Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд оилаларга Президент совғалари топширилди

Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд оилаларга Президент совғалари топширилди

Жумладан, Президент виртуал қабулхонасига моддий ёрдам масаласида арз қилган, оғир ижтимоий аҳволдаги қарийб 170 нафар мурожаатчига ишлаб даромад топиши учун Президент Халқ қабулхонаси ҳисобидан қисқа муддатда тикув машиналари олиб берилди. Муборак Рамазон ойида Президент совғаси сифатида туҳфа этилган бу иш анжомлари оилаларнинг рўзғорини бутлаши учун яна бир янги имконият бўлди. Ўз тикув машинасига эга бўлган аёллар энди ишлаб чиқариш ва оилавий корхоналарда кооперация асосида иш бошлади.

Тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиш, уларга тезкор ва самарали ечим топиш мақсадида Президент Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигидаги гуруҳ туманларда ўрганишлар олиб борди.

Хусусан, Шовотнинг “Шовот” маҳалласидаги ҳунарманд Садоқат Матпанаева корхонаси фаолияти ўрганилди. Ҳозирги кунда корхона 10 турдаги қуроқлар тайёрлаб, Қозоғистонга экспорт қиляпти. Буюртмалари кундан кун ошаётган Садоқат Матпанаева ҳам бугун яна 6 нафар қуроқчини ишга қабул қилди. Умуман, Президент Халқ қабулхонаси ҳисобидан бир ойда Шовотда 60 нафардан зиёд ишсиз аёлларга тикув машиналари олиб берилиб, улар бандлигини таъминлаш учун ўндан ортиқ маҳаллада кооперациялар ишга туширилди.

Худди шундай Ҳазораспдаги “Hazorasp Diomond” корхонасига Президент Халқ қабулхонаси тавсияси билан бириктирилган 20 нафар тикувчи Россияга экспорт қилиш учун кийим-кечаклар тайёрлашга киришган бўлса, яна 30 нафар тикувчи “Ҳазорасп нурли замин” оилавий корхонасида кўрпа, ёстиқ, келинлар учун сарполар ишлаб чиқаришга ҳисса қўша бошлади.

Бундан ташқари, Президент Халқ қабулхонаси ҳисобидан бир қатор ёшларга мотокультиваторлар ва бошқа иш анжомлари олиб берилди. Дейлик, шовотлик 2-гуруҳ ногирони Бекпўлат Эшжоновга ҳам этикдўзлик ускуналари совға қилингач, натижа уч кундаёқ билинди. У ўз кичик тадбиркорлиги бошлади.

Шунингдек, бу жараёнда оғир хасталикка чалинган 39 нафар мурожаатчининг дори-дармон ва даволаниш харажатлари қопланган бўлса, шовотлик Муқаддас Сотимова каби ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор 33 нафар талабанинг контракт тўлови тўлаб берилди.

Бир сўз билан айтганда, Президент Халқ қабулхонасининг Ҳазорасп ва Шовот туманларидаги фаолияти давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож 274 нафар мурожаатчининг энг бирламчи ҳаётий муаммолари ҳал қилинди, шундан қарийб 170 нафар мурожаатчи доимий иш билан таъминланди.

Халқ билан мулоқотнинг мазкур янги ҳаётий механизми энди Янгибозор ва Тупроққалъа туманларида амалга оширилади.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар