Марказий банк Бошқарувининг оралиқ йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб. Жорий йилнинг ўтган 8 ойида мамлакатимизда иқтисодий фаолликнинг жадаллашиши давом этиб, аксарият тармоқларда ўсиш кўрсаткичлари пандемиягача бўлган даражага етди.
Жорий йилнинг январь-июль ойларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,9 фоизга ўсиш кузатилган бўлса, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 6,1 фоизлик ўсиш қайд этилган. Ўз навбатида, кўрсатилган хизматлар ҳажми 2020 йилга нисбатан 20,5 фоизга ва 2019 йилга нисбатан 21,3 фоизга ошди.
Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари ўртасида август ойида ўтказиладиган сўровлар натижаларига кўра, иқтисодий фаоллик индекси 52,8ни ташкил этиб, июль ойи натижаларидан бироз юқори шаклланди. Бунда, индекс таркибида хизмат кўрсатиш соҳасида иқтисодий фаоллик кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланди.
Иқтисодиётда аҳоли истеъмол фаоллигининг ошиб бориши билан савдо ва пуллик хизматлар ҳажми ҳам ортиб бормоқда.
Январь-август ойларида тижорат банклари кассаларига савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар ҳажми 2019 йил ва 2020 йилларнинг мос даврига нисбатан 53 ва 39 фоизга ошди.
Шунингдек, кенг кўламда амалга оширилаётган фискал рағбатлантириш ва пул-кредит шароитларининг ўзгаришсиз сақланиб қолаётганлиги йил якунига қадар иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлади. Бунда, умумий фискал тақчилликнинг ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан юқорироқ кутилаётганлиги ҳамда 1 сентябрдан ижтимоий нафақа, пенсия ва иш ҳақиларнинг оширилиши иқтисодиётда истеъмол талабининг сезиларли ўсишига олиб келади.
Ташқи иқтисодий шароитлар. Жорий йилнинг ўтган даврида глабал иқтисодий шароитлар асосий озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархининг сезиларли қимматлашиши фонида инфляцион жараёнларнинг тезлашиши ҳамда бунга жавобан кўпчилик ривожланаётган мамлакатларда пул-кредит шароитларининг қатъийлаштирилиши кузатилди.
Халқаро валюта жамғармасининг июль ойида янгиланган прогнозларига кўра, 2021 йилда жаҳон иқтисодиётининг реал ўсиш прогнози 6,0 фоиз даражасида сақлаб қолинган бўлса ҳам, пандемия ва эмлаш билан боғлиқ вазият ҳисобига ривожланган давлатлар прогнозлари ижобий ва ривожланаётган давлатлар бўйича бироз салбий томонга қайта кўриб чиқилди.
Жаҳон хом-ашё бозорларида олтин нархи йил бошидан пасаювчи динамикага эга бўлиб, 4-5 фоизга арзонлашди. Мис нархи йил бошидан июнь ойига қадар маълум бир тебранувчанлик билан ўсувчи тенденцияни намойиш этган бўлса, сўнгги икки ойда нархларда пасайиш кузатилди.
2021 йилнинг январь-июль ойлари давомида экспорт ҳажми (олтинсиз) 6,7 млрд. долларга тенг бўлди ва 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоизга ошди. Ўз ўрнида, импорт ҳажми 13,4 млрд. долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19 фоизга ўсиб, 2019 йил даражасигача етди.
Мамлакатимизга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 8 ойда қарийб 4,9 млрд. долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига (3,6 млрд. доллар) нисбатан 35 фоизга, 2019 йилнинг мос даврига (3,9 млрд. доллар) нисбатан эса 26 фоизга ўсди ҳамда аҳолининг истеъмол ва инвестицион фаоллигини қўллаб-қувватловчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ушбу омиллар, ўз навбатида, ички валюта бозорида таклиф ҳажмининг барқарор бўлиши ва миллий валюта курси шаклланишида муҳим рол ўйнади. Йилнинг дастлабки 8 ойи давомида сўм алмашув курси 10449-10683 сўм/АҚШ доллари оралиғида тебраниб, йил бошидан 2 фоизга қадрсизланди.
Асосий савдо-ҳамкор давлатлар (Туркияни ҳисобга олмаганда) миллий валюталари алмашув курсларида ҳам йил бошидан буён кескин ўзгаришлар кузатилмади.
Инфляция ва инфляцион кутилмалар. 2021 йилнинг август ойи якунлари бўйича йиллик инфляция уч-тўрт ойдан буён деярли ўзгаришсиз қолиб 11,1 фоиз даражасида – базавий прогноз кўрсаткичларидан бироз юқори шаклланмоқда.
Август ойи якунлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг йиллик ўсиши 15,5 фоизни ташкил этиб, умумий инфляцияга энг асосий оширувчи ҳисса қўшди. Таъкидлаш жоизки, ёз ойларида мева ва сабзавотлар нархлари ҳамда ойлик инфляция кўрсаткичларида кутилганидек мавсумий пасайиш суръатлари кузатилмади.
Таркибий жиҳатдан барқарор компонентлардан ташкил топган ноозиқ-овқат ва хизматлар гуруҳлари нархларида август ойида йиллик ўсиш суръатлари мос равишда 8,1 ва 7,6 фоизни ташкил этиб, умумий инфляциянинг секинлашишига хизмат қилмоқда.
Мавсумий тебранувчан мева ва сабзавотлар, ёқилғи маҳсулотлари ва тартибга солинадиган товарлар нархлари (тарифлари) ўзгаришини истисно қилиш орқали ҳисобланадиган базавий инфляция даражаси август ойида умумий инфляция даражасидан пасайиб, йиллик 9,5 фоизни ташкил қилди.
Август ойида ўтказилган сўровларга кўра келгуси 12 ой учун аҳолининг инфляцион кутилмалари июль ойида кузатилгани каби 16,1 фоизни ташкил этди. Айни пайтда тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмаларида бироз ошиш кузатилиб, апрель ойидан бошлаб кузатилган пасайиш динамикаси ўсиш динамикасига ўзгарди.
Пул-кредит шароитлари. Жорий йилнинг II-III чоракларида иқтисодиётга йўналтирилаётган маблағлар ҳажмининг юқори суръатларда ўсиши таъсирида банк тизими умумий ликвидлигининг сезиларли ортиши кузатилган бўлиб, бунинг натижасида банклараро пул бозоридаги депозитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари апрель ойидаги 14,2 фоиздан июль ойида 8,7 фоизгача пасайди.
Марказий банк томонидан пул-кредит сиёсати операциялари бўйича амалга оширилган қатор ўзгаришлар ва тегишли операцион чоралар ҳисобига август ойида пул бозоридаги ўртача тортилган фоиз ставкалари 13,0 фоизга тенг бўлди ва Марказий банк фоиз коридори доирасида ва асосий ставкадан 1,0 фоизлик тафовут билан шаклланди.
Бунда, фоиз коридорининг кенгайтирилиши сабабли пул бозорида банклар фаоллигининг ошиши кузатилиб, август ойида жами 8,4 трлн. сўмлик ёки июль ойига нисбатан 47 фоизга кўп операциялар амалга оширилди. Овернайт депозит операциялари ҳажмининг ортиши пул бозоридаги фоиз ставкаларининг фоиз коридори доирасида ва асосий ставкага яқин даражада шаклланишига хизмат қилди.
Депозитлар бўйича ижобий реал фоиз ставкаларининг шаклланаётганлиги йилнинг ўтган 8 ойи давомида миллий валютадаги жами муддатли депозитларнинг 26,5 фоизга, шундан, жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли депозитларининг 45 фоизга ўсишига хизмат қилди.
Юқори иқтисодий фаоллик ва талаб ҳисобига кредитлар бўйича фоиз ставкаларида йил бошига нисбатан бироз ўсиш кузатилди. Бунда, жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари июль ойида 22,0 фоизни ташкил этган бўлса, юридик шахсларга ажратилган кредитлар бўйича – 21,2 фоизга тенг бўлди.
Иқтисодиётга кредит қўйилмалари қолдиғи йил бошига нисбатан 11,5 фоизга кўпайди. Шу жумладан, жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар қолдиғи 17,5 фоизга ўсиб, аҳоли истеъмол талабини рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
Йил якунлари бўйича кредит қўйилмалари ўсишининг номинал ЯИМ ҳажми ўсишига мутаносиб равишда 18-20 фоиз доирасида бўлиши кутилмоқда.
Прогноз ва хатарлар. Умумий инфляция даражаси ўзгаришсиз қолаётган бўлсада, базавий инфляциядаги пасайиш динамикаси ва амалдаги нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари йил сўнгигача инфляцияни 10 фоизлик прогнозига эришишда қўллаб-қувватловчи омиллар бўлади.
Базавий инфляция даражасининг келгусида янада барқарор пасайиши, энг аввало, ички истеъмол бозорида таклиф ҳажмларини кўпайтириш, ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш ва рақобат муҳитини яхшилаш борасида кўриладиган чоралар самарадорлигига боғлиқ бўлади.
Бундан ташқари, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари мувозанатлашган тақдирда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг сезилган инфляция ва инфляцион кутилмалари пасайиш динамикасига ўтиши кутилмоқда.
Ички валюта бозоридаги вазият, сўмнинг реал самарали алмашув курси динамикаси ва унга нисбатан фундаментал босимнинг кутилмаётганлиги келгуси ойларда истеъмол саватидаги импорт ва импортга боғлиқ бўлган товарлар нархларининг нисбатан барқарор шаклланишига ҳамда уларнинг ички нархларни барқарорлаштирувчи ролини ошишига хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш