Йиллик инфляция кўрсаткичлари йиллик прогноз доирасида шаклланиб бораётган бўлса-да, глобал ва ички иқтисодиётда бир қатор инфляцион хатарлар сақланиб қолаётганлиги ҳамда 2022 йил инфляция прогнозларига эришиш учун мутаносиб пул-кредит шароитларини яратиш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.
Инфляция ва инфляцион кутилмалар. 2021 йилнинг ноябрь ойида йиллик инфляция кўрсаткичи 10,3 фоизни ташкил этди. Бунда, юқори база эффекти ҳисобига инфляциянинг ёқилғи ва траспорт хизматларидан ташқари барча гуруҳларида йиллик ўсиш суръатлари ўтган ойларга нисбатан секинлашди.
Ноябрь ойи якунлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг йиллик ўсиши 13,4 фоизни ташкил этган бўлса, ноозиқ-овқат ва хизматлар гуруҳлариники мос равишда 7,9 ва 8,1 фоиз даражасида бўлди.
Мавсумий тебранувчан мева ва сабзавотлар, ёқилғи маҳсулотлари ва тартибга солинадиган товарлар нархлари (тарифлари) ўзгаришини истисно қилиш орқали ҳисобланадиган базавий инфляция даражаси 8,9 фоизгача пасайди. Бунда, базавий инфляциянинг умумий инфляцияга оширувчи ҳиссаси 6,8 фоизни ташкил этиб, 2018 йилдан бери энг паст кўрсаткични қайд этди.
Ноябрь ойида ўтказилган сўровларда келгуси 12 ой учун аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари мос равишда 16,5 фоиз ва 15,6 фоиз даражасида шаклланди. Бунда, респондентлар инфляцион кутилмаларнинг асосий омиллари сифатида ёқилғи маҳсулотлари ва транспорт харажатларининг қимматлашиши, пандемия билан боғлиқ ноаниқликларнинг ишлаб чиқариш ва маҳсулот етказиб беришга (импорт) таъсирини келтиришган.
Иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб. Жорий йилнинг 11 ойида қайд этилган иқтисодий фаоллик ва тармоқлардаги ижобий кўрсаткичларни ҳисобга олиб йил якунлари бўйича иқтисодий ўсиш суръати 6,5-7,2 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.
Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари ўртасида ноябрь ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, иқтисодий фаоллик индекси бироз мавсумий пасайиш тенденциясига эга бўлса-да, ижобий даражада шаклланиб, 53,4 ташкил этди (ўртача йиллик 52,9).
2021 йил иккинчи ярмидан бошлаб кенг кўламда амалга оширилаётган фискал рағбатлантиришлар ва пул-кредит сиёсатининг жорий шароитлари 2022 йилнинг биринчи ярмида ҳам истеъмол талаби ва инвестицион фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йилнинг иккинчи ярмидан иқтисодий ўсиш суръатлар ўзининг узоқ муддатли кўрсаткичларига, иқтисодиёт эса ўз салоҳиятли даражасига яқинлашади.
Кредитлаш фаоллигининг сақланиб қолиши натижасида январь-ноябрь ойларида иқтисодиётга ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоизга ўсган бўлса, кредитларнинг қайтувчанлик даражаси 14 фоиз бандга яхшиланиб, 72 фоизга етди.
Ташқи иқтисодий шароитлар. Йил бошидан бошлаб ташқи иқтисодий шароитлар асосий озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархининг сезиларли қимматлашиши фонида инфляцион жараёнларнинг тезлашиши ҳамда бунга жавобан кўпчилик ривожланаётган мамлакатларда пул-кредит шароитларининг қатъийлаштирилиши шароитида шаклланмоқда.
Шу билан биргаликда, дастлаб аксарият марказий банклар томонидан озиқ-овқат ва энергия ресурслари нархлари билан боғлиқ инфляцион жараёнлар вақтинчалик аҳамият касб этиши эътироф этилган бўлса, эндиликда инфляцион хатарларнинг узоқроқ муддат сақланиб қолиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Январь-ноябрь ойлари давомида сўм алмашув курси 10449-10787 сўм/АҚШ доллари оралиғида тебранди. Бунда, ноябрь ойида ташқи шароитлар ўзгаришига жавобан сўм алмашув курси девальвация суръатлари бироз тезлашди ва йил бошидан 3 фоизга қадрсизланди.
Мамлакатимизга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 11 ойда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоизга ўсиб, 7,3 млрд. долларга етди ва аҳолининг истеъмол талабини қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлмоқда.
Пул-кредит шароитлари. Банклараро пул бозоридаги вазият нисбатан қатъий пул-кредит шароитларига мос тарзда шаклланмоқда. Бунда, қисқа муддатли ресурслар сегментида ўртача фоиз ставкалар ноябрь ойи якунлари бўйича 13 фоизни ташкил этиб, инфляцияга нисбатан 2,4 фоизлик реал ижобий даражада бўлди.
Банкларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари октябрь ойида бироз пасаювчи динамика ҳосил қилиб, жисмоний шахслар учун 19,6 фоиз, юридик шахслар учун 15,1 фоиз даражасида шаклланиб, мос равишда 8,1 фоиз ва 4,1 фоизлик реал ижобий ставкалар қайд этилди.
Бу ўз навбатида, январь-ноябрь ойларида миллий валютадаги жами муддатли депозитлар ҳажмининг 42 фоизга, шундан, аҳоли депозитлари ҳажмининг 63,3 фоизга ўсишига хизмат қилди.
Кредитлар бўйича фоиз ставкалар динамикасида сезиларли ўзгаришлар кузатилмаяпти. Бунда, жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари октябрь ойида 21,5 фоизни ташкил этган бўлса, юридик шахсларга ажратилган кредитлар бўйича – 21 фоизга тенг бўлди.
Инфляцион хатарлар. Инфляция суръатларининг жорий пасаювчи динамикаси йил сўнгигача 10 фоизлик инфляцион мақсадга эришиш бўйича ишончни ошираётган бўлса, келгуси йилдан фискал жиҳатдан консолидациянинг бошланиши, пул-кредит шароитларининг нисбатан қатъий даражада сақланиб қолаётганлиги ва нархларга таъсир этувчи номонетар омилларни пасайтириш бўйича кўриладиган чоралар 2022 йилда 9 фоизлик инфляцион прогнозга эришишнинг асосий омилларидан ҳисобланади.
Айни пайтда, жаҳонда кузатилаётган глобал инфляция фонида асосий озиқ-овқатлар ва импорт товарлари нархлари ўсишининг ички бозордаги маҳсулотларга ўтказма таъсирларини юмшатиш бўйича чораларни давом эттириш муҳим ҳисобланади.
Ёқилғи-энергия маҳсулотлари нархларининг охирги уч ойда сезиларли ўсганлиги транспорт, йўловчи ташиш, етказиб бериш ва логистика хизматлари нархларининг ҳам ошишига олиб келди. Бу, ўз навбатида, аҳолининг инфляцион кутилмалари учун ҳам асосий оширувчи аҳамият касб этмоқда. Келгусида инфляцион хатарларни пасайтириш масаласи, биринчи навбатда, ушбу маҳсулотлар нархлари ошишини олдини олиш вазифасини кун тартибига чиқармоқда.
Бундан ташқари, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини мувозанатлаштириш, ушбу товарлар гуруҳидаги мавсумийлик даражасини пасайтириш ва маҳсулотлар таклифини ошириш масалаларининг тизимли тарзда ҳал этилиши нархлар барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли харид қобилиятини яхшилашнинг муҳим омили саналади.
Ички валюта бозоридаги вазият, сўмнинг реал самарали алмашув курси динамикаси ва унга нисбатан юқори босимнинг мавжуд эмаслиги, Марказий банкнинг миллий валюта алмашув курси кескин тебранишларини олдини олиш бўйича етарли имкониятларга эга эканлиги келгуси ойларда юқори девальвацион кутилмаларга асос мавжуд эмаслигини англатади.
Марказий банк ташқи ва ички иқтисодий шароитлар таъсирида юзага келадиган инфляцион омиллар ва хатарларни таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриб боради.
Изоҳ қолдириш