Марказий банк: Инфляция даражаси 9 фоиздан кам бўлиши кутилмоқда

Марказий банк: Инфляция даражаси 9 фоиздан кам бўлиши кутилмоқда

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилнинг якунига қадар йиллик инфляция прогнози 8-9 фоиз даражада шаклланиши кутилмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан камроқ (10%). Марказий банкнинг Пул-кредит сиёсати шарҳига кўра, инфляцияни прогноз траекториясидан юқорига оғишига сабаб бўлувчи хатарлар ва ноаниқликлар мавжуд.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йил якуни бўйича инфляция даражасининг 8-9 фоиз доирасида шаклланиши мумкин.

2022 йил якунига қадар иқтисодиётда сақланиб қолаётган “нисбатан қатъий” пул-кредит сиёсати, кредит қўйилмалари қолдиғи ўсишининг номинал ЯИМ ҳажми ўсишига мутаносиб бўлиши, умумий фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбатан 3 фоизгача камайтириш бўйича амалга ошириладиган чоралар натижаси, шунингдек, истеъмол бозорида рақобат шароитларининг яхшиланиши ҳамда ҳукумат томонидан инфляциянинг номонетар омилларини камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар йиллик инфляция кўрсаткичини прогноз доирасида бўлишига хизмат қилади.

Шу ўринда, инфляцияни прогноз траекториясидан юқорига оғишига сабаб бўлувчи хатарлар ва ноаниқликлар мавжуд бўлиб, истеъмол товарлари нархларига оширувчи босим жорий йилда ҳам
сақланиб қолади.

Ушбу хатарлар асосан ташқи конъюнктурага боғлиқ бўлиб, уларнинг ўзгариши ички нархларнинг маълум даражада тебранишига сабаб бўлиши мумкин.

Бунда, ялпи талаб ва таклифнинг шаклланиши кўлами ҳамда инфляцияга таъсири, омикрон штаммининг тарқалиши, шунингдек, пандемиянинг кейинги эволюцияси каби хавотирлар мавжуд ноаниқликларни кучайтирмоқда.

Бироқ, кенг кўламли вакциналаш, шунингдек бустер доза олишнинг жадаллашиши карантин чораларининг кучайтирилишини олдини олишга хизмат қилса, ҳамкор давлатларда трансчегаравий юк ташишларнинг маълум муддатга секинлашиши айрим товарлар нархларининг қимматлашиб боришига олиб келиши мумкин.

2021 йилда бозорларни тартибга солиш чоралари, экспорт квоталари ва божлари, сотиш нархларининг олдиндан белгиланиши, шунингдек Хитойда таъминот занжирининг узилиши нархлар шаклланишида муҳим аҳамият касб этганини инобатга олиб, ишлаб чиқарувчилар ва хомашё нархларининг ошиши ва юк ташишнинг юқори ставкалари 2022 йилда ҳам инфляцияни оширирувчи таъсирларидан бўлиши мумкин.

2020 йилнинг иккинчи ярми ҳамда 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Хитой томонидан асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган юқори талаб жаҳон бозоридаги талаб ва таклиф мувозанатини издан чиқарганини инобатга олсак, 2022 йилда Хитой бозорида талабнинг тикланиб бориши билан озиқ-овқат маҳсулотлари нархларига яна оширувчи босим юзага келиши мумкин.

Шунингдек, 2021 йил якуни бўйича асосий ҳамкор давлатларда инфляция кўрсаткичининг юқори даражада шакллангани, шунингдек, ушбу ҳолатлар 2022 йилда ҳам давом этиши бўйича кутилмалар ички нархларга оширувчи (импорт инфляцияси орқали) босимни сақлаб қолиш бўйича хавотирларни кучайтирмоқда.

Халқаро таҳлилчиларнинг таҳлилларига кўра, яқин истиқболда ташқи инфляцион босимларнинг нисбатан камайиши кузатилади. Бу эса, маҳаллий истеъмол товарлар нархларига ташқи омилларнинг оширувчи таъсирларнинг барқарорлашишига хизмат қилади.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар