Мирзаобод туманида 100 миллион долларлик Гужарат саноат зонасини ташкил этилади

Мирзаобод туманида 100 миллион долларлик Гужарат саноат зонасини ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев 1 март куни Сирдарё вилоятининг инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Давлатимиз раҳбари Мирзаобод туманида Гужарат саноат зонасини ташкил этиш лойиҳасига алоҳида аҳамият қаратди. Олий даражадаги келишувлар натижаси бўлган ушбу мажмуада иқтисодиёт талаб этаётган муҳим лойиҳалар жойлаштирилмоқда. Хусусан, у ерда томчилатиб суғориш ва иссиқхона жиҳозлари, қишлоқ хўжалиги техникаси агрегатлари ва минитехникалар, пластмасса буюмлар, трикотаж, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 8 та корхона бўлади. Уларда 1 минг 600 дан зиёд киши ишлайди. Йилига 25 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади.

Бугунги кунда мазкур саноат зонаси учун 40 гектар ер ажратилган. Уни ташкил этишга 100 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилиши белгиланган. Корхоналар 2021-2023 йилларда бирин-кетиш ишга туширилади.

Президент лойиҳалар ижросида сифат ва муддатга алоҳида эътибор қаратиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш юзасидан кўрсатмалар берди. Сирдарё вилоятининг Тошкент шаҳрига яқинлиги, темир йўл инфратузилмасидан фойдаланиб, логистикани ривожлантириш, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Тақдимотда, шунингдек, аҳолини камбағалликдан чиқариш, ёшлар ва аёллар бандлигини ошириш борасидаги ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Сирдарё вилоятида 2,4 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар