир бўйича ўтказилган сўровининг асосий хулосаларини Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг бош илмий ходими Бахтишод Ҳамидов тақдим этди. Ривожланиш стратегияси маркази раҳбари Фурқат Юнусов маҳалла раислари ўртасида ижтимоий таъсир ўтказиш бўйича ўтказилган сўров натижаларини тақдим этди. БМТ Тараққиёт Дастурининг самарали бошқарув кластери раҳбари Камила Мухамедханова COVID-19 нинг ривожланиш ва аҳолининг заиф қатламларига таъсири бўйича маҳалла вакиллари ўртасида ўтказилган сўров натижалари тўғрисида тақдимот қилди. БМТ Тараққиёт Дастури маслаҳатчиси Юлий Юсупов инқирознинг дастлабки босқичида COVID-19 нинг кичик ва ўрта бизнесга таъсири ҳақида гапирди. Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни камайтириш вазирлиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Нурбек Йўлдошев камбағалликни камайтириш бўйича стратегик вазифалар ҳақида сўзлаб берди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг бўлим бошлиғи Уғилой Ўразова "темир дафтар" реестрига киритилган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирди. COVID-19 инқирозидан чиқишда бандлик муаммоларини ҳал қилиш Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг вакили томонидан тақдим этилди.

COVID-19 пандемиясининг уй хўжаликларига бўлган ижтимоий-иқтисодий таъсири бўйича тадқиқот 2020 йилнинг май-июнь ойларида амалга оширилди ва унинг давомида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги маҳалла раҳбарлари билан сўровномалар ўтказилди. Сўровномаларда 3670 респондентлар иштирок этди. Жумладан, маҳалла раислари (84,7%), уларнинг ўринбосарлари (12,8%) ва маҳалла фаоллари (2,5%), шулардан 62,9% қишлоқ маҳаллалари вакилларидир. Тадқиқот натижаларига кўра пандемия камбағал оилаларнинг кўпайишига, айниқса, шаҳар ҳудудларида, олиб келди.

Энг кўп зарар кўрганлар – кам таъминланган оилалар (48% респондентлар томондан қайд этилди, айниқса, Наманган ва Самарқандда), кўп болали оилалар (40% респондентлар томондан қайд этилди, айниқса, Тошкент вилоятида) ва қайтиб келган меҳнат муҳожирлари мавжуд оилалар (55% респондентлар томондан қайд этилди, айниқса, Жиззах ва Қашқадарёда). Ушбу салбий оқибатлар ичига асосан даромадларнинг пасайиши ва ишни йўқотиш киради, бунга тегишли равишда 74% ва 58% респондентлар ишора қилдилар.

Мазкур тадқиқот шуни кўрсатди-ки, озиқ-овқат тўпламларини тарқатиш каби аёллар ва кексалар учун кўпроқ зарур бўлган моддий ёрдам кўнгилли кўмак беришдан кўра муҳимроқ деб ҳисобланди.

Ижтимоий-иқтисодий оқибатларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ичига қуйидагилар киритилди:

- Хусусий секторни зарурий маҳсулотларни импорт қилиш ёки маҳаллий даражада ишлаб чиқаришга рағбатлантириш мақсадида иқтисодий ва ижтимоий сиёсат чораларини ўзгартириш;

- Маҳаллаларда кичик хусусий корхоналарни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали ёшлар ва хотин-қизларни оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишга рағбатлантириш;

- Зарурий ёрдамни олишда хотин-қизлар учун енгиллик яратиш, шунингдек, уларни ташвишлантирувчи масалалар тингланишини таъминлаш;

- COVID-19 касаллигидан даволанган одамлар томонидан хатар йўқлигини оммавий ахборот воситалари таъкидлаб туришини таъминлаш.

Бир вақтнинг ўзида ўтказилган сўровномада, бутун Ўзбекистон бўйлаб тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган 887та суҳбат асосида, COVID-19 пандемиясининг мамлакат даражасида кичик ва ўрта корхоналарга таъсири ўрганилди. Сўровнома давомида аниқланишича, туризм, меҳмонхона ва умумий овқатланиш соҳаларига мансуб кичик ва ўрта корхоналар ҳамда Сирдарё, Наманган, Навоий вилоятларида, Тошкент шаҳрида ва Қорақалпоғистонда жойлашган корхоналар энг кўп зарар кўрдилар, айни вақтда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликларидаги корхоналар энг кам талафот кўрдилар.

Пандемия даврида энг кўп қийинчиликларга учраган корхоналар қаторига иш жараёнларини кўчириш имконияти йўқлиги ёки интернетга уланиш имкони ёҳуд керакли ускуналар мавжуд эмаслиги сабабли масофавий ишлай олмаган корхоналар кирди.

Мазкур иккинчи тадқиқот бўйича ҳисоботда берилган тавсияга кўра, кичик ва ўрта корхоналарга кўрсатилаётган ёрдам ўз ичига корхоналарнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш, солиқ юкини камайтириш, кредит фоизларини пасайтириш учун институтциявий муҳитни яратиш орқали молиявий кўмакдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда масофавий ишга ўтишни қўллаб-қувватлаш каби чора-тадбирларни қамраб олиши лозим.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар