Меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлар учун яна бир қулайлик яратилди

Меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлар учун яна бир қулайлик яратилди

Сўнгги йилларда туризм соҳасини ривожлантиришга давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Туризм соҳасини иқтисодиётнинг локомотивига айлантириш мақсад қилинган.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси (ДУК) ҳам соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшиш йўлида қатор ишларни амалга оширмоқда.

Сертификатлаштириш жараёнини соддалаштириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, соҳадаги янги давлат стандартларини ишлаб чиқиш, мавжудларини такомиллаштириш, ахборот технологияларини жорий қилиш, тадбиркорлик субъектлари учун хорижий экспертлар иштирокида семинар ва тренинглар ташкил қилиш шулар жумласидандир.

Амалга оширилган лойиҳалардан яна бири - меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи ташкилотларга янги ишга кирган, соҳада тажрибага эга бўлмаган ходимларнинг касб малакасини шакллантиришга йўналтирилган мобил илова.

Мобил иловада жойлаштириш воситалари (масалан, меҳмонхоналар)га ташриф буюрувчи сайёҳлар билан бевосита мулоқотга киришувчи касблар ўрин олган, булар - кутиб олиш ва жойлаштириш хизaмати, хоналарни тозалаш хизмати, консьерж, швейцар, официант, қўриқлаш хизмати, бармен.

Янги мобил илова ўзбек ва рус тилларида, матн ва аудио шаклида, андроид платформасида ишлаб чиқилган. Фойдаланувчилар касблари ҳақида нафақат ўқиб, балки тинглаган ҳолда ҳам билим ва кўникмаларга эга бўлишлари мумкин.

Мазкур мобил иловадан фойдаланишни истаганлар уни “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК веб-сайтидан (tourquality.uz) юклаб олиши мумкин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар